Минбар 2086 29.05.2019 12:27:54

Мудраётган ташкилотлар бешлиги

Мудраётган ташкилотлар бешлиги

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ Бош вазирдан тортиб, барча вазирлик, қўмита ва идоралар муайян вақт оралиғида Ўзбекистон Республикаси Парламенти орқали давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлган халқ олдида ҳисоб бериб боради. Бу эса улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашга озми-кўпми ҳисса қўшади, деб айта оламиз.

Ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларини кузатиб борар эканмиз, айрим нодавлат нотижорат жамоат ташкилотларининг ҳам ўз мақсад ва вазифалари доирасида амалга оширган ишлари, ҳусусан маблағларининг мақсадли сарфланиши ҳақидаги ҳисоботларига кўзимиз тушиб қолади. Сўнги вақтларда ўз фаолиятига доир ҳисоботларни аҳоли билан бўлишиш борасида хеч шубҳа йўқки “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолликни қўлдан бой бермай келмоқда. Нимага дейсизми, сабаби бу ташкилот маблағларини ўзи ишлаб топмайди.
Маблағларини ўзи ишлаб топмайдиган, таъбир жоиз бўлса бировнинг ҳақи ҳисобига яшайдиган шундай ташкилотлар ҳам борки, нимагадир уларнинг маблағларини сарф қилиниши бўйича ҳисоботларига ҳеч кўзимиз тушмайди. Муайян шахслар ёки ташкилотлар маблағлари ҳисобидан кун кўрувчи, ўзини-ўзи маблағ билан таъминламайдиган нодавлат нотижорат жамоат ташкилотлари ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни етарли даражада таъминлай оляптими?

Қуйида ана шундай жамоат ташкилотларининг шартли “рейтинги”ни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Таъкидлаш лозимки, ушбу рейтинг мустақил кузатишлар ва ўта шахсий фикрлар жамланмаси бўлиб, ундаги ўринлар шунчаки шартли ва бирор бир аҳамият касб этмайди.

5-ўрин. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши
Жойларда туман ҳокимлигининг бир бўлими сифатида қараладиган, бироқ қонун ҳужжатларига кўра фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашини шу ўринга лойиқ кўрдик.

Амалдаги тартибга кўра, барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашга аъзолиги мажбурий ҳисобланади. Кенгашга аъзолик текинга эмас, бадал эвазига бўлади. Бадалнинг миқдори эса пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 фоиз миқдорида, бошқа фермер хўжаликлари учун эса улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида белгиланган.

Бугунги кунга қадар бирор оммавий ахборот воситаси ёки интернет сайтида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг қанча маблағ “ишлаб” топгани-ю, уни нималарга сарфлангани ҳақидаги маълумотларга гувоҳ бўлмадик.
  
Ачинарлиси, кенгашнинг уставида ўз аъзоларининг мулкий ва бошқа тусдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид мажбурияти баён этилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил январ ойидаги фермер хўжалиги ерларини мақбуллаштиришга доир қарори эълон қилиниши натижаси ҳуқуқлари поймол этилган минглаб фермерлар, гарчи ҳақини тўлаб қўйган бўлсада нимагадир нажотни бу ташкилотдан излашни исташмади...

4-ўрин. Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси
Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, тадбиркорларга чет эллик шериклар билан амалий мулоқотлар ва алоқаларни кенгайтиришда, экспорт маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқишда, шунингдек рақобатбардош тайёр маҳсулот чиқаришни таъминловчи янги ишлаб чиқаришлар барпо этиш ҳамда мавжуд ишлаб чиқаришларни техникавий жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишда кўмаклашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш палатанинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Аъзоларининг кириш ва аъзолик бадаллари палатанинг мол-мулкини шакллантириш манбаси саналади.

Ушбу ташкилот томонидан ҳам тадбиркорлардан ундирилган аъзолик бадаллари ҳисобига шаклланган маблағларини қай тартибда ва мақсадларда сарфланганига оид маълумотлар берилмаган.
  
Ушбу материални ёза туриб, қизиқ бир мақолага кўзиб тушиб қолди. Қонун талаби ва устав мақсадларига кўра асосий вазифаси тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўлган палата, тижорат банкининг манфаатини кўзлаб, андижонлик бир тадбиркорни муқаррар йўқлик сари юз тутишига сабабчилардан бири бўлган экан.

3-ўрин. Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти
Ушбу жамият Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 майдаги ПФ-411-сонли фармони билан ташкил қилинган. Хайрия бадаллари ва бошқа хайр- эҳсонлар ҳисобига кун кўрувчи ушбу ташкилотнинг асосий вазифалари инсонпарварлик ёрдами бериш соҳасида давлатга ҳамда унинг соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идораларига ихтиёрий равишда кўмаклашишдан иборат.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 5 октябрдаги 458-сон қарори билан ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида Қизил Ярим ой жамияти Жамғармасига хайрия тўплаш ўн кунлиги деб эълон қилинган.

