Минбар 1639 16.06.2019 03:36:46

Ўзбекистонда юрак хасталиги ва саратон нега оммалашмоқда?

Ўзбекистонда юрак хасталиги ва саратон нега оммалашмоқда?

Ўтаётган ҳафтада бир қатор депутатларнинг пальма ёғининг зарарига оид фикрларини қулоғимга чалинди. Бу мавзу 2017 йилда менинг диққатимни тортган эди. 

2017 йилнинг май ойида Европа озиқ-овқат стандартлари ва хавфсизлиги ташкилоти бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи таркибида канцероген моддалар аниқланганини маълум қилди. Яъни қандолат, хусусан шоколад тайёрлашда кенг фойдаланилаётган пальма ёғи 200 даражадан юқори иссиқликда қиздирилганда ундан глицидил моддасига эга ёғли эфир кислотаси ажралиб чиқар экан.

Мутасаддилар нима дейди?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, бу кислота генотоксик ёки канцероген модда бўлиб, саратон хасталигини келтириб чиқаради ҳамда ривожлантиради. Хусусан, бу ёғ саратон хасталиги тўқималари кўпайиши ва тананинг бошқа ерига кўчиб ўтишига ёрдамлашади. Айниқса, бундай моддалар организми ҳали нимжон бўлган болаларнинг саломатлиги учун катта хавф туғдиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сайтида келтирилишича, бошқа муқобиллари билан таққослаганда, мазкур ўсимлик ёғи таркибида тўйинган ёғлар миқдори жуда юқори. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 2003 йилдаёқ тўйинган ёғларга бой маҳсулотлар юрак-қон томирлари касалликларига чалиниш хавфини оширишини маълум қилган. 

Ушбу ёғдан кенг фойдаланаётган 23 та давлатда ўрганишлар ўтказилганда, пальма ёғи истеъмоли ва юрак хуружи касалликлари ўртасида алоқадорлик мавжудлиги аниқланган. Яна бир тадқиқот натижаси пальма ёғини мунтазам истеъмол қилиш қондаги холестерин миқдорини ошириб юборишини кўрсатган. 

Ҳозирда ҳар йили 66 миллион тонна пальма ёғи ишлаб чиқарилади ва 1995 йил билан қиёслаганда, ишлаб чиқариш жаҳон миқёсида 4 баробарга ошган. Унинг учдан икки қисми озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноатида фойдаланилади. 

Ўзбекистондаги ҳолат 
Бугун биз ҳар куни истеъмол қилаётган сутли маҳсулотлар, шоколадли қандолат маҳсулотларида ҳам пальма ёғидан кенг фойдаланилади. Айниқса, болалар учун шоколад пасталари ишлаб чиқарувчи компаниялар даромад топиш, кам харажат қилиш учун пасталарга писта ёғи ўрнига пальма ёғидан қўшишади. Қатиқ, қаймоқ ва сарёғ, маргаринларга ҳам таннархи арзонлашиши учун пальма ёғи қўшилган бўлади.

Малайзия ва Индонезия асосан ана шундай ёғ экспорти билан шуғулланади. Жаҳон миқёсида 85 фоиз пальма ёғи ана шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар йили Ўзбекистонга хориждан, асосан Малайзиядан 50 минг тоннадан зиёд пальма ёғи олиб келинади ва озиқ-овқат саноатида кенг фойдаланилади.

Европа қаттиқ курашмоқда
Буюк Британиянинг «The Independent» нашрига кўра, Европада 2016 йилдан бошлаб пальма ёғи қўшиб тайёрланган маҳсулотларга қарши аёвсиз кураш кетмоқда. Мисол учун, ўша йилнинг май-август ойларида пальма ёғи қўшилган 200 дан зиёд маҳсулот савдо расталаридан олиб ташланган.

Нима қилмоқ керак?
Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бугун нима сабабдан давосиз саратон хасталиги кўпайиб кетди? Айниқса, ошқозон саратони тобора оммалашаётгани хавотирли эмасми? Кунора ён-атрофимиздаги кимдир юрак хуружидан вафот этяпти. Ўзбекистонда ҳам гўдаклар ўртасида саратоннинг ҳар хил турлари билан оғриётганлар сони кўпаймоқда. Чунки дастурхонимиздаги сохта маҳсулотларнинг сони ортаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосаларини, илмий тадқиқот натижаларини ҳисобга олсак, давосиз дардларнинг қўзғатувчиси дастурхонимизда бўлиб чиқади. Шуларни ҳисобга олиб, қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчиман.

1. 2018 йилнинг 16 январида Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга асосан қандолат ва сут маҳсулотлари ҳамда пальма ёғидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат ишлаб чиқараётган тадбиркорлар фаолиятини алоҳида назоратга олиш.

2. Пальма ёғи ва бошқа маҳсулотларнинг инсон организмига салбий таъсирлари, саратон хасталикларини ўрганиш юзасидан илмий ишлар учун давлат грантлари ажратиш.

3. Пальма ёғи импортини босқичма-босқич камайтириш ва унинг ўрнига экологик тоза, инсон саломатлиги учун фойдали муқобил ёғлардан фойдаланиш чораларини кўриш.

4. Пальма ёғи қўшилган маҳсулот ёрлиқларида маҳсулот таркибидаги пальма ёғининг миқдорини алоҳида кўрсатиш амалиётини жорий қилиш.

Шуҳрат Сатторов, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги мухбири.


Мавзуга оид