Минбар 1783 11.04.2019 11:29:04

Блогер мурожаати: "Фақатгина Тошкент эмас, Ўзбекистоннинг чор тарафида ҳам шундай кўзбўямачилик"

Блогер мурожаати: "Фақатгина Тошкент эмас, Ўзбекистоннинг чор тарафида ҳам шундай кўзбўямачилик"

Қиммат, сифатсиз ва қониқарсиз уйлар билан алданаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож қашшоқ халқ номидан.

Жаноб Президент! Бу мурожаатномани ёзишдан аввал кўп ўйландим. Барча ўй-фикрларимни тарозига солиб, ёзмасам ва шахсан ўзингизга мурожаат қилмасам бўлмайди, деган қарорга келдим.

Кеча ижтимоий тармоқларда Сергели туманидан уй-жой билан таъминланган камбағал халқнинг норозилик акцияси, изтироб, аламга тўла видеоси тарқалди. Шахсан ўзимга ёрдам керак эмас ва арзон уй жойларга муҳтожлигим йўқ. Аммо сарсон бўлаётган халқни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Аминманки, бир мен эмас, алданган, азобланаётган юраклар фарёди қалби тош бўлмаган бирорта юртдошимизни бефарқ қолдирмайди. Уларга мурожаат қилиб чиққан ва оломонни оғзини ёпишга уринган амалдорларнинг видеосини ҳам кўрдим. Нима эмиш "Ҳолатни ўрганиб чиқадиган комиссия тузилади, аммо ўша уйларни нархини пасайтириб бўлмайди! Халқ буни реал қабул қилиши керак эмиш!" Чунки қурилиш моллари тан нархи ошгани учун уй нархлари ҳам кўтарилганмиш!

Жаноб Президент! Авваламбор бир саволга жавоб беришга уриниб кўрайлик.

Яъни, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун қурилган ва қурилаётган арзон, сифатли, наъмунали деб кўкларга кўтарилиб мақталаётган уй-жойлар хақиқатдан шундай мақтовларга лойиқми?

2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни халқимиз хурсандчилик билан кутиб олган эди. Аммо, кўп вақт ўтмасдан бу уйларнинг нархлари кескин оширилди.

Нега?
 
Бу уйларнинг фундаменти мармар, ғиштлари тилладанми? Балки ромлари гавҳардандир?! Шундай бўлмаса, бир йил ичида нархлар космик тарзда юксалмасди!

Ёлғончи, фирибгар, юлғунчи амалдорларимизга ҳақиқатни тушунтириш, ёғ босган кўзларини очиш ниҳоятда азоб. Ҳар бир нарсани ўз қаричи билан ўлчайдиган, ўз ҳақиқатидан бошқасини тан олишни истамайдиган ўзбошимча мансабпарастлар халқнинг дарди билан яшамаслигига кўп бора амин бўлганим учун тўғридан-тўғри ўзингизга мурожаат қилишга қарор қилдим.

Жорий йилнинг февраль ойида Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрига қилган саёҳатимда янги қитъа очдим, десам муболаға бўлмайди.

Бир блогер сифатида 1 200 000 нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун қурилаётган уй-жойлар билан танишиш истаги туғилди. 