Республиканинг деярли ҳар бир туман-шаҳарида ўзининг бўлимлари ва ҳақ тўланган ҳолда ишлайдиган аппарат ходимларига эга бўлган ушбу ташкилотнинг аслида қандай фаолият билан шуғулланиши-ю, қанча хомийлик ва хайрия маблағларини тўплаб, уларни қандай мақсадлар сари йўналтирганлигидан жамоатчилик бехабар қолаверади.

Жамиятнинг www.redcrescent.uz манзилидаги веб-сайтига кирсангиз бир бетлик саҳифадан бошқа нарсага кўзингиз тушмайди. Ундаги маълумотларнинг эса қачонги эканлиги ҳам мавҳум.

2-ўрин. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмасининг ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги Фармони билан таъсис этилган ушбу жамғарманинг асосий вазифалари хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишдан иборат.
  
Мазкур жамоат фонди 2018 йил 10 май куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, амалга оширган ишлари ҳақида бугунги кунга қадар бирор жойда маълумотни учратмадик.
  
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Жамоат фондига ҳар йили 300 млрд. сўмгача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши белгиланган.

Ушбу фонддан бир мунча кейинроқ таъсис этилган ва 2018 йил сентябр ойида ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси эса аллақачон ўзининг дастлабки фаолияти натижалари ҳақида ҳисоботини эълон қилди.

1-ўрин. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сиз ишлайдиган корхонада касаба уюшмаси қўмитаси тузилган бўлса, бир йилда камида бир марта ходимларнинг умумий йиғилиши ўтиши-ю, унда касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисоботи тингланишини биласиз.

Маълумки, касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси хисобланмиш ҳар бир ходимнинг иш ҳақидан камида 1 фоиз миқдорда маблағ аъзолик бадали сифатида ушлаб қолинади. Лекин ушбу йиғилган пулнинг ҳаммаси ташкилотнинг ўзида қолмаслигини, бадалнинг 40 фоизи тўғридан-тўғри Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисоб рақамига ўтказиб берилишини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Бир корхонадан касаба уюшмалари Федерациясига йўналтирилган 40 фоизлик маблағ катта суммани ташкил қилмас, лекин қарийб катта-кичик 50 минг ташкилот ва сал кам 10 миллион ходимни бирлаштирган ташкилотнинг қудратини бир тасаввур қилиб кўринг.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини аъзолари сони ва молиявий қудрати жиҳатдан Ўзбекистонда тенги йўқ бўлган жамоат ташкилоти, деб айтсак хеч муболаға қилмаган бўламиз.
Оддий арифметик ҳисоб-китоблар натижасида бир неча юзлаб миллиард сўм маблағга эга эканлигини билиб олиш мумкин бўлган ушбу ташкилотнинг ишчи-ходимлар пешона тери эвазига шаклланган бюджетининг, аллақандай веломарафон ёки спартакиада иштирокчилари учун махсус тайёрланган футболкаларни инобатга олмаганда, қаерга сарфланиши мавҳумлигича қолаверади.

Касаба уюшмалари Федерацияси аъзолик бадалларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси бюджетидан ҳам маблағ билан таъминланади. Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, қайси юридик шахс устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлса, ўша юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари бўйича ягона ижтимоий тўлов суммасидан 0,4%, бошқа тўловчилар бўйича ягона ижтимоий тўлов суммасидан 0,8% миқдордаги маблағ Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тақсимланади. Бу фоизларнинг қай даражада йирик рақамларга эга эканлигини молия ва иқтисодчилар жуда яхши билишади.

Биз юқорида таъкидлаган ҳисоботда асосий масала ана шу бадалнинг қай тартибда тақсимланишига қаратилган бўлади. Касаба уюшмаси қўмитаси жами тушумнинг ўзида қолган 60 фоизининг (40 фоизи Федерацияга ўтказилган) сарфланган ҳар бир сўмни сабаб ва мақсадларини баён этади. Юқори ташкилотга юборилган 40 фоизнинг тақдири эса ҳеч кимга қизиқ эмас. Сабаби, бу ҳақида шу кунгача бирор ерда ҳисоб-китобларга асосланган ҳисобот берилмаган.

Ҳар бир ихтиёрий тўловчи ўзи тўлаган маблағни қандай мақсадлар учун сарфланганини билишга ҳақли. Бировнинг ҳақи эвазига ташкил топган ва кун кўрадиган ҳар қандай жамоат ташкилоти эса ўз донорларига ҳисоботлар бериб, уларни ўз фаолияти натижаларидан хабардор қилиб боришга мажбур деб ҳисоблайман. Ана шунда жамиятда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни олди олиш сари яна бир қадам ташланган бўлар эди.


Мавзуга оид