Минбар 420 07.07.2019 02:55:01

Автомобилдан воз кечиш орзуси ёки “қора ўлим”дан глобал исишгача

Автомобилдан воз кечиш орзуси ёки “қора ўлим”дан глобал исишгача

"Глобал исишга ҳисса қўшмоқчимисан?"

Автомобил харид қилишим кераклиги ҳақида эшитган дўстим кутилмаганда ана шу саволни берди. Саволомуз нигоҳини бир оз тикиб туриб, машина керак бўлса, электромобил олишим кераклигини таъкидлади. Мен эса Hyundai қачон Қўқонда электрда ҳаракатланадиган автомобил ишлаб чиқаришини ўйлаб қолдим.

Hyundai электрокарлари Жанубий Кореяда янгилик эмас, тез-тез учратамиз. Уларга қатор имтиёзлар берилган, айрим солиқлардан озод қилинган. Чунки улар табиат учун безиён. Дўстимнинг сўзлари менга қаршимизда турган муқаррар ҳалокатни эслатиб юборди.

Йил сайин янгиланаётган ташвишли рекорд ...

2019 йилнинг июнь ойи сайёрамиз тарихида кузатилган энг иссиқ ой деб топилди. Бу тўғрида Европа Иттифоқининг Сунъий йўлдош агентлиги хабар бермоқда.

Коперник иқлим ўзгариши хизматининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг июнида халқаро миқёсда кузатилган ўртача иссиқлик даражаси Ер тарихида қайд этилган энг юқори кўрсаткич деб топилди.

Мисол учун, Европада мазкур ойдаги иссиқлик даражаси нормал ҳолатдан 2⁰ С даража юқори бўлган. Бироқ Франция, Испания ва Германиядаги аҳвол бир оз танг. Бу давлатларда ўтган ойда нормал ҳолатдан 6⁰-10⁰ C даража юқори иссиқлик кузатилган.

Бунга қадар сайёрамиздаги энг иссиқ давр 2016 йилнинг июнида қайд этилган. Янги кўрсаткич аввалгисидан 0.1⁰ C даража юқори.

france-parasol.jpg

Экспертларнинг фикрича, иссиқлик даражасининг кўтарилиб бораётгани инсон омили сабаб рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Шунинг натижасида, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари иссиқ ҳаво оқимидан жабр кўрмоқда. Мисол учун, июнда Францияда кузатилган 45.9⁰ C даражадаги иссиқлик кўпчиликнинг хавотирига сабаб бўлди.

Олимлар бир неча ўн йиллардан буён фабрика ва заводлардан, автомобиллардан ҳавога кўтарилаётган ис газининг келажакда иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг ошишига сабабчи бўлишини таъкидлаб келадилар. Афсуски, шу вақтга қадар ҳукуматлар бу масалага жиддий эътибор қаратишмаган.

Иқлим ўзгариши қуёш, Ер, уммонлар, табиат ўзаро муштарак бўлган тизимдир. Ернинг тобора исиши ёмғирларнинг кўпайиши оқибатида тўфонларни келтириб чиқармоқда. Антарктика музликларининг эриши оқибати океанлардаги сув сатҳи кўтарилиб, орол ва қирғоқ давлатлари сув остида қолмоқда.

Бундан ҳам ташвишли ҳолат бор, бу -- ёзнинг тобора жиддий хавф солаётган жазирамаси, яъни глобал исиш. Ер атмосферасида ўртача ҳароратнинг аста-секин ўсиб бориши кўпчилик олимларни ташвишга солмоқда. Глобал иқлим ўзгариши боис ҳайвон ва ўсимлик олами қирилиб, касалликлар авж олмоқда, аҳоли даромади пасайиб, давлатлар иқтисоди зарар кўрмоқда.

Тўхтанг, бошидан бошлаймиз ...

Ер атмосфераси мисоли иссиқхонага ўхшайди: кўринмас улкан қобиқ орқали қуёш нури ерга кириб келади ва сайёрамиз исийди. Мана шу тизим ишдан чиқса, Ер совиб кетади. Глобал исиш эса бу иссиқхонадаги ҳароратни оширмоқда. Гап шундаки, қуёшдан Ерга келадиган қувват (иссиқлик) фазода тарқалмаяпти ва атмосферада қолиб кетяпти.

Табиат бу гал ўзини ўзи даволай олмайди, чунки ...

