Минбар 523 02.06.2019 10:02:00

Ёпиқ эшиклар ортида: ёмон қарор ниманинг оқибати?

Ёпиқ эшиклар ортида: ёмон қарор ниманинг оқибати?

"СССР нинг ашаддий душмани битта - мажлислар. Унинг бошига етса, фақат шу мажлисбозликлари етади!" 
Озод Шарафиддиновнинг бу сўзларини мен у кишининг яқин шогирдлари, устозим, публицист Дадахон Нурийдан эшитган эдим. Орадан йиллар ўтиб, ҳаётий мисоллар қаторида илмий хулосалар ҳам Озод домланинг фикрларини исботламоқда. Зеро, мажлисбозликларнинг давлат эртасига салбий таъсири яққол аён бўлмоқда.

Иш юзасидан ёки ўқиш мақсадида тез-тез мажлис хоналарига кириб, бир муддат у ерда ўтиришга мажбур бўламиз. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида димиқиб қолган анжуман хоналари диққатингизни оширади, сизни бўғаётгандек бўлади. Сўнгги ўн йилликда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мажлисбозликлар нафақат инсон саломатлиги, балки жамият ривожи учун ҳам жуда хавфли таъсирга эга. Мажлис хоналарининг иссиқ ёки одамларнинг нафаси туфайли карбонат ангидрид - CO2 таъсирида димиқиб қолиши ёмон қарорларнинг қабул қилинишига олиб келади.   

Охирги 7 йилда жаҳон миқёсида олиб борилган саккизта илмий изланишлар хулосаларига кўра, карбонат ангидрид миқдори кўпайиб кетган хоналарда бир соатдан ошиқ ўтирган одам танаси ташқи ҳаво ифлосланишидан жабр кўраётган инсонлар танаси каби азият чекади: тананинг саратон ёки астма каби замонавий хавфли касалликлар билан оғриш эҳтимоли ошади. 

Шу билан бирга, мажлисбозликларнинг жамият ривожига таъсири карбонат ангидриднинг иштирокчиларнинг фикрлаш салоҳиятига таъсири билан боғлиқ. Яъни, кўп миқдордаги иштирокчилар тўпланган залларда инсоннинг фикрлаш салоҳияти кескин пасайиб кетади. 

Агар бу рост бўлса, бундай мажлисларда чиқарилган қарорларга қандай ишониш мумкин? Сир эмас, бундай тадбирларнинг аксарияти "очко тўплаш" учун ўтказилади. У ердаги катта ва кичикнинг орзуси бир: "... тезроқ тугаса эди!" Вақт ўғриси - энг қаттол ўғри. Чегараланган умримизни сарф қилиш учун бундай мажлислар биз учун узунлик қилади. Уларнинг саломатлигимизга таъсири эса ўтиб тушади. 

Тўғри, сўнгги ярим асрда меъморчиликда ютуқлар қўлга киритилди, иситиш ва салқинлатиш амалиёти, инсонлардан ажралаётган газларни филтрлайдиган тизимлар жорий қилинмоқда. Аммо юртимиздаги бирор бино ёки мажлис залида карбон диоксиди, яъни карбонат ангидрид миқдорини кўрсатадиган қурилмани кўрганмисиз? Айтмоқчиманки, ҳаво мусаффолигини мониторинг қилиш тажрибасини қўллаш керак. 

Мисол учун, ҳар миллионта ҳаво заррасидаги CO2 миқдори 1200 тадан ошса, ҳар қандай муҳит хавфли масканга айланади. Биокимёгарларнинг изланишларига кўра, одамлар тўпланган димиққан хоналарда ўтириш миядаги қон томирларини кенгайишига, нейрон алмашишининг пасайиши ва мия қисмлари ўртасидаги алоқанинг тушиб кетишига сабабчи бўлади. Қарабсизки, хато қарор қабул қилинади.

Мутахассисларнинг фикрича, болаларда карбонат ангидриднинг салбий таъсири билан боғлиқ муаммолар мактабдаги талабга жавоб бермайдиган синф хоналаридан бошланади, яъни жуда эрта. Самарали шамоллатиш тизимларига эга синф хоналари ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини ҳам оширар экан.  

АҚШ нинг SUNY Тиббиёт университети олимлари тадқиқот ўтказиб, мажлислар инсоннинг муаммога ечим излаш кўникмасини, яъни фаолият самарадорлигини тушириб юборишини аниқлашди. Ҳадеб мажлисларга қатнайдиган инсонларнинг фикрлаш доиралари торайиб, ташаббускорлик шаштлари пасаяр экан. Бу инсонлардаги тушкунлик, умидсизлик даражаси ошиб кетади.  

2016 йилда Ҳарвард олимлари ҳам шунга ўхшаш тадқиқот ўтказишган. Унга кўра, карбонат ангидрид кўпайиб кетиши боис ишчилардаги муаммога ечим топиш салоҳиятлари кескин пасайиб кетган. Натижада, бундай идораларда хато ёндашув ва қарорлар сони ошиб бораверади. 

Жамият тақдирини ҳал қилувчи масалаларни мажлис хоналарида юзлаб одамларни тўплаб муҳокама қилиш - тараққиёт учун хавфли. Ҳар қандай масалага кичик гуруҳ бўлиб, муаммонинг олдига бориб, тизимли чора билан ечим топиш мумкин. Тўғри, анжуман ва муҳокамалар ҳам янги ташаббуслар учун муҳим. Шунинг учун хоналаримизни ҳавонинг мусаффолигини кўрсатадиган снсорлар билан жиҳозлашни унутмайлик. Айниқса, мажлис хоналаримизни. Ахир, бу ерда халқ тақдирига дахлдор тўғри қарорлар қабул қилиниши керак. 

Шуҳрат Сатторов, human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Мавзуга оид