Минбар 833 08.06.2019 19:57:36

“Кўзига ур, жағига сол!”

“Кўзига ур, жағига сол!”

Октагон қаршисига ўтириб олиб, қафасда бир-бирини калтаклаётган икки “хўроз”дан бирига мухлислик қилаётган одамга ўхшадимми? Шундай бўлганда ҳам майли эди(ҳар ҳолда у ерда икки ақли расо одам ўзи хоҳлаб, ҳар қандай оқибат ва натижаларни яхши билгани ҳолда жангга киради). Лекин бу соф ўзбекона чақириқ бугун ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган икки гўдак, тахминан 7-8 ёшли болаларнинг урушаётгани акс этган видеолавҳада қулоққа чалинди. Бу воқеа қачон ва қаерда содир бўлгани номаълум. Бироқ улар миллатдошларимиз.

Тўғриси, бу видеони кўришга асабим чидамади. Табиатан кўнгли бўш одам эмасман. Болаликда биз ҳам кўп уришганмиз, муштлашганмиз. Бари яширинча ва бекитиқча бўлган. Одам ўтмас овлоқ кўчаларда муштлашганмиз. Чунки бирор катта ёшли одам ўтиб қолмасин ва бу гап ота-онамиз қулоғига етиб бормасин, деб қўрқардик. Сабаби отам ёки яқинларим ҳеч қачон бу тарзда оғзи-бурним қонга тўлгунча биров билан урушишимга йўл қўймасди.

Бироқ тарқаган видеода икки бечора бола отаси ёки акасининг(балки бегонадир) қистови билан оғзи бурни қонга тўлса-да, муштлашяпти. Атрофида бир гала томошаталаб ёввойи оломон. Бирорта мард, ақли расо одам топилмаган уларни айриб қўйишга.

Тўғри, “Нима қипти? Эркак киши уришади, тепишади, муштлашади. Қиз болага ўхшаб нозик бўлиши керакми?”, дейдиганлар ҳам бор.

Хўш, сиз айтган шу эркакча тарбиянинг ёввойи услубларини оқлаш қанчалик адолатли?

Боланинг қанча жони бор?

Дайди мушт кўзига тушса, кўр қилса, нима бўлади?

Оёқ билан берилган зарб жигарига тегса-чи?

Ёки умуман нозиқ нуқталарига тушса-чи?

Кейин отаси бир умр “эркакча тарбия” услубидан афсусланиб ўтадими? Ва ногирон бўлиб қолган бола учун бу афсус-надоматнинг қанчалик фойдаси бор? Гап шу ҳақида!!!

Ўғил болани ўзини ҳимоя қила оладиган эркак қилиб тарбиялашнинг бошқа усуллари етарли. Спорт тўгаракларига берсин. Бунга имкони бўлмаса, уйида шунга шароит яратсин!

Масаланинг яна бир жиҳати: мусулмон одамнинг фарзандига “юзига ур, жағига сол” дейиши қанчалик тўғри? Ҳадиси шарифларда бундан қатъий қайтарилган қанча ўринлар мавжуд.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинишича, "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз ходимини урадиган бўлса, юзига уришдан четлансин", дедилар".

Кўриниб турибдики, юз динимизда инсоннинг энг азиз ва шарафли аъзоларидан бири ва унга уриш ман этилади.

Исломда нафақат инсон, ҳатто ҳайвонларнинг ҳам юзига тамға босиш мумкин эмас. Жобирдан ривоятда "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тумшуғига тамға босилган ҳайвоннинг олдидан ўтдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Ким мана шу ишни қилган бўлса, Аллоҳ уни лаънатласин. Ҳеч ким юзга бундай тамға босмасин ва юзга урмасин", дедилар", дейилади.

Инсон тугул, ҳайвонларнинг юзига тамға босиш, бурнини кесиш ва бошқа шу каби ҳатти-ҳаракатлар Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўладиган амаллар саналади.

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг: икки норасида, ақлини таниб улгурмаган болаларни юзига, кўзига уришга ундаётган одамлар қандай жавоб беради?

Энди масаланинг ҳуқуқий жиҳатига эътибор қаратамиз.

Мазкур видеода Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддасида қайд этилган “Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш” ҳаракатлари мавжуд. Аслида, бу икки ўсмирнинг муштлашаётганининг ўзи жиноят, яъни безорилик жинояти. Бироқ бу ўринда “Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар”(б-банди: икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан) жиноят аломати сифатидан баҳоланиши мумкин.

Шундай экан, икки вояга етмаган болани уриштириб, томоша қилиб завқланаётган ва “оч биқинига ур”ишга буюраётганларни топиб, тегишли жазо қўлланиши керак.

Томошаталаб оломон ичида бугун сўкишиб бети, урушиб эти қотган бола эртага бундан-да ёвузроқ, бундан-да бемеҳрроқ бўлиши турган гап.

Муслим Мирзажонов,
журналист


Мавзуга оид