Мени шаҳарнинг қоқ марказида янги қурилган "тўқат"лар (бизнинг тилда арзон, сифатли, наъмунали уйлар дегани) сари бошлашганида кўзларимга ишонмадим. Чор-тараф кўкаламзор, энг замонавий болалар майдончасидан тортиб, очиқ-ёпиқ ҳовузлар, қишки-ёзги автомобиль тураргоҳлари, кабоб пиширадиган қўра, кирхона, фитнесс ва спорт марказлари, замонавий супермаркетигача қурилиб, фойдаланишга топширилган мўъжаз қароргоҳни кўриб, булар мени алдаб, энг бойлари яшайдиган манзилга олиб келишди, деган ҳаёлга бордим. Замонавий дизайнли, кўп қаватли бу уйларда камбағал халқ яшайди, деб таъкидлаб туришса-да, ишонмай, ўзим истаган уйлардан бирига йўналдим. Иккитадан энг охирги русумдаги лифтлар ўрнатилган бўлса-да, жимжимадор безалган зиналардан ҳавасга чиққингиз келади. Йўлаклар кенг, ёруғ таъбингизни хира қилмайдиган бўёқлар билан пардозлаган. Ўз истагим билан ташриф буюрган хонадонлар сифати ҳам олий даражада! Энг муҳими, хонадонларнинг умумий майдони 135 кв. метрдан кам эмас экан! Аксарияти 160 метр квадрат. Қурилиш ишларига масъул "Аксай" қурилиш иншоот ширкати эгаси Меҳмет Сой афанди қўлимга "тўкат"лар нарх-навоси ёзилган ва муҳр урилган қоғозни тутганида кўз олдим қоронғилашиб кетди.

Сабаби: Бу уй-жойларнинг 1 кв. метри —225 АҚШ $! Яъни -135 кв.метри- 30375, 160кв.м- 36000 $ АҚШ долларига сотилар экан. Аҳоли банклардан энг кам фоизли ипотека кредитларини олиб, бемалол замонавий уйга эга бўлишади.

Меҳметсой афанди "100 кв.метрли уй-жойларимиз ҳам бор. 22500 $ туради" деганида бу гапига ҳам ишонмай, ўз кўзим билан кўришга қарор қилдим. Хонадонларга кириб, аҳоли билан танишдим. Мени ажаблантирган жиҳати, бу уйлар ҳам аввалгиларидан фарқланмас, керакли мебеллар, замонавий сантехника воситалари(иккита санузелли) билан мукаммал жиҳозланган бўлса-да, кўп квартиралар сотилмаган экан. Сабаби: 100кв.ли хонадонлар яйраб яшаш учун анча кичиклик қилар экан! Шунинг учун бу ердан асосан камбағалроқ муҳожирлар, уруш домида қолган қўшни давлатлардан келган қочоқларгина уй сотиб олишар, сотиб олишга қурби етмаганларининг аксарияти ўта арзон нархларда ижарада ўтиришар экан. Таъкидлаш жоизки, ширкатнинг ўзи савоб учун ижарага қўяди. 

Бу маълумотларга ишонмаганим учун шаҳар баладия бошқармаси, вилоят валийлигидаги ишончли масъуллар ва ўзим таниган бошқа инсонлар орқали барча кўрган ва эшитганларим ҳақиқат эканини билгач, бизнинг "тўқат" ларда тоқат қилиб яшаётган халқимизни ўйлаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлагим келди.

Юртимизга қайтгач ва мурожаатномани ёзишдан аввал шаҳар ташқарисидаги "гетто"ларда қурилаётган уйларга бориб, уларнинг сифати билан танишдим. Аксарияти 32, 42 кв.метрли, қиймати бир йилда 40% га оширилаётган чумолихоналар нима учун, ким учун қурилган, қурилаяпти, деган саволлар миямни қиймалаб ташлади. Сифат, нарх-наво жиҳатидан ҳам икки пулга қиммат бундай уйларни қуришга ким буйруқ берган?!

Агар арзон, сифатли, наъмунали каби мақтовларга муносиб уйларни қуришга билим, тажриба , амалиёт, ақл етмаса юртимиздан ташқарига чиқиб, ривожланаётган давлатлар мутахассисларидан ўрганиш, қўлидан келмаса ўз ишининг усталарини таклиф қилишлари мумкин эди-ку!
 
