Минбар 681 10.04.2019 08:27:07

Ички туризм: бир саёҳатнинг минг машаққати

Ички туризм: бир саёҳатнинг минг машаққати

Туризмни ривожлантириш ва сифатли саёҳат уюштириш — сердаромад соҳа. Дунёда бу бизнес орқали мисли кўрилмаган даражада фойда кўраётган давлатлар қаторидан жой олиш учун бизда асос ва имкониятлар етарли. Қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Хусусан, Президентимизнинг соҳага оид йигирмадан ортиқ қарор ва фармонлари амалда ўзининг самарасини беряпти. Кўплаб хорижий давлат фуқаролари учун республикамиз ҳудудига визасиз кириш режимининг жорий этилиши, сайёҳлик визаларини олиш тартибининг соддалаштирилгани, туристлар билан бир қаторда йирик хорижий инвесторларни жалб этишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб божхона-чегарасидан ўтишда қонун доирасида “яшил йўлак”нинг очилгани юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун янада қулайлик яратди. Вилоят ва шаҳарларда ўрнатилаётган “Wi-fi” зоналар, илк бор Термиз халқаро аэропортида очилган “рrayer room” (намозхона), оилавий меҳмон уйлари, “ҳалол туризм” — буларнинг бари меҳмонлар сонининг ошишига хизмат қилади.

Албатта, узоқ-яқин ўлкалардан хорижликларнинг ташрифлари сони кундан-кунга ортиб бораётгани яхши. Аммо юртимизда ички туризмнинг аҳволи қандай? Унинг инфратузилмаси қай даражада йўлга қўйилган? Одамларимиз кўрсатилаётган хизматлардан мамнунми?

Хабарингиз бўлса, 2018 йил 7 февралда “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимизнинг қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармасига ички туризмни жадал ривожлантириш, аҳолини, айниқса, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлами бўлган ногиронлар, ёлғиз кексалар, ёш оилалар ҳамда фаол хотин-қизларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлар билан таништириши юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Қарорнинг биринчи бандида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ҳам тасдиқланган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, бугунги кунда юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқмоқчи бўлган киши ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаяптими? Айниқса, байрам ва давлатимиз раҳбарининг фармони билан эълон қилинадиган қўшимча дам олиш кунларида республикамиз ҳудудларига тез ва энг муҳими, чўнтакбоп нархларда етиб бора оладими?

Афсуски, бунга юз фоизлик ишонч билан, “Ҳа” деб жавоб бериб бўлмайди.

a) Чипта муаммоси. Бундай кезларда поездга “билет” топиш — утопия сўзи билан баробар. “Афросиёб” тез юрар поездига ҳам айни байрам кунлари қўшимча қатновлар ташкил қилинса-да, негадир, чипта тугаб қолаверади. Шу қадар яшин тезликда қолмайдики, у ўзи сотувда борлигига шубҳа билан қараб қоласан киши. Ҳатто, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти чегирмалар эълон қилмасдан аввал 1005 рақамига телефон қилсангиз, “билет қолмади” деган жавобни эшитасиз. Бу, гўёки, йўқ чиптага эълон қилган чегирмага ўхшайди.

б) Йўлдаги ноқулайликлар. Тасаввур қилинг, машинани бошқариб кетяпсиз. Бу икки ҳисса чарчоқ юклайди. Буниси-ку майли, Наврўз айёми арафаси (ва ундан кейин ҳам) Тошкент вилоятининг “Яллама” сида “ажойиб” тирбандлик ҳосил бўлди. У йўловчиларни манзилга нақд бир, бир ярим соатга кечикиб етиб олишига “имкон яратди”. Тирбандлик кўприкда таъмирлаш ишлари кетаётгани сабабли келиб чиқди. Буни кўриб ўйлаб қоласан: наҳотки ушбу муаммо мутасадди ташкилотларнинг эсига келмабган бўлса? Кўпроқ техника ва ишчи кучини жалб этган ҳолда қурилишни якунлашнинг иложи йўқмиди?

Бу биргина мисол. Аслида бундай ҳодисалар тез-тез учраб туради. Мана, бир неча кун олдин Жиззах — Самарқанд йўлида ҳосил бўлган сел йўлнинг бир полосасини буткул “қамал” қилди. Оқибатда йўловчилар соатлаб йўлда тўхтаб туришга мажбур бўлди. Бу эса кишини ташвишга солмай қўймайди. Зиёратга, ҳордиқ чиқариш учун борадиган манзилининг йўли хатарли бўлса, яхшиси тинчгина уйида қолишни афзал билади. Демак, бу сингари салбий ҳолатлар тегишли ташкилотларни сергак тортириши, муаммолар устида ишлаш кераклигини билдиради.

