Минбар 556 06.07.2019 11:18:38

Пранклар васвасаси. Аслида кимни жазолаш керак?

Пранклар васвасаси. Аслида кимни жазолаш керак?

Сўнги вақтларда ўзларини пранкер ҳисоблайдиган айрим вояга етмаган шахслар бир-биридан хунук ва қалтис ҳаракатлар қилиб, аҳоли ўртасида саросимани келтириб чиқаришга уринишмоқда: бирови метрони портлатишга уринди, бошқаси эса ўзини ёқиб, дарёга сакраган бўлса, куни кеча самарқандлик ёшлар трамвайга “ҳужум” уюштиришди.

Эътибор берган бўлсангиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида “шухрат” қозонган ҳар уччала беманилик ҳам ёшларнинг интернет тармоқларидаги мухлисларини кўпайтиришга уриниши эканлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан берилган маълумотларга кўра, барча ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жазо чоралари қўлланилди.

Нима бўлганда ҳам “пранкчилар” ўз мақсадларига эришдилар: ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари ва ҳатто телевидения орқали фақат улар ҳақида сўз юритишди. Аслида уларга шу керак эди. Лекин масаланинг бошқа жиҳати бор. Нима учун ёшлар ўртасида бу каби сохта обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бунга қарши ким ва қандай курашиши лозим, бунинг учун аслида кимни жазолаш керак?!

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун, албатта, уларнинг ота-оналари ҳам жавобгарликка тортилишлари лозим. Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда фарзанди тарбияси учун масъулият сезмаган ота-оналарга нисбатан белгиланган жазо айтарлик даражада катта эмас.

Ёшлар келажагимиз эканлигини назарда тутиб, бугунги глобаллашув жараёнида уларнинг тарбиясига масъулият ҳиссини янада ошириш мақсадида вояга етмаган болаларнинг тарбиясига бефарқ бўлган ота-оналарга нисбатан жазони оғирлаштириш вақти етиб келди, деб ўйлаймиз.

Шу ўринда, жиноят содир этган ёшларни кафилликка олиб, уларга енгил жазо тайинланиши ёки мутлақо жазодан озод этилишига ҳисса қўшаётган Ёшлар иттифоқи бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кўрса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Хуршид Далиев


Мавзуга оид