" />
Минбар 745 16.06.2019 07:22:17

АҚШ ва Хитой савдо урушининг ягона қурбони ким бўлади?

АҚШ ва Хитой савдо урушининг ягона қурбони ким бўлади?

Шу кунларда Америка Қўшма Штатларидаги оммавий ахборот воситалари Хитой билан юзага келган танг вазият тўғрисида тўхтовсиз ёзишяпти. Аксарият чиқишларда узоқ йиллик ҳамкорликдан сўнг АҚШ нинг Хитойдан тўлиқ воз кечиши катта хато бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

АҚШ нинг Хитой иқтисодиётини "синдиришга" қаратилган чоралари кескинлашиб боргани сайин, Ши Жинпинг бошчилигидаги Хитой ҳукумати бунга жавобан иқтисодий ва сиёсий тайёргарликни тобора кучайтирмоқда.

Хитойга нисбатан рақиблик ҳисси АҚШ да 2010 йиллардан пайдо бўла бошлаган. Унгача эса Хитой сиёсий етакчилари мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини устомонлик билан ишлаб чиқиб, амалда татбиқ этишган. Мисол учун, Хитой Халқ Республикасини 1978 йилдан 1992 йилгача бошқарган Денг Сяопин АҚШ ҳукуматини Хитой ривожланиш учун осойишта муҳитга муҳтож экани, мамлакат ташқи сиёсатни иккинчи даражали билиб, асосий эътиборни ички сиёсатга қаратишига ишонтира олган. Бинобарин, иқтисод ва сиёсатнинг тўғри йўлга қўйилгани эвазига қисқа фурсат ўтиб, Хитойнинг яшириб келинган салоҳияти унинг ташқи сиёсатдаги фаолиятида яққол кўзга ташланади: Хитой энди ўзининг иқтисодий ҳукмронлиги ўрнатилган минтақалардаги сиёсий етакчилик учун АҚШ билан тенг курашга киришди.

2008 йилда содир бўлган глобал иқтисодий инқироз АҚШ га жиддий зарар етказди. Хитой таҳлилчилари шу даврдан бошлаб АҚШ иқтисодининг орқага кетишини ёппасига башорат қила бошлашди. Ўз навбатида, бу жараёнда Хитой иқтисодиётининг АҚШ иқтисодига нисбатан уч баробар тезкор суръатда ўсишига бутун дунё гувоҳ бўлди. Бу эса АҚШ ни жиддий хавотирга солди.

Обама администрацияси эса Осиё минтақасида унга бас келадиган янги рақиб дунёга келаётганини илк марта очиқчасига хавотир билан тилга олган.

Айниқса, 2015 йилда Ши Жинпинг истаги билан расмий Пекиннинг АҚШ нинг Жанубий Хитой денгизи ҳудудига қурилиши мўлжалланган ва Хитой, икки Корея мамлакатлари жойлашган шу минтақасидаги ҳарбий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ракета мудофааси тизимининг қурилишига қарши чиқиши АҚШ нинг ҳадикларини тасдиқлади.

Қолаверса, 2013 йилда тақдим қилинган "Belt and Road Initiative (BRI - Бир камар ва бир йўл)" халқаро ривожланиш стратегияси АҚШ нинг юзига тортилган тарсаки бўлди дейиш мумкин: америкалик сиёсатчи ва иқтисодчилар Осиё, Африка, Марказий ва Ғарбий Европани, жаҳоннинг 152 та мамлакатига йўналтирилган сармоя ортида Хитойнинг халқаро сиёсатдаги ўрни кескин ошиб кетиши муқаррар эканини ваҳима билан ёза бошладилар.

Чиндан ҳам, орадан тўрт йил ўтиб, 2017 йилда бу стратегик режа 68 давлатда жорий қилиниб, жаҳон аҳолисининг 65 фоизини қамраб олди, яъни глобал ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизига шерик бўлди. Бу эса АҚШ га зудлик билан рўпарасида ҳозир бўлган хавфни бартараф қилиш чораларини кўришга чоғлади.

Трамп бошчилигидаги расмий Вашингтоннинг иқтисодий чоралар бўйича ёндашуви Хитойга қўшиб, унинг иттифоқчиларини ҳам мўлжалга олган. Ҳозирча бу чораларнинг қандай натижа бериши борасида аниқ таҳлил мавжуд эмас. Бундай "қарши ҳужум" Демократлар, шунингдек АҚШ даги элитага ёқиб тушяпти. Аммо аксарият иқтисодчиларнинг фикрича, иқтисодий чоралар бир неча йил АҚШ нинг ўзига қарши ишлаши мумкин. Мутахассисларнинг фикрига кўра, АҚШ нинг бу ҳаракатлари 1980-йилларида бошланганида, эҳтимол кутилган натижа бериши мумкин эди. Бугун эса Хитой кечаги кучсиз давлат эмас.

Хитойнинг бозорга эҳтиёжидан келиб чиқиб маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноатига менсимаслик билан қараш тўғри эмас. 3 триллион долларлик хорижий валюта заҳирасига эга Хитойнинг халқаро савдо тизимида яхшигина ўрни бор. Айниқса, жамиятда қонун ҳукмронлиги ҳамда муносиб менежмент, таълим ва илмий фаолиятнинг ривожланаётгани мамлакатда бизнес ва инновацияларнинг тараққиётига хизмат қилмоқда.

Йирик компанияларнинг ҳукумат томонидан ҳимоя қилиниши Хитой иқтисодиётининг яна бир кучли жиҳати. Иқтисодчилар бунга нисбатан "илғор ва шаффоф саноат демократияси" деган янги изоҳни қўллашмоқда. Хусусан, "Made in China 2025" дастури доирасида электроника, "сунъий ақл" технологиялари ва бошқа муҳим иқтисодий секторларга тикилган йирик миқдордаги сармоя яқин йилларда ўз натижасини бериши ҳозирданоқ айтилмоқда. Айниқса, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликнинг мустаҳкамлангани мамлакатдаги компанияларнинг ўсишига, илмий муҳитнинг истиқболига хизмат қилмоқда.

Хитойнинг юксалиши АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун танг вазиятни юзага келтирмоқда. Иқтисодчи ва сиёсатчилар бу жараёнда қўл қовуштириб туриш ҳам, шунингдек иқтисодий чоралар билан вазиятни таранглаштириш ҳам яхшилик билан тугамаслигини айтишмоқда. Чунки бу иқтисодий жанг асосан икки мамлакатнинг ҳамкори бўлган давлатлар иқтисодига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Шунингдек, иқтисодий гегемонлик ортидан ҳарбий низоларнинг келиб чиқиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хулоса қиладиган бўлсак, икки кучли иқтисодиётга эга давлатлар ўртасидаги бу жангда ҳеч ким ғолиб бўлмайди. Бинобарин, инсоният ютқазади. Шу боис, бу масалада ўзаро келишиб, "сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган" сиёсатни олиб бориш бутун жаҳон учун манфаатлидир.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги мухбири


Мавзуга оид