Минбар 545 04.07.2019 09:08:18

Китоб ўқиганга машина. Ёзганга-чи?!

Китоб ўқиганга машина. Ёзганга-чи?!

Хабарингиз бор, сўнгги уч йилда Президентимиз ташаббуси билан китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Ёш китобхон”, “Китобхон оила” каби танловлар ташкил этилди. Шу каби танловларда муносиб иштирок этган ва ғолиб бўлганларга автомашина совға қилинмоқда. Бу яхши, эзгу иш. Мақсад хайрли. Аммо...

Танганинг икки томони бўлганидек, мазкур масаланинг бошқа оғриқли томони ҳам бор-ки, у ҳам бўлса, китоб ўқиганга моддий манфаат яхшигина-ю, китоб ёзган шўрлик ёзувчига эса...

Бош муҳаррирдан ёзувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш масаласида бирор мақола тайёрлаш баҳонасида мазкур масала юзасидан ўзим яқиндан танийдиган ижодкорлар билан суҳбатлашдим. Шу суҳбатлар асносида ёзувчи-шоирлар яратиқларига эътибор у қадар яхши эмаслигига амин бўлдим.

Сўз исботи билан деганларидек, баъзи далилларга тўхталсак.

Жорий йил бошида бухоролик ёзувчи Нортўхта Қилич домла “Шарқ” НМАКда чоп этилган “Икки олам аро” номли қисса ва ҳикоялари тўплами учун арзимас қалам ҳақи олган.

Нортўхта домланинг айтишига қараганда, шу ҳажмдаги китоб учун бундан 30-40 йиллар муқаддам 27 минг сўм қалам ҳақи олган экан. Ушбу пулга ўша даврда янги мойи артилмаган 3 та автомобиль бераркан.

Хўш, бугун-чи? Йиллаб меҳр берган китобга бир ўқитувчининг ойлигича ҳам гонарар тўланмаётгани адолатданмикан? Балки айнан муаллифликка тўланадиган қалам ҳақи камлиги боис ҳам ўша даврда ёзилган залворли, юки оғир асарларга ўхшаш ижод намуналари жуда камдир. Борлари ҳам ёзилган китобни қайси нашриётда арзонроқ чоп этишни, сарланаётган харажатга дастмоя тўпланишини кутиб ётгандир.

Ўша даврни бошдан кечирган ёзувчиларнинг эслашича, олдинлари китоблар нархи 5 тийиндан бошланиб, қатор-қатор атлас, энциклопедиялар сўмда сотилар эди. Китобхон қийналмай китоб оларди. Ёзувчи ҳам ҳар ишга андармон бўлмай, китоб ёзарди. Китоб ҳам шунга яраша бўларди. Бу энди фақат тарих.

Ҳа, юқоридаги мулоҳазаларда жон бор. Бугун саноқли адибларимиз китоб ёзиб, оз бўлса-да қалам ҳақи олишга муваффақ бўляпти. Ёш авлод вакиллари ўз маблағи эвазига “тишининг ковагида” йиғиб орттира олсагина китоб нашр эттиряпти.

Фикримни асослайдиган бўлсам, Шукур Жабборнинг “Шум бола ёхуд Қоравойнинг янги саргузаштлари” номли қиссаси 2013 йилда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси муҳокамасидан ўтган. Таниқли адиблар сўз боши ва фикрлар ёзган. Аммо, китобни чоп эттиришга ёзувчининг имконияти бўлмади. Оқибатда хусусий нашриёт кўмагида 2018 йилда чоп этилди. Қалам ҳақи ўзаро келишув асосида, китоб таннархига қўшиш эвазидан келиб чиқди.

Шукур Жаббор домланинг айтишича, шу кунга қадар чоп этилган китоблари турли грантлар эвазига бўлган. Уларга ҳеч қандай гонарар олмаган. Бу биринчи қалам ҳақи. Ҳозирда Шукур Жаббор домланинг чоп этилишини кутаётган яна 4 китоби бор. Камига Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишлаб, тарихий роман ҳам бошлаб қўйган.

Ёзувчининг иши қалам тебратиб, ўзбек адабиётини маънавий хазина билан бойитишдан иборат, деб ўзини хурсанд этади. Аммо рўзғор аравасини тортаётганда, шунчалик машаққатли касб ҳам танлайдими киши, деб қўяди адиб.

Шукур Жаббор домла ҳам ўрта авлод вакили десак, ундан кейин кириб келган ва мен танийдиган, муҳими китоб нашр қилдирган Эргаш Боборажабов, Зохиджон Олов ва Шухрат Сатторов каби тенгқурларимизнинг барчаси китобларини ўз ҳисобидан чоп эттирган экан.

Китобни реализация қилиш ҳам жуда қийин кечгани бизга маълум. Бозор иқтисодиётининг энг оғир тошлари китобга тушгандек, гўё.

Аслини олганда, бугун китобхонга автомашина миндираётган асарларнинг аксари XX аср ва унгача бўлган адиблар меҳнати маҳсулидир. Ана ўша китоблар ўз вақтида ёзган қаламкашга ҳам автомашинадан-да қимматроқ совғалар ҳадя эта олган. Шундай экан, бугун биз ёзувчи меҳнатини ҳам муносиб баҳолай олсаккина, келгуси авлод давримизда адабиёт гуллаб-яшнаганининг амалий ифодасидан баҳра олиши мумкин.

Мақолани тугатиш арафасида болалигимда онам айтиб берган, кўпчилигимиз эшитган ривоят ёдимга тушди. Фирдавсийга “Шоҳнома” ёзишни буюртма қилган подшо буюк асар тайёр бўлганда хизмат ҳақига кумуш танга беради. Адиб эса у ҳақни бева-бечораларга ҳадя қилиб юборади. Йиллар ўтиб, кутубхонадан ушбу шоҳ асарни топиб ўқиган малика унга юқори баҳо бериб, қиммати учун қирқ туяга юк бўлувчи олтину жавоҳирлар тортиқ қилади. Қиссадан ҳисса шуки, ҳар ким ўз меҳнатига яраша ҳақ олсагина маънавиятда маърифатда биз кутгандек юксалиш рўй беради. Бўлмаса, буюк адиб айтганидек, бор истеъдодимизни ўтин ёришга сарфлаб юраверамиз.

Эргаш Қурбоши


Китоб ёзувчи