Минбар 1445 10.04.2019 13:44:39

"Куёв кореялик экан!" “Нима-а-а?!”

"Куёв кореялик экан!" “Нима-а-а?!”

Wikipedia электрон нашрига кўра, турли мамлакатдан бўлган аёл ва эркакнинг турмуш қуриши халқаро никоҳ ҳисобланади. Айниқса, Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган Япония, Жанубий Кореяда бундай никоҳлар сони ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб бугунгача ўсиб келмоқда. Мисол учун, Жанубий Кореяда йиллик жами никоҳларнинг 13 фоизи ажнабий келин ёки ажнабий куёв иштирокида рўйхатдан олинмоқда. Жанубий Корея фуқаролари орасида асли хорижлик бўлганлар жами аҳолининг 2.5 фоизини ташкил этади. Уларнинг аксари корейс хонадонига хориждан келин бўлиб тушган аёллардир.
  
Кореяликлар тарихан жаҳоннинг "ҳомоген" ҳисобланган ноёб миллатларидан бири. Яъни, "қони бузилмаган" халқ. Кекса корейсларнинг айримлари ҳозиргача ҳам ажнабийларни хушламайдилар. Чунки улар “бегоналар” миллатга фалокат олиб келишларини ота-боболаридан кўп эшитганлар. Бироқ анъаналар эскирмоқда, тамойиллар нурамоқда, глобаллашув генга таъсирини ўтказмай қолмаяпти.

Statistics Korea идорасининг 2016 йилги маълумотларига кўра, 13 ва 24 ёш оралиғидаги кореяликларнинг 77 фоизи тақдирларини хорижий давлат фуқаролари билан боғлашга тайёр. 2008 йилда бу кўрсаткич 66.2 фоизни ташкил қилган.

Шунинг баробарида, ота-оналарнинг ҳам фикрлари ўзгармоқда: 50 ёшдан ошган кексаларнинг 56.4 фоизи халқаро никоҳни, бошқа миллатдан бўлган куёв ёки келинни қўллаб-қувватлаши диққатни тортади. 2008 йилда уларнинг 17.5 фоизи хорижлик келин ёки куёвга розилик билдиришган.
Шу билан бирга, муаммолар ҳам кўпаймоқда ...

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Жанубий Корея ва АҚШ ҳамкорлиги ривожланиши натижасида америкаликлар оммавий равишда корейс аёлларига уйлана бошладилар. Тил ва ғарбона маданиятни билмайдиган, америкаликларнинг таомини пишира олмайдиган бу аёлларнинг кўпи таҳқир ва камситилишларга дуч келишади. Миллат бу ижтимоий ҳодисадан хавотирга тушади, буни иснод деб қабул қилади. Бугун бу ҳолат Кореянинг ўзида содир этилмоқда: Осиёнинг айрим давлатларидан Жанубий Кореяга бахт излаб келаётган хорижлик келинларнинг кўпи оёқости қилинмоқда (аввалги мақолада бу тўғрида расмий манбаларнинг маълумотларини тақдим қилган эдик).

Хусусан, 2012 йилдан бошлаб хорижлик келинлар билан боғлиқ қотилликлар сони мунтазам кўпайиб, бугунги кунда ҳар йили юздан зиёд ўлим ҳолатлари қайд этилади. Бунинг ортида оилавий зўравонлик, жинсий ва руҳий қийноқларнинг тургани ҳукуматни ҳам ташвишга солмоқда.
Мисол учун, бир неча йил аввал ўн тўртинчи қаватдан сакраб, жонига қасд қилган хорижлик келин фожиаси ортида жинсий зўравонлик ва руҳий қийноқ тургани маълум бўлган.

Кореядаги хорижлик келинларга "туғиш машинаси" деб қараш, уларни мажбуран исловотхоналарда ишлатиш, хизматкор сифатида муносабатда бўлиш ҳолатлари аниқланган.

Кореяга қизларимизни қайси омиллар тортиб келмоқда ва бу ерда уларни қандай муаммолар қийнамоқда? Бундай никоҳларнинг яхши ва ёмон томонлари нимада?

"Романтика"
Сўров ҳамда суҳбатлардан маълум бўлишича, романтик алоқалар акс этган сериаллар, ҳашамдор қилиб тасвирланган корейсча ҳаёт намоён фильмлар хорижлик қизларни бу юртга мафтун қилиб қўйган экан. 2000-йилларда намойиш қилинган “Қиш сонатаси”, “Куз ифори”, “Сарой жавоҳири” ва бошқа драмаларни яхши эслаймиз.