Бундан тахминан 1500 йиллар илгари Ер сайёрасида содир бўлган глобал совиш даври катта йўқотишларга сабаб бўлган. Икки йирик вулқоннинг кетма-кет отилиши натижасида атмосферага йирик миқдорда қора қурум кўтарилади ва атмосферани қуёш нурларидан тўсиб қўяди. Ҳарорат пасайиб, ўсимликлар қурийди ва одамлар очликдан ҳалок бўлади. Ўша йиллари жаҳон тарихида "Қора ўлим даври" номи билан кирган. Қора қурум вақт ўтгани сайин самодан ерга тушгач, қуёш яна ерни иситиш имконига эга бўлади, ҳаёт изига тушади.

Бугун эса инсоният олдида юқоридаги ҳолатга қарама-қарши муаммо кўндаланг турибди. Ер иссиқхонасида қолиб кетаёган ҳаво ҳарорати ҳар қачонгидан ҳам жадал кўтарилмоқда. Бу галги табиий ҳодисанинг бош сабабчиси инсон ва уни даволашга табиатнинг қурби етмайди.

cambio-climatico-acciona.jpg

Глобал иқлим тизимидаги элементлар ўзаро боғланган. Ортиқча иссиқлик қуввати барча элементларга бирдек таъсир қилади. Мисол учун, Ернинг асосий қисми уммонлар билан ўралган. Уммонларнинг исиши ортиқча сувнинг буғланишига олиб келади. Бу эса ёғингарчилик ва бўронларга олиб келади. Ўз навбатида чўл ҳудудларида жойлашган, денгиз ва уммонлардан узоқда жойлашган ҳудуларда қурғоқчилик кузатилади. Қутб муз қопқоғидан тортиб, тоғлар ва Антарктикадаги улкан муз пўстлоғининг эриши денгизларнинг сатҳини кўтариб юбормоқда.

Қурум яна кўтарилмоқда, бу гал бизнинг хатомиз туфайли ...

Бир гуруҳ олимларнинг сўзаларига кўра, углеродли газлардан самога кўтарилаётган зарралар – "углерод қуруми" қуйи атмосферани қопламоқда ва бу иқлим ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Инсоният туфайли содир бўлаётган иқлим ўзгариши жараёнининг ибтидоси XVIII аср охири, XIX асрнинг бошига, яъни кўмирдан илк маротаба оммавий фойдаланилиши билан боғланади. Айни шу пайтдан "углерод қуруми" ердаги ҳарорат алмашинувига таъсир ўтказа бошлаган. Ундан кейин нефтнинг, табиий газнинг ўзлаштирилиши, кимё саноати, фабрика ва заводлар вазиятни янада таранглаштирди.

Сўнгги 3 минг йилликда кузатилган ҳарорат даражаси ўрганилганида, сайёрамизда саноат давридан сўнг иссиқлик даражаси 4⁰ C даражага кўтарилгани маълум бўлди.

Бундай газлар асосан қазилма ёқилғилардан, яъни автомобиллардан тарқалади. Илм-фанда булар "иссиқхона газлари" дейилади. Самода тўпланиб қолаётган бундай зарралар юқорида бошқа бир гумбазсимон иссиқхонани ташкил қилиб, қуёшнинг нурини атмосферада тарқалиб, ҳавонинг мўътадиллашувига тўсқинлик қиляпти.

Иқлим ўзгаришини тўхтатишнинг имкони йўқ. Ҳозирча унинг таъсирини камайтириш мумкин.

Ҳар бир дадвлатда ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишни камайтириш, босқичма-босқич экологик хавфсиз муқобилларига ўтиш, ўрмонларни кўпайтириш бўйича узоқ муддатли лойиҳаларнинг татбиқ қилиниши мақсадга мувофиқ.

Анъанавий автомобилдан воз кечиш лозим ...

Ўзбекистонда Hyundai электрокарларини ишлаб чиқарадиган завод фаолиятини тезроқ йўлга қўйиш керак. Ўзбекистон ёқилғида юрадиган автомобил ишлаб чиқаришдан тўлиқ воз кечадиган илк автомобилсоз давлат бўлса ҳам ажаб эмас. Ахир шаҳар ва қишлоқларимизда юрган миллионлаб транспорт воситаси келажак авлоднинг заволига сабабчи бўладиган таҳликага сабабчи бўлмоқда.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги мухбири.



Мавзуга оид