в) Такси. Бундай пайт ҳайдовчиларнинг кетмони “учди” деяверинг. Негаки, пойтахтнинг ўзидан вилоятларга кетувчи ҳамюртларимиз сони шу қадар ошиб кетадики, сайёҳларга йўл бўлсин. Бармоғида машина калитини айлантириб “шунча берасан”, деб икки баравар қиммат нарх айтиб турса, нолегал “таксистлар”нинг бу қадар инсофсизлигидан қўл силтаб кеткингиз келади. Давлат томонидан йўлга қўйилган махсус транспорт воситалари эса деярли йўқ.

г) Меҳмонхона ташвиши. Агар ташриф буюрувчи кишининг борадиган жойида таниши ёки қариндоши бўлса, бу унчалик билинмас. Лекин тарихий шаҳарларимиз — Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабзларни обдон айланиб, зиёрат қилишни истасангиз, бир неча кун талаб этилади. Мазкур шаҳарларда меҳмонхоналарга талаб юқори. Шу боис, таклиф ҳам шунга яраша қиммат. Оилавий ташриф буюрса, камида иккита хонани банд этиш лозим. Турар жой учун харажат миқдорининг кўплиги эса табиийки, қувончли ҳолат ясамайди.

Яқинда Наврўз байрами арафасида дадамнинг водийлик курсдош дўсти Самарқандга келди. Оила аъзолари ва танишлари билан келгани учун аввалига бизни безовта қилгиси келмабди. Меҳмонхоналардаги нарх-навони суриштириб кўрганида битта хона бир кеча учун икки юз мингдан ошиқ экан. Ундан кўра шаҳарга бироз узоқ бўлса-да бизникида меҳмон бўлишга қарор қилибди.

 Юқорида тилган олинган қарорнинг еттинчи бандида “Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларга гуруҳли саёҳатларни ташкил қилиш учун маҳаллий туроператорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, меҳмонхона ва транспорт ташкилотларига ташкил этилган турлар, шу жумладан, яшаш ва келиб-кетиш (учиб бориш) учун имтиёзлар тақдим этиш бўйича таклифлар юборишда ёрдам кўрсатсин” деган жумла бор. Бироқ бу таклифлар киритилганми йўқми? Агар киритилган бўлса, у қандай таклиф? Бу ҳам ҳали аниқ эмас.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурининг 24-қисмида эса йўловчи ташиш тарифларини пасайтириш, республика транспорт тизимининг ягона электрон порталини ташкил этиш ва шу орқали ягона авиачипталар тизимини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда парвозларнинг қулайлиги, ички транспорт қатновларининг (автобус, ҳаво ва темир йўл) сонини кўпайтиришни рағбатлантириш сингари кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажариш Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва бошқа ташкилотлар зиммасига юклатиган. Бу — 2018 йил апрель ойида қилиниши керак эди...

Қаранг, дастур доирасида “Улкан ишлар амалга оширилган бўлса-ю, биз бундан бехабар қолиб кетган бўлсак-чи?”, деган ўй ўтди хаёлимиздан шу он. Дарҳол Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг www.autotrans.uz, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг uzrailway.uz, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг www.uzairways.com сайтларига кириб кўрдик. Эътибор берсак, биргина миллий авиакомпаниянинг расмий веб-саҳифасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” рукни ташкил этилган экан. Лекин унда фақат юртимиздаги диққатга сазовор жойлар ва тарихий қадамжолар ҳақида маълумот берилган, холос.

Бу туришда бизда ички туризм ривожланади, деб ўйлайсизми?! Бир нарса аниқ амалий ишларга киришилмас, муаммолар комплекс равишда ҳал этилмас экан, қабул қилинадиган ҳар қандай ҳужжатлар фақат қоғозда қолиб кетаверади. Шу жумладан, “Ички туризмга қаратилаётган эътибор” деган мазмундаги баландпарвоз мақтовли жумлалар ҳам.

Наргиза Юнусова,
Human.uz сайти журналисти


Ўзбекистон ички туризм

Мавзуга оид