"Ҳашаматли ҳаёт"
Ўзига тўқ корейслар анъаналарга содиқ бўлишади, улар бошқа миллатдан уйланишга ботина олишмайди. Хориждан уйланаётган корейс эркакларининг деярли барчаси даромадига кўра ўртаҳол қатламга мансуб. Бундай эркаклар одатда бир умр кичик ва ноқулай, шунингдек арзон ижара уйларда туришни афзал кўришади. Боиси, Жанубий Кореяда уй-жой қилиш қимматга тушади.

Ўзбекистонлик келинлар бир умр ижарада яшашни тасаввур қила олмайдилар. Бу муаммо ортидан ажралиб кетган оилалар ҳам бор.

"Ўзбекистонда тўй қилиш қийин"
Жанубий Кореяга турмушга чиққан ўзбек қизларининг кўпчилиги Ўзбекистонда қиз узатиш қанчалар қийин экани, ота-оналарини қийнамаслик учун айнан шундай тақдирга кўнганликларини айтишади.

Ҳукумат қанчалар курашмасин, халқни тўйдаги ортиқча дабдабабозликдан тўхтата олгани йўқ. Кўриб турибсизки, агар тўй харажаталарини камайтирмасак, қизларимиздан айрилиб қолишда давом этамиз.

"Ота-она орзуси"
“Икки ёшни бахтсиз қилган тақдир эмас, ота-она орзусидир”, деган фикрни “Ўткан кунлар”да ўқиганмиз. Ўзидан 28 ёш катта бўлган кореяликка турмушга чиққан қизлардан бирининг айтишича, у ота-онасининг қистови билан тўйга розилик берган. Ота-она унга ҳозир ёш экани, ҳозир мол-давлат тўплаб олиши, Кореяда жойлашиб олиб, қолган оила аъзоларини ҳам чақиртиришини уқтиришади.
Яхши томонлари ҳам бор ...

Танганинг иккинчи томонига ҳам диққат қилайлик. Халқаро никоҳларнинг ижобий томонлари ҳам бор. Жанубий Кореянинг етакчи тиббий муассасаларидан бирида асли водийлик бўлган ҳамшира қизга дуч келдим. Унинг саъй-ҳаракати билан ўша куни ишим осон битди. Суҳбатдан маълум бўлишича, у кореялик бўлган курсдоши билан турмуш қурган экан.

Маҳаллий аҳолига турмушга чиққан ўқимишли ва тилни биладиган ўзбек аёлларининг имкон қадар ўзбекистонликларга ёрдам қўлини чўзишлари ҳақида бу ерда кўп эшитдим. Корейслар билан қуда-андачиликни ўзимча яхшиликка йўйдим. Ҳар нарсада бир ҳикмат кўриш – хайрли.

Ислом динида қизларнинг ғайридинга турмушга чиқиши беҳудага қораланмайди. Мантиқан олганда бунинг сабаблари кўп. Мен кўрган кореялик куёвлардан бири ўзбек қизи сабаб Ислом динини қабул қилибди, маданиятимизни ўрганиб, фарзандларини ҳам иймонли-эътиқодли қилиб тарбиялашга ҳаракат қиляпти.

Хорижликка турмушга чиққан ўзбек қизи ҳақида эшитсак, ҳайратланмайдиган кунларга ҳам етиб келдик. Авваллари қизини бошқа шаҳарга берган ота-онага маҳалла-кўйнинг ичи ачиган. Бугун эса хорижга қиз узатиб, "бойвачча" куёвдан қалин пулини олган ота-онага ҳавасмандлар сони ҳам кўпаймоқда. Айниқса, "куёв кореялик экан!" деган хабардан ичи куйган қўшнилар қанча! Аммо, бу орзу-ҳавасларнинг товонини тўлаш аксарият ҳолларда ёшгина қизларимизнинг зиммасига тушмоқда.

Мақсадимиз бошқа миллатга қора чаплаш эмас, миллатимиз аёлларининг хорижда камситилишлари, таҳқирланишларининг олдини олиш, юртдошларимизни ҳушёрликка чорлашдир. Ниятимиз холис – ўзбек қизлари қаерда ва ким билан бўлмасин бахтли бўлишсин!

Шуҳрат Сатторов, 
Human.uz сайтининг Жанубий Кореядаги махсус мухбири


Жанубий Корея ўзбек келин

Мавзуга оид