Минбар 272 25.05.2019 16:13:23

Икки ёшли тарбиячига тарбиячи керак

Икки ёшли тарбиячига тарбиячи керак

Ёзишга ҳам иккиланадиган жиҳатлар ҳам бор. Ўзбекчилик, истиҳола ва андиша қиласиз. Аммо, бугун андишани четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқчиман. Халқимизнинг “Бўри ўз овулида ов қилмайди” нақлини истесно этиб, “Пичоқни олдин ўзингга, оғримаса бировга ур” мақолига суянган ҳолда ёзишга интиламан. Тушунган бўлсангиз, ўз аурам атрофида фикр билдирмоқчиман.

Ёш оиламиз. Икки фарзандимиз бор. Каттам мактабга, кичигим маҳалламиздаги боғчага боради.

Сув кичикдан деганларидек, бугун масалани шундан бошлашга жазм этдим. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Ҳамкасбим Шаҳноза Рашидовна “Вилоятнинг бир бурчагида турволиб фарзандларингизга нима бердингиз, уларининг кун тартиби қандай, нимага қизиқади, қандай тўгаракларга боради, кечки пайт “Болажон”га хўжайин бўладими?” каби саволлари олдида довдираб қолдим.

Шаҳнозанинг саволларига ҳаяжонни босиб олиб, жавоб беришга интилдим. Лекин ҳамкасбим тугул, ўзим ҳам берган жавобларимдан қониқмадим.

Рисолагидек, маҳаллада яшаймиз. Ҳаётда талаб этиладиган дўкон, мактаб, сартарошхона, мактабгача таълим муассаси ва ҳакоза барчаси маҳалламизда бор. 400 хўжалиги мавжуд маҳалламиз боғчаси айтса айтгулик, мақтаса мақтагулик...

2017 йил боғчамиз тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Замонавий жиҳозланган. Боғчада бугун давр талаб этган барча нарса мавжуд. Бинога савол ҳам, эътироз ҳам йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас.

Аҳамиятлиси, боғчада бегона йўқ. Ҳамма шу маҳалла жамоаси. Мудирдан ториб, ниянкагача қон-қариндош. Аксарият тарбиячилар ўрта ва ўрта махсус маълумот. Боғчада ахлоқ-қонун нормалари устувор.

Нима у, дерсиз? Бу боғча мудиру кунлаб, ҳафталаб ишда бўлмасин. Унинг ўрни билинмайди. Боғчада кун тартиби бир маромда давом этади. Ҳамма ўз иши билан банд бўлади. Болаларни тўрт маҳал таомлаштириш, ухлатиш, ўйнатиш ва ҳакозо. Унда эътироз нимада дерсиз?

Боғча тарбиянинг боши, асосидир. Номи ҳам тарбиячи. Кун давомида, аниқроғи 10,5 соат бола боғчада бўлгандан кейин тарбия ҳам шунга яраша бўлиши керак менимча. Боланинг қизиқишлари эътиборга олинса, у қўллаб-қувватлантирилса болада ўсиш бўлса керак. Уйғун равишда таълимга тайёрлаб борилса, янада яхши бўлади. Бугуннинг талаби ҳам аслида шу.

Бизнинг боғчада эса “Бола боғчада тартибга ўрганади, вақтида ухлаб, вақтида овқатланиб, тақдим этилган овқатни ейишга одатланади, каттанинг кимлигини билади” каби назариялар устувор туради.

Менинг беш ёшли фарзандим фикри эса мутлақо бошқача. У ўзи истаган расмни чизиши, чизганда ҳам ўзига ёққан ранглардан фойдаланишни истайди. Турли нарсалар ясашни истайди. Боғча опалар эса бунга қарши. Уриб-суриб, сўкиб бўлса-да арматура каби қотиб туриш, гапирмаслиги, кулмаслиги керак.

Ўғлимни айтишича, ўтган чоршанба боғча опалар, гуруҳдаги Ойбек ва Дилмуродни “боғча опа” сифатида тайинлаб қаёққадир чиқиб кетибди. Болалар маза қилишибди. Қувлашмачоқ, бекинмачоқ, амма-хола, хуллас, билган ўйинларининг ҳаммасини ўйнашибди. Чарчаган ухлабди. Уйқуси келмаганлар дарс қилибди. Ҳамма эркин бўлибди. Ҳатто ўзлари овқатланибди. Кун маза ўтибди.

Таълим борасида бир-икки бор боғча опаларга гапириб кўрдим, фойда бўлмади. Бу борада, ҳатто, мактабгача таълим вазирлигининг туман, вилоят бўлими мутасаддилари билан баҳс юритиб кўрдим натижа сезилмади. Хулоса қилаётганда Мактабгача таълим вазирлигининг вилоят бошқармаси бош мутахассиси “тизим энди бир ёшга тўлди, сал улғайсин, ундан кейин талаб этсангиз ярашади ”, деган фикр билан ўпкамни босишга уринди. Орадан яна бир йил ўтди. Тизим иккига тўлди.

Шу муносабат биланми яқинда боғчамизда ота-оналар йиғилиши ўтказилиб, “ота-оналар кузатув кенгаши” ташкил этилиб, унинг раисини тайинлаб кетибди.

Қизиқ жиҳатини айтайми, туман бўлимидан келган “методист”, деган опа кузатув кенгаш ишининг асл моҳияти тушунтириш қолиб, ҳаммага танбеҳ бериб, шундоқ қайтиб кетибди. Жанжал эса ота-оналар меҳмоннинг кимлигини билишга қизиққувчанлигидан бошланибди. Келган, сўзлаган аёл қаердан, нима учун келганини ота-оналарга айтмабди. Бундан бир “папаша” ранжибди.

Кейин, қизишиб кетиб, меҳмон ота каби улуғлиги ёдига тушиб, узр сўраш учун унинг кимлигини сўраб-суруштириб билиб олишибди. Хуллас, нима иш қилиши номаълум бўлган кузатув кенгаши тузилибди. Кенгаш нималигини ота-онага биров айтмаса, у қаёқдан ҳам билсин!? Вазифаси нима, нима иш қилади, раисга, аъзоларга қанча ойлик тўланади каби саволлар жавобсиз қолади-да.

Гапнинг идаллосига ўтсам, боғчамиз зўр, мудир ҳам, тарбиячи, ниянка-ю ошпаз ҳам. Фақат, методист номини олганлар комиссия бўлиб ҳадеб камчилик излайвермасдан, келиб икки ёшли тарбиячиларга тарбиячи бўлиб, бошини силаб иш ўргатса, тарбияласа, келажагимиз равшан, фарзандларимиз тарбияли комил инсонлар бўлиб вояга етиши шубҳасиз, деб ишонаман. Қолаверса, неча йилдан буён ишлаётган ўрта ва ўрта махсус маълумотли боғчаопаларни олийгоҳларнинг, ҳеч бўлмаганда сиртқи бўлимларига тавсия этишса, олий маълумотли тарбиячилардан илмли, тарбияли болалар етишармиди...
Дарвоқе маҳалламиз номи “Дўстлик”. У Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган.

Эргаш Қурбоши


Боғча