ТВ кетадиган бир реклама кўнглимни айнитади. Гап "Агар биз қурган бинолар Дубайда ёки Куала Лумпурда қурилганда борми..." дея бошланувчи аллақайси ситини реклама қилаётган ширкат ҳақида. Улар қурмоқчи бўлаётган уйлардан дунё аллақачон ҳайратланмай қўйган. Туркиянинг олис қишлоқларида ҳам бундай уй-жойлар қалашиб кетган. Майли-да, реклама шунақа бўлади дерсиз. Қизиқиш учун қўнғироқ қилиб, нархини суриштирдим. Агар олдиндан 100% тўлов қилинса, 1 кв.метри -6 800 000 сўмдан сал ошиқроққа тушиб, хонадонлар уч йилда эгаларига топширилар экан. Қисман тўлов билан эса 1 кв.м -10 000 000 сўм экан. Олмазор сити, Тошкент сити, умуман сити-питиларнинг ҳаммасида шунақа нарх-наво! Нима у ерда фақат Майк Тайсон, Бурак Узчивит ва шунга ўхшаган келгиндилар ёки ердаги нарх-наводан бехабар ўзга сайёраликлар яшайдими? Булар майли, бойлар учун! Лекин, нега қашшоқлар учун қурилаётган уйлар қиймати ҳам сунъий ошириляпти, бунга ким жавобгар? Нега шаҳарнинг марказида оддий одамлар яшай олмайди?! деган саволларга ҳеч ким жавоб беришни хохламайди. Пойтахтнинг қаймоқли жойларидан халқни қувиб, маҳаллаларни бузиб, ўзларича шаҳарни ободонлаштираётганлар шунчалик ақлли-ки, беш қўлни баробар оғизга тиқишни қойиллатишяпти. Яхшиям бизда ер – давлатники! Агар кимларнингдир чўнтагига чўтал солаётганингни ҳисобга олмаса, улар ерни сотиб олишаётгани йўқ. Агар юлдузлар реклама қилаётган қурилишлар учун ерни расман сотиб олишганида борми, "сити"ларидаги хонадонлар нархини Ойга учирилаётган космик кеманинг қиймати билан тенглаштириб қўйган бўлишар эди!

Мен тажрибаси билан танишиб келган Туркияда ва унинг бошқа  Измир, Бурса, Эски шаҳарларида ҳам қурилиш ширкатлари ишлари билан танишдим) ишчи кучи, қурилиш моллари, электр-энергия бизга нисбатан анча қиммат! Мутахассис усталар оладиган маош ҳам анча юқори. Ерларнинг аксарияти давлатга тегишли эмас, қурилиш ширкатлари сотиб олиб кейин иш бошласа-ю тайёр хонадонлар нархи бизга нисбатан анча арзон бўлса, ҳатто, Суриядан қочиб келган қочоқ ҳам одамдай яшаса-ю, йиллар давомида ўзимиз қашшоқ қилиб қўйган (тайинли иши йўқ, касалманд, ногирон, ижтимоий ҳуқуқлари кафолатланмаган) халқимизнинг айби нима? 

Фақатгина Тошкент эмас, Ўзбекистоннинг чор тарафида ҳам шундай кўз бўямачилик. Қишлоқ жойларда қурилаётган намунали уйларнинг сифати ҳам қониқарсиз аҳволда.

Кўз ўнгимда Фарғоналик икки кўзи ожиз олий маълумотли Улуғбек ( имконияти чекланган болалар коллежида тарихдан дарс беради) гавдаланади. Унга бир йил аввал ошхона, ювиниш, ҳожатхонаси умумий галирейкадан бир хонали уй беришмоқчи эди. " Опа, рози бўлмадим. Сабаби ошхона ва ҳожатхонага қийналаман. Қолаверса, уйланишим ҳам керак (2 хонали уйда саккиз жон яшашади) . Қолаверса 1- қаватдан эмас, юқори қаватлардан беришмоқчи эди... деганди.

Шу йигитга бу йил Фарғона-Қувасой йўлида қурилаётган 2 хонали-32 кв.м ёки 3 хонали-42 кв.м уйларни квадрат метрини 390$ дан сотиб олишни таклиф қилишган. "Рози бўлаверайми, опа? Қиммат эмасми? Аммо ойлигим ўта кам. Уйни олишга рози бўлсам, еб ичишим, дори-дармоним нима бўлади? Қолаверса, уйланмоқчи ҳам эдим", деб мўлтираб қолган инсон тимсолида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг дарди мужассам эди.

