Минбар 573 07.06.2019 00:08:16

Оқилона ер сиёсати: Хитойни “кўтарган” қишлоқлар

Оқилона ер сиёсати: Хитойни “кўтарган” қишлоқлар

Бундан ўттиз йиллар илгари энг йирик миқдордаги қашшоқ аҳолига эга Хитой жаҳоннинг қишлоқ хўжалигига таянган камбағал мамлакатларидан бири эди. Хитой Халқ Республикасининг тараққиёти сўнгги ўн йилликда фавқулодда воқеа бўлди. 1980-йилларда бошланган ривожланиш натижасидан бугун ҳар бир хитойлик манфаатдор. Шу йиллари сув омборлари, суғориш тизимлари ҳамда магистрал автомобил йўллари қурилгани бугунги фаровонликка замин яратди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан сўнг мамлакатдаги қашшоқлар сони 700 миллион нафарга камайди. Хусусан, ўша йиллари ҳудудларда яшайдиган қашшоқлар сони 260 миллион нафардан ошган бўлса, 2010 йилда 26.9 миллион, 2018 йилга келиб 30 миллион нафарни, яъни аҳолининг 2 фоизини ташкил қилмоқда.

Сўнгги 5 йилда мамлакатдаги 68.5 миллион нафар инсонга қашшоқликдан халос бўлиш учун кўмак берилди. Яъни, ҳар куни 37,000 нафар фуқаро иқтисодий-ижтимоий хавфлардан халос бўлган. Миллий қашшоқлик даражаси 10.2 фоиздан 3.1 фоизга тушган. Иқтисодчилар Хитойни қисқа фурсатда қашшоқлик даражасини 70 фоизга қисқартира олган илк ривожланаётган давлат сифатида тилга олишади. Бу ҳодиса давлатнинг оқилона ер сиёсати билан боғланади.
700x500mum_bent_over_in_field_2006-lr_bm60jeh.jpg
2018 йилда Хитойдаги камбағаллар сонини 10 миллион нафарга камайтириш режа қилинган. Қашшоқликка қарши курашда Хитойнинг миллий тажрибаси эътиборга молик. 2015 йилда қабул қилинган режа асосида ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлиги, мажбурий таълим, бошланғич тиббий ёрдам, фермерлар даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бунинг учун мамлакат миқёсида ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож фуқароларнинг маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда. Ҳар бир инсон, оила, қишлоқ ҳолати тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳудудни ривожлантириш чораси ишлаб чиқилади. Бугунги кунгача мазкур тизимга 128 мингта қишлоқ, 290 мингта хўжалик, 90 миллион нафар кўмакка муҳтож фуқаро киритилган. Мазкур тизимга эътиборга муҳтож ёши катталар, имконияти чекланганлар ҳамда жиддий касалликка чалинганларни киритиш ҳам белгиланган.
main_900.jpg
Хитойнинг бу борадаги тажрибаси эътиборга молик. Тизимга киритилган қишлоққа қашшоқликка қарши курашиш бўйича 3 нафар аъзодан иборат махсус жамоа юборилади. Хитой бўйлаб 128 минг нафар ана шундай гуруҳ тузилган. Сиёсий партия ҳамда ҳукумат вакилларидан таркиб топган гуруҳ ўзига бириктирилган қишлоқда 2 йилдан 3 йилгача истиқомат қилади ва ҳудудни ривожлантириш бўйича режа ишлаб чиқади. Хусусан, мазкур гуруҳ аҳоли ўртасида ернинг тенг тақсимланишини ҳам ўз назоратига олади. Конфуций таълимотига кўра, ер – муқаддас ва ҳар бир оиланинг ўз ерига эга бўлиши шарафлидир. Шунинг учун, ерли бўлиш истагидаги ёш оилаларга қишлоқ ҳудудида ер ажратиш амалиёти мавжуд. Ва, иқтисодчиларнинг фикрича, бу амалиёт мамлакатда қашшоқликни камайтиришнинг самарали чоралари сирасига киради.

Кичик деҳқон-фермерлар учун ердан унумли фойдаланиш бўйича ўқувлар ташкил қилинади, уларнинг йирик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишига кўмаклашилади. Хитойда деҳқон-фермерларга ерларини шартнома асосида вақтинчалик фойдаланишга, яъни ижрага беришни қўллаб-қувватлайдиган қонуннинг қабул қилиниши ҳам қишлоқларнинг ривожланишига ҳисса қўшди.
D1522_6_016_0004_600.jpg
Хитой Молия вазирлигига кўра, қашшоқликка қарши дастурлар учун 2018 йилда 16.7 млрд. АҚШ доллари, яъни 2017 йилдагидан 23.2 фоиз кўпроқ маблағ йўналтирилган. Бу маблағлар ҳудудларни ривожлантиришга сарф қилинади.

Қашшоқликка қарши курашиш дастурининг мақсади, шунингдек ўз ичига аҳоли ўртасидаги тенгсизликни ҳам камайтириш, муносиб фикр ва касбга эга фуқароларни рағбатлантириш, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш, турмуш тарзи учун замонавий инфратузилма яратиш вазифаларини ҳам қамраб олади.

Ҳудудни ривожлантириш учун ташриф буюрган жамоа молиялаштирилиши учун бешта муҳим вазифадан иборат умумий дастур тайёрлайди:
1) Қашшоқликни камайтириш бўйича мақсадли режа ишлаб чиқиш, миллий ривожланиш жараёнига аҳолининг иштирокини ошириш;
2) Молиявий сармоя олиб кириш, иш ўрни яратиш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
3) Камбағал аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга, фаровон яшашга рағбатлантириш, муносиб уй-жойлар билан таъминлаш;
4) Ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, маҳаллий саноатни ривожлантириш;
5) Таълим ва тиббиёт тизимларини такомиллаштириш, ҳудуднинг санитария ва гигиена ҳолатини яхшилаш.
Қишлоқларда кутубхоналар, онлайн синфхоналар, ўқув шароитлари яратиш, ободонлаштиришда хусусий сектор, яъни компанияларнинг ҳам мустақил лойиҳалари амалга оширилмоқда.
xijiang_qianhu_miao_village.jpg
Айниқса, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларга сифатли давлат хизматларини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк-молия хизматлари, онлайн харид кўлами тобора ошиб бормоқда. Бунинг учун Хитой сифатли интернет ва алоқа тармоқлари билан қамраб олинган. Аҳоли ва давлат ўртасидаги самарали муносабат уйдан чиқмай туриб ҳам ўрнатилади. Биргина онлайн харид қилиш тизими орқали юз минглаб хитойликлар иш билан таъминланган, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш хизматлари ривожланган.

Хитойда, айниқса қишлоқ туризми жуда тез ривожланмоқда. Турфа хил гул ва ўсимликларни парваришлайдиган, бир неча юз турдаги капалакларни кўпайтирадиган, ўзига хос таомлари ҳамда бошқа ўзига хосликлари билан жаҳонга танилиб бораётган Хитой қишлқолари сони ортиб бормоқда. Натижада, 2016 йилда қишлоқ ҳудудларига 100 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2017 йилда уларнинг сони 220 минг нафарга етди. Бу эса аҳоли даромадининг ошишига хизмат қилади.

Хитойнинг юқорида қайд этилган ривожланиш тажрибаси жаҳоннинг ривожланаётган давлатлари учун муносиб қўлланма бўлиши мумкин. Айниқса, деҳқон-фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тараққиётни орқага тортувчи омил – қашшоқликнинг йўқ бўлишига хизмат қилади.

Шуҳрат Сатторов,
Ёнсей университети тадқиқотчиси, human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Мавзуга оид