Минбар 2208 30.03.2019 11:22:01

Кореяга "ўзбек келин" нега керак?

Кореяга "ўзбек келин" нега керак?

Жанубий Кореянинг аксарият қишлоқлари мамлакатдаги демографик муаммолар туфайли ҳуввилаб қолган. Шаҳарларда ишчи кучига бўлган эҳтиёж юқори бўлгани боис, қишлоқда туғилганлар шаҳарда қолишни афзал кўради. Сўнгги ўттиз йилдан буён бу масала ҳукумат кун тартибидан тушгани йўқ. Айрим маҳаллий ҳокимликлар корейс эркакларига хориждан келин олиб келиш учун молиявий кўмак кўрсатиш тизимини йўлга қўйган.

Корея Республикасидаги қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликка ихтисослашган 35 та маъмурий бошқарув органлари хориждан уйланиш истагида бўлган эркакларга ёрдам пули ажратишни қонунийлаштириб қўйган. Мисол учун, хорижлик аёл билан тақдирини боғлашга тайёр фуқаро $3,600 дан $12,000 долларгача ёрдам пули олиши мумкин. Мисол учун, Гёнгги вилоятининг Янгпёнг тумани қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, ўрмончилик соҳаларида ишлайдиган, муқаддам турмуш қурмаган, шу ҳудудда сўнгги уч йилдан буён истиқомат қилиб келаётган 35 дан 55 ёшгача бўлган эркакларга четдан келин олиб келиш учун $8,500 доллар ажратади. Бу амалиёт 2009 йилдаёқ қонунчилик билан тасдиқланган. Бугунгача ҳудудда 570 дан зиёд кўп маданиятли оилалар рўйхатга олинган.

Нега хорижлик келин?
1980 йиллардан бошлаб Корея Республикасининг аҳолиси ўсишдан тўхтади. Бу ижтимоий ҳодиса айнан мамлакатда содир бўлган "саноат инқилоби" билан бир даврга тўғри келди. Бозор иқтисодиёти, молиявий қийинчиликлар оилавий муносабатларга ҳам таъсир қилди. Оилалар фарзандлар сонини режалаштириш эвазига харажатларни камайтиришни маъқул кўра бошлашди. Мамлакатдаги ҳар бир онага тўғри келадиган фарзанд сони 1,2 донагача тушиб кетди.

1990 йилларга келиб Жанубий Корея шаҳарларида ҳаёт қулайлашиб борар, қишлоқ одамлари яхши яшаш учун шу ёққа шошардилар. Натижада, орадан йигирма йиллар ўтиб ҳудудларда демографик мувозанат издан чиққани маълум бўлди.

Конфуция таълимотига кўра, эркакнинг ота-онасидан қолган ерни парваришлаши фарздир. Корейс эркаклари бунга қаттиқ амал қилишади. Улар шу сабабли ҳам шаҳарга шошмайдилар. Аёлларнинг етишмаслиги туфайли эркакларнинг кеч уйланиши ёки сўққабош ўтиши одатий ҳолга айланган. Аёллар эса яхши ҳаёт илинжида қишлоқларни тарк этишади.

Хорижлик келинларни олиб келиш сиёсати ҳудудларда аҳоли сонини ошириш, меҳнат бозорини ишчи кучи билан таъминлашни кўзлайди. Қишлоққа келин бўлиб тушадиган номзоднинг меҳнаткаш бўлиши алоҳида қадрланади.
Халқаро никоҳга йўналтирилган ёрдам пули никоҳ харажатлари, жумладан авиачипта харажатлари, меҳмонхона ва воситачиларнинг харажатларини қоплаб беради. Танлаб олинган куёвлар бўлажак келин билан учрашиш учун "қуда мамлакат"га учиб келади. Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларидан келин харид қилиш тобора оммалашмоқда. Айниқса, Вьетнам, Ўзбекистон, Монголия, Филиппин, Камбодия "келин етказиб берувчи давлатлар" рейтингида етакчи.

"Ўзбек келин" нега қиммат?
Жинсий тенглик ва оила вазирлиги 2017 йилда ўтказган сўровга кўра, ўзбекистонлик келинга уйланиш корейс эркакларига энг қимматга тушади. Бунинг учун 18.3 миллион вон, яъни деярли $16 минг доллар зарур. Кейинги ўринларни Филиппин (15.2 млн. вон), Камбодия (14.4 млн. вон), Вьетнам (14.2 млн. вон) ҳамда Хитой (10.7 млн. вон) эгаллайди.

Кўпчилик корейсларнинг фикрича, ўзбек қизлари ҳусни ва тарбияси билан осиёлик қолган "рақиблари"ни доғда қолдиради. Шахсан ўзим ҳам бир неча маротаба корейсларнинг ўзбек қизларининг ҳуснини эътироф этишганига гувоҳ бўлдим. Шунингдек, ўзбек қизлари кучли ва меҳнатдан қочмайди; улар болажон ва бола тарбиясини рисоладагидек олиб боришади. Яхши жиҳатларни санасак, жуда кўп.

Ўзбек келинлари учун асосий харажат қалин пулига сарф қилинади. Кўп ҳолларда ўзбек қизи учун ўн минг долларгача қалин пули тўлашга тўғри келади. Аммо, шу билан Жанубий Кореяда шоҳона ҳаёт бошланишига ҳеч ким кафолат бермайди.

Танганинг иккинчи томони
Хорижлик келинларнинг 73 фоизини вьетнамликлар ташкил қилади. Яна бир қизиқ статистика: хорижлик келинларнинг ўртача ёши 25.2 ни ташкил қилса, уларга уйланаётган корейс эркаклари ўртача 43.6 ёшда. Ўртадаги фарқ – 18.4 йил.

"Бундай никоҳлар муҳаббат ёки муносабатларга эмас, молиявий манфаат устига қурилади. Келин харид қилиш оқибатида энг кўп юзага чиқаётган муаммо - тил билан боғлиқ. Шунингдек, эркаклар хориждан келтирилган аёлларига мулк сифатида муносабатда бўлишлари инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, бундай ажнабий аёллар кўп ҳолларда уй хизматкори ёки жинсий объект вазифасини бажармоқда", дейди кўп маданиятли оилаларни ўрганиш институти директори Жанг Хан-ап.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Жанубий Корея Миллий Комиссиясининг 920 нафар хорижлик келинлар ўртасида ўтказган сўров натижаларига кўра, уларнинг 42.1 фоизи оилавий зўравонлик, 68 фоизи хоҳишларига қарши жинсий зўравонликка дуч келган.

Шуҳрат Сатторов, Жанубий Корея


ўзбек-корея ўзбек келин корейс куёв