Минбар 429 06.06.2019 08:45:20

Жамоатчилик назоратининг кучи: энди чироқ ёқиб юриш шарт эмас

Жамоатчилик назоратининг кучи: энди чироқ ёқиб юриш шарт эмас

Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 9 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сонли қарорининг “Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш” деб номланган бобининг 138-бандида “Куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”лиги белгилаб қўйилган эди.

Бу жамоатчилик орасида кўп муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди. Қолаверса, Қонунчилик палатасининг бир неча фаол депутатлари ОАВ орқали бу қонунни қайта кўриб чиқиш кераклиги ҳақида фаол муносабат билдиришди. Бироқ мутасадди ташкилотлар томонидан қарор кучга киргач, автотранспорт воситаларида иштирокидаги йўл транспорти ҳодисалари сони камайгани ҳақида ахборот берилди. Кўпайиб бораётган автомобил ёнғинларига ҳайдов воситларидаги техник носозлик ва ўзбошимчалик билан ўрнатилган ёритиш асбоблари сабаб, дея изоҳ беришди.

Аммо куни кеча Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 4 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 460-сон қарори қабул қилингани ҳақида хабар берилди.

“Тартиб жорий этилгандан сўнг ўтган давр давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу тартиб таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида Ҳукуматга киритилган.

Қабул қилинган Ҳукумат қарорига (460-сон, 04.06.2019 й.) мувофиқ “фаралар” бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади.

Яъни қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.

Бундан ташқари, Ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини (ҳозирда 101 минг 365 сўм) камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади”, дейилади хабарда.

Соддароқ қилиб айтганда, транспорт воситангиз чироқлари ўт олдирган пайтда автоматик тарзда ёнмаса, 2021 йил 1 январга қадар кундуз кунлари “чироқларингиз”ни ёқиб юришингиз шарт эмас.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида янги қарорни шундай изоҳлади:

“Бу талабнинг амалга киритилиши конструкциясида кундузги сигнал чироқлари мавжуд бўлмаган автомототранспорт воситаларини ушбу жараёнга тайёрлаш (кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозлаш)да қўшимча вақт зарурлигини тақозо этмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган барча автомототранспорт воситаларига мажбурий техник талаб сифатида ишлаб чиқарувчилар томонидан автомат ёниб турувчи кундузги сигнал чироқларини ўрнатиш талаби белгиланмагани натижасида фуқаролар автомототранспорт воситаларини ўзбошимчалик билан кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозламоқда. Ўрнатилаётган кундузги сигнал чироқларининг сифатсизлиги эса автомобилларга зарар етишига сабаб бўлаётир.

Қолаверса, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасида ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун ҳайдовчиларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми (101 минг 365 сўм) миқдорида жарима солиш назарда тутилган. Бироқ, амалда куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаган автомототранспорт воситалари ҳайдовчиси ҳам ушбу норма бўйича маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда. Мана шу жиҳатларнинг барчаси чуқур ўрганилган ҳолда Ҳукуматнинг ушбу соҳага оид янги қарори тайёрланди ва қабул қилинди”.

Шу ўринда савол туғилади. Қандай ҳолларда куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши шарт?

Қарорга мувофиқ, ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётган транспорт воситалари, йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситалари, болалар гуруҳини ташкилий ташиётган транспорт воситалари, хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташиётган транспорт воситалари, шатакка олиб кетаётган механик транспорт воситаси, мотоцикл ва мопедлар кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, тартибнинг бекор қилишини — бу жамоатчилик назоратининг тантанаси. Кенг омма томонидан янги тартиб-қоиданинг кескин танқид қилиниши депутатлар ва Адлия вазирлигининг ҳаракатлари натижасида қонунда тегишли ўзгартиш ва тузатишлар киритилишига сабаб бўлди.


Мавзуга оид