Минбар 424 20.06.2019 14:49:06

Марҳумларни гувоҳликка чақирманг — электр таъминотида «ўйинлар» тугамайдими?

Марҳумларни гувоҳликка чақирманг — электр таъминотида «ўйинлар» тугамайдими?

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмади. Бироқ билдимки, мурожаатларнинг энг кўпи ижтимоий масалалар экан. Айниқса, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳануз ўз ечимини топмаётгани, бунга мутасадди раҳбарларнинг бефарқ муносабатда бўлиши — жамиятдаги оғриқли нуқталардан биридир.

Ўтган вақт давомида асоссиз қарздорлик, қайси ҳудудларда электр ҳеч қандай сабабсиз ўчиб қолиши, электр таъминоти тизимидаги муаммолар ва бошқа долзарб мавзулар хусусида танқидий мақолаларимиз чоп этилди. Буни қарангки, шу муддат ичида уларнинг сони бугун роппа-роса 250 тага етди. Ўзига хос «юбилей». Лекин биз «тош отган томон»дан бирорта арзирли жавоб ҳам, муносабат ҳам бўлганича йўқ.

ОАВни чинакамига тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш учун жон куйдирилаётган бир пайтда, электр корхонасининг бу ҳаракатини «ОАВ бизга нима, билганингни ёзавер» деб баҳоладик.

Аммо айрим ОАВ вакиллари ҳам бугунга келиб 1 миллион сўмдан кам бўлган асоссиз қарздорликларни чиқармай, каттароқ сумма акс этган маълумот беринг, дейдиган даражага етди. Аммо оғзимизнинг бир четидан чиқиб кетаётган шу бир миллион сўм ҳам, ўқитувчи, шифокор, хизмат кўрсатиш соҳаси вакилининг бутун бошли бир ойлик меҳнат ҳаққидир. Нафақахўр ҳақида-ку, гапириб ўтирмайман.

Сўз исботи билан деганларидек, эътиборингизга айрим мисолларни ҳавола этаман:

Учкўприк тумани, «Наврўз» МФЙга қарашли Жалоер қишлоғида яшовчи Ш. Мамажонов туман электр таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорлик тўғри ёки нотўғрилигини текшириб беришни сўраб, туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси номига ариза билан мурожаат қилган.

Аризада келтирилган важларга аниқлик киритиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассислари Ш. Мамажонов хонадонига бориб вазиятни ўрганган.

Ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлган туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимларига «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлар мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилган. Натижада истеъмолчи тўлиқ ҳақ экани ва 958 минг 055 сўм қарз ноқонунийлиги исботини топди. 

Минглар қолиб миллионлар сари йўл... 

Фарғона вилояти Учкўприк тумани Кичик Қашқар қишлоғида яшовчи фуқаро Қ. Қорабоевга 2 миллион 129 минг 637 сўм.

Учкўприк тумани Муллазоир қишлоғида истиқомат қилувчи Ўринбой Мадалиевга 2 миллион 631 минг 138 сўм.

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани «Номозгоҳ» МФЙда яшовчи фуқаро Шуҳратбек Абдуллевга 5 миллион 800 минг сўм.

Наманган вилояти, Уйчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Мамадалиевага 20 миллион 24 минг сўм.

Хоразм вилояти Хазорасп туманида яшовчи фуқаро К. Султановага 23 миллион 241 минг 880 сўм.

Қашқадарё вилояти Касби тумани Комилон қишлоғида яшовчи фуқаро Бекзод Эшонқуловга 23 миллион 445 минг 632 сўм.

Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи К. Очиловга 44 миллион 44 минг 294 сўм.

Жиззах шаҳар Юнусобод кўчаси 2-уйда яшовчи фуқаро С.Каримов 249 миллион 847 минг сўм.

Ўғри бўл, ғар бўл, инсофли бўл 

Кўриб турганингиздек, Жиззах шаҳрида истеъмолчи С.Каримовга асоссиз 249 миллион (!) 847 минг сўм қарз ҳисобланган. Бу қарзни истеъмолчи уйини сотиб ҳам тўлолмаса керак. Қарз миқдори қарийб 30 минг АҚШ доллари дегани. Бунақа суммадаги асоссиз қарздорлик дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамаса керак ва бу «кўрчаткич» билан Гиннес рекордлар китобидан жой олиш ҳеч гапмас.

Бу асоссиз қарздорликлардан ўндан бири, холос. Электр корхонаси айрим ходимлари истеъмолчилардан таъмагирлик йўли билан пул олиши, бир жаримани бир йўла икки фамилиядошга ёзилиши, марҳумларга қарздорлик ҳисоблаб бериш, марҳумларни суд ишида гувоҳ сифатида чақирилишларга ҳали алоҳида тўхталмадик.

Қайд этиш керак, сўнгги йилларда жойларда электр токининг асоссиз узилиши сезиларли даражада камайди. Ким билади дейсиз, балки бунга авваллари электр токи суткада бир соатгина бўлиши сабаб бўлгандир. Нима ҳам дердик, ўзбек халқи ўта сабрли халқ, шунисига ҳам шукр.

Давлатимиз раҳбари томонидан «халқ ичида юринг, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилинг», — деб беъжиз қайта-қайта таъкидланмаяпти.

Таклиф сифатида, чекка худудларда ҳам сайёр қабуллар уюштириб, халқ дардига қулоқ тутиб кўринг. Ишонтириб айта оламанки, қабулингизга одамлар «ёғилиб» келади. Уларни мурожаатларини ўрганиб чиқиб, холис фикр айта олсангиз, халқнинг эътирофини қозонасиз.

Хабаримиз бор, келгусида хорижий тажрибаларни ўрганиб, инновацион технологиялар ёрдамида соҳада янгилик қилиб йўл харитаси белгилаган ҳолда катта ўзгариш қилиш нияти йўқ эмас.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза, Япония электр-таъминоти вазири чекка бир худудида 20 дақиқа электр токи узилиши бўлгани учун халқ олдига чиқиб кечирим сўради. Бу шунчаки инсонийликнинг оддий кўриниши. Аммо унча-мунча раҳбар қила олмайдиган жасоратдир.

Шерали САТТОРОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлим бошлиғи


Мавзуга оид