Бир ақлли амалдор " Ваҳима қилманг, йиллар Хрушевкаларда кун кўрган халқ ўлиб қолгани йўқ. Бундан сўнг ҳам кўникади!" деб оғзимга урди. Аммо ўзи уч қаватли данғиллама иморатда яшовчи бу тўразоданинг фикри мантиққа тўғри келармикан? Кар, кўр, инвалид, қашшоқ деб каталакларга тиқаверсак, шаҳар ташқарисида алоҳида яшашга мажбур қилсак, эртага Аллоҳнинг олдида нима деб жавоб берамиз?! У бечоралар оширилган уй нархини тўлайдими, еб-ичадими, боласини ўқитадими? Олаётган арзимас маоши, давлат берадиган ёрдам пуллари нимага етади? Биз азалдан саховпеша, мурувватли халқ эмасмидик?! Тўғри сабрлимиз, бироқ яхши яшашга ҳам ҳамманинг ҳаққи бор-ку!

Бир саволимга ҳеч жавоб тополмайман. Нима, Туркиядаги қурилиш ширкатлари эгалари уларни ишини назорат қиладиган амалдорларининг нафси йўқми? "Аксай" қурилиш ширкати соҳиби миллионер Мехмет Сой афанди уч хил типдаги (арзон, ўрта, қиммат нархдаги) уйлар қуради. Балки, қашшоқ аҳоли қатламини ҳам рози қилаётгани ва халқ дуосини олаётгани учун ҳам Худо бераётгандир! Тўкатлар қурилишидан атиги 10-15% фойда топадиган бундай одамлар нега бизда йўқ! Ёки борига ҳам ишлашга имкон бермаяпмизми? Балки барча айб тепада ўтириб, бу ишларни назорат қилаётган амалдорлардадир?! Ушламасдан айбдор қилма! деган гап борлиги учун тилимни тийяпман. Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, ҳақиқат халққа аён! Нафс балосидан қутула олмаётган зулуклар халқнинг бўйнига чип ёпишиб, мазза қилиб қонхўрлик қилиб ётибди.

Кечаги норозилик намойишига Сергелилик бойлар эмас, жонидан тўйган аҳоли чиққан. Энди қолганлар ҳам жим турмайди. Уларни Миллий гвардия, ички ишлар ходимлари, ҳокимият оғзига уриб, яна жим яшашга мажбурлашларига асос борми?!

Комиссия тузилгани яхши, аммо бу комиссия қандай хулоса чиқаради?! 
Геттоларни бузиб, шаҳар марказларида 1кв.м- 225$ли, 100-135 кв.метрли хонадонларни қуришни бошлайдиган ва ўз халқининг дуосини оладиган мардлар борми? 

Бой-камбағал, амалли-амалсиз ҳам алал-оқибат икки метр ерга борамиз, лекин муҳтожлар ҳам инсон! 32, 42 кв.метрли уйлар бизнинг иқлим шароитимизга мутлақо тўғри келмайди! Қолаверса, биз серфарзанд миллатмиз. Катаклар эмас, кенг, ёруғ, чиройли хонадонларда яшашимиз керак! 

Кеча сизнинг ваъдаларингизга ишониб, Президентини сайлаган халқ катта куч! Бугун уларни тўртта автобусга қамаб, алдаб, оғзини ёпиш мумкиндир. Лекин эртага оломонга айланиб, жонидан тўйиб майдонга чиқса - портлайди! Уларни алдаган, алдаётган фирибгарлар ҳам, "бир-икки сўмлик бўлиб қолай" деяётган харомтомоқ амалдорлар ҳам тўса олмайди! Пасод бойлаётган ярани саситиб, кўздан яшириш эмас, даволаш керак! 
"Халқ қабулхоналари" иш бермаяпти. Тўрт девор орасига келиб тушаётган аксарият арзномаларга жўяли жавоб йўқ! Шундай экан, иложи бўлса очиқ майдонларда халқнинг дардини тингланг, ярасига малҳам бўлинг ва муносиб яшашига имкон беринг!

Муаззам Иброҳимова, блогер


Мавзуга оид