Минбар 662 04.06.2019 14:05:53

Ўзбекистонда сайёҳни қийнаган муаммолар ва қувонтирган ҳайратлар

Ўзбекистонда сайёҳни қийнаган муаммолар ва қувонтирган ҳайратлар

Бир нечта таниқли блоггерларни ҳисобга олмаганда, танишларим орасидан Ўзбекистонда бўлганларни билмайман. Америкалик дўстларимнинг аксарияти бу давлатни харитада кўрсатишга ҳам қийналишади. Чегаралари Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон билан ўраб олинган бу мамлакатга бориш тўғрисидаги қароримни эшитишгач, оиламдагиларнинг биринчи саволи "тинч юртми?" бўлди (аниқ-лўнда жавоб: "жуда!") Аввалбошданоқ ўзимни Ўзбекистонда маҳаллий аҳоли орасига шўнғиб кетган ягона ғарблик сифатида тасаввур қилдим.

Ўзбекистонга қизиқиш ошган

Хато ўйлаган эканман: Ўзбекистон бўйлаб ҳар қадамда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўрасиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги қадамжолар зиёратчилар билан доимо гавжум. Икки ҳафталик саёҳатим мобайнида биргина америкалик, кўплаб тожикистонлик, қозоғистонлик, россиялик, австралиялик, британиялик, германия ва франциялик сайёҳларни учратдим.

Тезюрар темирйўл тармоғи, менга арзон туйилган ҳаво рейслари, қулай жамоат транспорти мустақил саёҳатчи учун айни муддао. Мамлакат ичида 11 кунлик саёҳатим учун сайёҳлик фирмаси $2,285 доллардан бошланувчи хизматларини таклиф қилди.

Саёҳатимни ташкил қилган Австралия фирмасига кўра, сўнгги икки йилда Шимолий Америкадан саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга келиш оқими 400 фоизга, халқаро миқёсда эса 91 фоизга ошган (фирма фаолиятига дахлдор кўрсаткичлар). Бошқача айтганда - сайёҳлар келишмоқда. Ҳозир эса кўрган-билганларимни бўлишмоқчиман.

original_open-uri20190530-12249-lsl0mh.jpg

Ўзбекистонга келиш ҳар қачонгидан осон

Мамлакат бош вазири лавозимида фаолият кўрсатиб келган Шавкат Мирзиёев 2016 йил президент этиб сайлангач, ислоҳотчи сифатида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини ривожлантиришга ҳам диққатини қаратди: қирқдан ошиқ мамлакат, жумладан америкаликлар учун анъанавий виза бекор қилинди; сайёҳлик визасининг муддати 15 кундан 30 кунга узайтирилди; 2018 йилнинг июлидан онлайн виза учун рўйхатдан ўтишга мўлжалланган сайт ишга туширилди. Албатта, сайтда камчиликлар йўқ эмас. Бир-икки уринишим самарасиз кетгач, iVisa.com мен учун бу ишни қилишига $40 доллар тўладим.

Виза жараёни соддалашган бўлса ҳам, сайёҳлар маҳаллий полиция маҳкамасида рўйхатдан ўтишлари керак. Бу ишни сиз учун меҳмонхона амалга оширади. Мамлакатни тарк этаётганда бу тўғридаги ҳужжатни чегара назоратчисига тақдим этишингиз керак.

Муаммолар йўқ эмас, ўсиш ҳам

Аэропортдаги паспорт назорати бор-йўғи беш дақиқа давом этганидан ҳайратландим (илгари бунга 3-4 соат кетиши ҳақида эшитган эдим), ўзгаришлар ёмон эмас.

 Валюта алмаштириш - янада осон

2016 йилгача расмий ва норасмий доллар курси ўртасида катта фарқ бўлган. Устига-устак, йирик сонли банкноталар йўқлиги учун сайёҳларнинг сафархалтаси нақд пул билан тўлар эди. 2017 йилдаги ислоҳотлар натижасида, сайёҳ валютани ҳамма ерда бир хил курсда алмаштириб олиши мумкин бўлди.

