Минбар 547 09.06.2019 12:35:04

Ошқозонимизни заҳарлашса - жазолаймиз, онгимизни заҳарлаётганни-чи?

Ошқозонимизни заҳарлашса - жазолаймиз, онгимизни заҳарлаётганни-чи?

Шу кунларда номи чиққан лавашхонадаги заҳарланиш воқеаси жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинмоқда. Ҳар ким ўзига қулай ерда - ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, телевидениеда, радиода ёки газетада бу тўғрида муносабат билдирмоқда. Менинг диққатимни дўстим, журналист Беҳзодбек Адизовнинг фикри ўзига тортди. 

"40 кишини заҳарлаган лавашхона устидан жиноят иши очилибди. Соғлик тилайман, тезроқ тузалиб чиқишсин. Лекин минглаб одамлар онгини заҳарлаётган клиплар, сериаллар, сариқ газеталар ва ҳар хил ижтимоий тармоқлар устидан ҳам иш очилса..."

Psychology today халқаро саломатлик нашрининг ёзишича, ошқозон инсон танасидаги иккинчи мия экан. Олиб борилган изланишларга кўра, ошқозон экотизимида 100 миллиондан зиёд нейронлар мавжуд, яъни, орқа миядагидан ҳам кўп. Гарчи, ошқозон билан фикрлашнинг иложи бўлмаса ҳам, у инсоннинг узоқ яшаши учун муҳим вазифани амалга оширади - истеъмол қилинаётган таомга кўра асаб тизимига хабар юборади ва танамизга кайфият улашади. Улар инсон танасидаги бактериялар ёрдамида алоқа алмашишади. 

Тиббий тажриба хулосаларига кўра, ошқозон миядан анча кучли экан. Бунга ҳаётий мисоллар орқали ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Мисол учун, ошқозон ўзига ёқмаган маҳсулотни ҳазм қилмайди, танлаб-танлаб ейди, тўйса хабар беради, ўзига ёқмаган нарсани маълум қилади ёки  қайд қилиб ташлайди. Аммо инсон мияси бу салоҳиятга эга эмас: у ахборотнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам қабул қилади, тўйганини билмайди. 

Медианинг инсон хулқ-атворига таъсири сўнгги юз йилликда нейрологларнинг диққат-марказидаги масала бўлди. Медиада одамларни ишонтириш, олға бошлаш ва илҳом бағишлаш кучи бор, шунингдек унинг орқали одамларни ҳиссий, руҳий ва хулқий шаклланишига таъсир қилиш мумкин. 

1920 йиллардан бошлаб руҳшунослар "медиа зўравонлик" деган тушунчани ишлатиб келишади. Айнан шу вақтдан бошлаб болалар ва катталар оммавий равишда медиа орқали узатиладиган зўравонлик, зарарли ғояларнинг истеъмолчисига айланишган. 

Америкалик руҳшунос олим Фредерик Вертҳам 1954 йилда ахборотнинг турлари ва уларнинг инсон феълига таъсири хусусида илмий хулосаларини эълон қилди. Мисол учун, ҳадеб кўнгилочар ахборотларни истеъмол қилаётганлар ўртасида саводсизлик ва енгил-елпи турмуш тарзининг авж олиши; ёлғон ва сохта ахборотларни истеъмол қилаётганлар орасида тушкунлик даражасининг ошиши; зўравонлик ва беҳаёлик мавжуд ахборот истеъмолчиларида шафқатсизлик ва иккиюзламачилик каби хулқлар пайдо бўлиши ўша вақтлардаёқ исботини топган. 

1961 - 1963 йилларда америкалик руҳшунос Алберт Бандура "Қўғирчоқ" номли тажрибани ўтказади. Унга кўра, ота-оналар қўғирчоққа қандай муносабатда бўлишса, болалар ҳам худди шу муносабат билан улғайишган. Ижтимоий шаклланиш назариясига кўра кузатиш, тақлид қилиш ва моделлаштириш жамият онгини йўналтиришнинг муҳим воситаси саналади. "Овертон туйнуги" номи билан танилган назария ҳам бугун инсон ақлбоварқилмас деб ҳисоблайдиган ишларни медиа орқали босқичма-босқич "оддий ва қилиш мумкин бўлган иш"га айлантирса бўлишини исботлаган.

Зарарли ахборотнинг ёшлар тарбиясига таъсири хусусида эрамиздан аввал яшаган афиналик файласуф Платон ҳам ташвиш билан кўп маротаба ёзади. 2009 йилда эълон қилинган "Фергюссон ва Килбурн" назариясига кўра, зарарли ахборот сабаб истеъмолчида учта хавфли хулқ бўй чўзади - тажовузкорлик, исёнкорлик, беҳаёлик.

Назария ва тажрибаларни четга суриб, ҳаётни кузатайлик. Бугунги хабарларни ўқиб туриб, кўпчиликнинг хаёлидан бир фикр тез-тез ўтяпти: "одамзодга нима бўляпти?" Энг ачинарлиси, бу ҳодисалар фақатгина биздан узоқда бўлаётгани йўқ. 

Болалигимиздан ғарбона сериалларга маҳлиё бўлиб улғайдик, "ур-ўлдир"дан иборат фильмлардаги қаҳрамонлар ва уларнинг қотилликларидан илҳомландик, қаҳрамонларнинг енгил-елпи ҳаёт тарзи туфайли муҳаббатнинг нималигини унутиб қўйдик.  

Боласини сотган она, отасини ўлдирган ўғил, шафқатсизларча бир-бирини бўғизлаётган ёшлар, оилани таг-туги билан қираётган тўдалар, хиёнат ва андишасизлик.

Буларни кузатиб туриб, "қаҳрамон" қотиллар, саҳналар, сюжетлар фильм ва сериаллардан чиқиб, ҳаётимизга кириб келганидан даҳшатга тушаман. Аммо бундан ҳам даҳшатлироқ ҳақиқат бор: жамиятимиз бугун истеъмол қилаётган ахборот мазмунига кўра кечагидан юз чандон хавфли ҳамда уларнинг миқдори бир неча юз маротаба кўп.

Хусусан, кўз илғамас ғоялар мавжуд ёт сериаллар, енгил-елпи томошалар, ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан ўзимизни, фарзандларимизни ҳимоя қилишимиз керак. Акс ҳолда, бугун миямиз "еб юбораётган" зарарли медиа маҳсулотлар эртага катта хавф бўлиб қаршимиздан чиқади. 

Шуҳрат Сатторов, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Мавзуга оид