Минбар 1844 12.06.2019 13:54:43

Кореяда ишлаш ҳуқуқини таъминлайдиган "C-4 визаси" кимларга берилади?

Кореяда ишлаш ҳуқуқини таъминлайдиган "C-4 визаси" кимларга берилади?

2018 йилнинг сентябрида "Қишлоқ хўжалиги технологиялари" фани доирасида Шимолий Гёнгсанг вилоятида жойлашган Ёнгянг қишлоқчасидаги тарвузчилик фермасига бир кунлик амалиётда бўлдим. 50 минг квадрат метр майдонни эгаллаб олган тарвузчилик фермасида иш қизғин. Бу ердаги 5 нафар ишчи ўзбекистонлик экан. Улар қисқа муддатлик виза асосида Кореяга келишган экан.

Яқинда қадоқлаш технологиялари мавзуидаги амалий ўқув доирасида Чолладо вилоятида жойлашган фермер хўжаликда бўлдим. Бу ерда жами ўттиз нафар ишчи меҳнат қилади ва уларнинг ўн тўрт нафари Осиёнинг турли давлатларидан келишган ва тўлиқ бўлмаган меҳнат келишуви бўйича ишлашади. Яъни, улар ҳам қисқа муддатли меҳнат учун ташриф буюришган.

Фермернинг сўзларига кўра, давлат бириктирадиган мавсумий ишчилар билан айни иш қизғин паллада ҳамма ишга улгуриш осон эмас. Жанубий Кореяда ёш эркаклар оммавий равишда шаҳарларга кўчиб кетишмоқда, шунингдек қишлоқларда туғилиш кам ва аҳолининг ўртача ёши тобора кексаймоқда. Натижада, хорижий муҳожирлар бу ердаги ишчи кучига бўлган эҳтиёжни тўлдирадилар. 

2015 йилда ҳукумат мавсумий ишчиларга оид синов дастурини йўлга қўйган. Унинг асосий мақсади хориждан мавсумий иши кучини олиб келиш. Бундай ишчилар қисқа муддат мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берадиган С-4 визасини олишади. Яъни, С-4 визаси билан Жанубий Кореяда 90 кун меҳнат қилса бўлади. Уни қишлоқ хўжалигида ишлаш кўникмасига эга барча олиши мумкин.

Мавсумий ишчи дастури доирасида ҳозирча Жанубий Корея  Вьетнам, Камбодия, Малайзия ҳамда Индонезия билан ҳамкорлик ўрнатган. Шунингдек, мамлакатда истиқомат қилаётган ҳамда Корея фуқароси билан турмуш қурганлар ҳам мазкур виза асосида оила аъзоларини мавсумий ишларга чақиришлари мумкин. 

2015 йилда синов тариқасида 15 нафар хорижлик мавсумий ишларга жалб қилинган бўлса, 2018 йилнинг охирига келиб уларнинг сони қарийб 3 мингтага етган. 

Адлия вазирлигининг шу йилнинг 29 майида маълум қилишича, айни пайтда 2600 нафардан зиёд С-4 визали ишчилар мамлакатдаги 41 та шаҳар ва туманларда меҳнат қилишмоқда. Бироқ ҳозирча бу фермерларнинг меҳнат кучига бўлган эҳтиёжи учун етарли эмас. Шунинг учун, фермерлар ҳануз мамлакатда бўлган хорижликларни ишга ёллашмоқда ёки ноқонуний йўллар билан хориждан ишчиларни чақиртиришмоқда. 

Айниқса, Жанубий Кореяда нок ва шафтоли пишиғи мавсумида қишлоқ ҳудудларида катта миқдордаги ишчи кучига эҳтиёж туғилади. Бу ерда фермерлар ўртача 10-12 минг квадрат метр майдонли боғларда деҳқончилик қилишади. 

Жанубий Корея қишлоқ хўжалигида бугунги кунда "қиймат инқилоби" содир бўлаётганини ҳисобга олсак, ҳар бир фермер рақобатда ғолиб чиқиш учун маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратади. Бу эса қўшимча ишчи кучига бўлган эҳтиёжни юзага келтиради. 

Ёлланма мавсумий ишчиларнинг кунлик маоши ҳам шунга яраша. Мисол учун, Гангвон вилоятидаги картошкачилик фермасига ташрифим давомида бу ердаги ишчилар ҳар куни 100 минг вон ($89) дан 120 минг вонгача ҳақ олишларига гувоҳ бўлдим. Аммо аксарият ноқонуний меҳнат муҳожирлари бундан ҳам арзонга ишлашади. 

Кўпчилик фермерларнинг сўзларига кўра, мавсумий ишчилар дастури яхши ғоя, аммо хорижий ишчилар сонини ошириш лозим. Шунингдек, муҳожирлар учун зарур шарт-шароитларни, кунлик маошларни ҳам назоратга олиш керак. Мисол учун, 2018 йилда 83 нафар шундай ишчи ўз иш жойини ташлаб кетган. Бундай ишчилар кўпроқ ҳақ тўланадиган қурилиш соҳаларига ўтиб кетишмоқда. 

Айни пайтда Жанубий Корея ҳукумати C-4 визаси асосида мамлакатга келувчи меҳнат муҳожирлари сонини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда. Аммо  С-4 визаси асосида ишчи кучи алмашиш бўйича Корея ва Ўзбекистон Республикалари ўртасида бирор келишув ва ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Умид қиламизки, Ўзбекистонда фуқароларни хорижда иш билан таъминлаш бўйича монополияга чек қўйилгани бу йўналишдаги янги ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилади. 

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Мавзуга оид