Нақд пул ҳозирча Ўзбекистонда "тахтдан" тушгани йўқ. Юқори даражали меҳмонхоналар, бир нечта ҳашаматли дўкондорлардан ташқари, барча ерда нақд пулга хомтама бўлишади. Хорижий валютани нақдлаштириш эса пойтахтда ҳам осон эмас. Аксарият банкоматлар кредит картангизни қабул қилмайди ёки бўм-бўш. Шу сабабли, нақд пул билан келишни маслаҳат бераман. Дарвоқе, улар 1998 йилдан кейин чоп этилгани ва йиртиқ-тиртиқлардан холи эканига амин бўлинг. Аэропортдаги валюта айирбошлаш шоҳобчасида қўлимдаги 600 АҚШ долларининг 420 долларини қабул қилишдан бош тортишганида буни билиб олдим.

Меҳмонхонада ўзбек сўмини нақдлаштирдим, аммо етарлича олмаганимдан кейин афсусландим. Бахтимга, Хивадаги ҳунарманд газламаларини менинг эски долларларимга бажонидил сотди.

photo_2019-06-01_06-28-30.jpg

Кўрган сари, ҳайратга тушасиз

Бошқа давлатлар ҳақида бир нима дейишга иккиланишингиз мумкин, бироқ Ўзбекистон ва бу ерда ҳукмрон бўлган тарих узоқ ва ҳайратланарли ўтмишга эга. Бу ерда ўзбек, тожик, қозоқ, рус, қорақалпоқ, тоторлар ва бошқа миллат-элатларнинг қоришиб кетгани бунинг далили.

Меъморчилик ишқибозлари Тошкентдаги "Ҳазрати Имом"дан тортиб, Самарқанддаги буюк "Регистон", қуриган Орол денгизи шўрхокларидаги кема қолдиқлари бўйлаб йиллаб саёҳат қилишлари мумкин.

original_open-uri20190530-12249-1g2jjt5.jpg

Харид ишқибозлари эса шойи мато-гиламлар, нақшинкор сопол идишлар, митти ҳуштакларга тўла Бухоро дўконларида шошиб қолишади. Хушхўр таомлардан ҳузур олиш истагида бўлсангиз, бозорлар миллий ошхонанинг энг сара таомлари, жумладан палов, сомса, кабоб, норинни татиб кўриш учун энг қулай жой.

Сураткашлар учун тақиқлар бекор қилинмоқда

Ўзбекистон фотосуратчилар учун ҳайратлар мамлакати. Бухоронинг ҳунармандчилик расталари, Хивадаги зардуштийлик обидалари, гўзал исломий масжидлар, пойтахтдаги метро камерани беихтиёр қўлга олишга мажбур қилади.

original_open-uri20190530-12249-yqc3ha.jpg

2018 йилгача Ўзбекистонда ҳамма жойда ҳам эркин сурат олиш мумкин бўлмаган. Айниқса, "Тошкент" метросидаги тақиқнинг олиб ташланиши сайёҳлар учун муҳим воқеа бўлди.

Энди ҳақиқатни айтишдан чўчишмайди

"Бизда ҳануз полицияга, шифокор ва банк ходимларига нисбатан ишончсизлик бор", дейди йўлбошчимиз Ширин. Икки ҳафта давомида кўплаб йўлбошчилар билан бугунги Ўзбекистон ҳақида суҳбатлашдим. Жумладан, издан чиққан тиббиёт, университетларда порахўрликнинг авж олгани, ёш келинлар ўртасида жонига қасд қилишнинг кўпайиб бораётгани. Аҳолининг бугунги ҳукумат ва президентдан умиди катта эканини сезиш мумкин. Тўрт йил аввал бундай очиқ суҳбатлар қуришга ҳеч ким жазм эта олмаган.

Ўзбекларнинг кўпчилиги биринчи президент - Ислом Каримовни ҳурмат билан ёдга олади. Унинг шаънига қарши гапириш яхшиликка олиб келмаслиги мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётган сиёсати сайёҳликни ривожлантириш, коррупцияга қарши кураш, таълимни оёққа турғазиш тарафдори бўлса ҳам, ҳозирча бу соҳаларда муаммолар етарли.

Тўғри, бу ерда ҳаёт бекаму-кўст эмас, аммо кундан кун яхшиланмоқда. Мамлакат келажаги масаласида аксарият аҳоли ижобий фикрда.

 

Мақола Ашела Ҳалперннинг www.afar.com халқаро сайёҳлик нашрида эълон қилинган “Ўзбекистонга ташриф буюриш учун 5 сабаб” (5.31.2019) очерки асосида журналист Шуҳрат Сатторов томонидан тайёрланди.


Мавзуга оид