Минбар 3850 21.05.2019 15:37:45

Икки фуқаролик ўзбеклар учун нима беради?

Икки фуқаролик ўзбеклар учун нима беради?

Ватанимиз Ўзбекистон ташқарисида жуда кўп ўзбеклар истиқомат қилишади. Уларнинг катта қисми хорижда доимий яшайди ва яшаётган давлатининг ватандошлигини олишган.

Ватанимиз юз тутаётган бугунги ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, табиийки, хориждаги ўзбекларимизнинг ҳам диққат марказида. Чўнтакларида бошқа давлатнинг паспорти бўлсада, улар Ўзбекистон паспортини асраб авайлашади, ўзларини ватаннинг бир бўлаги деб билишади. Улар учун истаган пайтда, оиласи ва қариндош уруғлари яшаётган ватанимизга бемалол, ҳеч қандай таъқиқсиз бориб келиш муҳим масала.

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларининг туғилиб ўсган ватанларига эмин эркин келиб кетишлари учун имкониятлар яратаяпди.

17 апрел куни хукумат томонидан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом, яратилаётган ана шундай имкониятлардан бири.

Мамлакатга бугун янги технологиялар, инвестициялар, ғоялар керак. АҚШ, Голландия, Германия, Австралия ва бошқа илғор давлатлар ватандошлигини олган, ўз бизнесига эга бўлаётган ўзбеклар бугун Ўзбекистонга тўсиқларсиз, қоғозбозликларсиз бориб, ўша ерда ҳам мамлакатимиз ривожи учун далда бўладиган лойиҳаларини ишлата олишлари керак.

Агар Ўзбекистон хукумати икки ватандошликка рухсат берса, бошқа давлат ватандошлигини олган кўплаб ўзбеклар, малакатимиз иқтисодига, ривожига катта хисса қўша оладилар.
Хорижда яшаб, ўша ерларда ўзини тутиб олиб, ўз бизнесини яратган, ўзи ва яқинлари учун тўкин сочин хаёт ва осуда шароит яратиб, бир неча юз одамни иш билан таъминлаган ватандошларимиз жуда кўп.

Шундай бўлса ҳам уларнинг ўй ҳаёллари ватанда. Улар Ўзбекистонда ҳам ўз бизнесларини очиб юргазишни, инсонларга фаровонлик келтиришни ўйлаб яшашади. Бунинг учун эса, Ўзбекистонимизда шунга яраша қонунлар ва қарорлар қабул қилиниши керак.

Икки ватандошлик - бугун хорижда яшаётган жуда кўп ўзбеклар учун долзарб бўлиб турган мавзу. Маълум бўлган маълумотларга кўра, хозиргача АҚШнинг “Греэн cард” дастури ғолиби сифатида бу мамлакатга 100 мингдан зиёд ўзбеклар кириб келган. Буларнинг орасида АҚШ ватандошлигини олганлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. АҚШга қўшни бўлган Канадада ҳам минглаб ўзбеклар “канадалик” бўлиб улгуришган. Европа мамлакатлари, Австралияда ҳам шу мамлакатларнинг ватандошлигини олиб, нафақа ёшига қараб кетаётган ўзбеклар жуда кўп..

Айни пайтда улар ўз ватанлари бўлган Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишни тасавур ҳам қила олмайдилар. Улар, нафақага чиққач, Ўзбекистонга қайтиб, ўз туғилиб ўсган жойларида умргузоронлик қилишни орзу қилишади.

АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда нафақага чиққан ўзбекистонликлар, яъни иккита ватандошлиги бор ўзбеклар ўз ватанларига қайтиб боришса, бу Ўзбекистонга нима беради, дерсиз?

Гап шундаки, АҚШ, Канада каби тараққий этган мамлакатлар, ўз ватандошликларининг нафақасини, у қайси мамлакатда бўлса, ўша мамлакатга етказиб беради... Илғор мамлакатларнинг ватандошлигини олган кўплаб мухожирлар, шу мамлакатда нафақага чиқадилар. Ва уларнинг аксарияти, нафақага чиққач ўз туғилиб ўсган мамлакатига чиқиб кетишади. Улар ўз нафақаларини, ўз ватанларида бемалол олишиб, ўша ерда сарфлашади.

Ана энди тасавур қилинг, чет элларда яшаб, ўша давлатнинг ватандошлигини олган ўзбеклар ватанимизга қайтиб, чет элдаги нафақасини Ўзбекистон банклари орқали олиб турса, ватанимиз иқтисодига қанчалик далда бўлишини..

Ривожланган мамлакатлардаги нафақа миқдори эса, ишонинг, кам эмас...
Хуллас, хорижда нафақага чиққан ўзбекларни ватанга бемалол келишлари учун Ўзбекистон ҳукумати ҳозирдан тадбир олиб қўйса, фойдадан холи бўлмас эди..

Бугун ватанимиз Ўзбекистон ўзининг тарихий маъморий обидалари, ажойиб иқлими, ва географик жойлашуви билан дунёдаги ривожланган мамлакатларнинг диққатини тортмоқда. Азалдан шундай бўлиб келган аслида. Асрлар мобайнида ватанимиз Буюк ипак йўлининг мухим бўғини сифатида илм ва савдо ахлининг, турли саркаркардаю, буюк уламоларнинг қадами етган маскан эди. Бугун яна тарих такроланмоқда. Мафтункор сайёҳлик йўналишига айланиб бораётган мамлакатимизни, айни пайтда, жахон илмий, маданий ва тарихий йўналишлари туташган энг жозибали нуқта деб аташмоқда.

Икки ватандошликка рухсат берилса, Ўзбекистоннинг хориждаги ижобий имиджи янада ошади. Бунинг оқибатида эса, мамлакатимизга келаётган туристлар оқими янада кўпаяди. Чунки, ўзбекларимизинг ўзлари хар йили ўз таътилларини Ўзбекистонда ўткизадиган бўлишади. Чет элда доимий яшаётган ўзбекларнинг жуда кўплигини ҳисобга олсак, мамлакатимизга ҳар йили туристик сармоянинг мўътадил оқими кириб келадиган бўлади.

Сармояси бор ўзбек ватанига боргач нима қилади? Албатта у биринчи навбатда чиройли уй жой қилади, яқинларининг яшаш шароитини яхшилайди, автомобил олади, савдо сотиқни йўлга қўяди, ўзининг ва яқинларининг фарзандларини илм олишларини кафолатлайди. Бундан ташқари, икки ватандошликка эга ўзбеклар учун янги солиқ турини йўлга қўйиш мумкин. Масалан, икки ватандошликка эга ҳар бир одам, ҳар йили белгиланган суммани солиқ сифатида тўлаб боради. У айни суммани 5 ёки 10 йиллигини ҳам бирданига тўлаб қўйиши ҳам мумкин. Бу солиқлар эса, ўз навбатида Ўзбекистон иқтисоди учун каттагина фойда олиб келади.

Тўғри, икки ватандошликка рухсат берилиши, Ўрта Осиёдаги геосиёсий вазиятнинг у ёки бу томонга ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. Бунинг оқибатларини олдини олиш учун, икки ватандошлик ҳақидаги хукумат қарорида, бу қарорнинг қайси давлатларда яшаётган ўзбеклар учун тегишли экани аниқ кўрсатиб ўтилиши керак. Бундай рухсат энг аввало, АҚШ, Канада, Австралия ва Европанинг айрим илғор, тараққиётга эришган мамлакатларида яшовчи, ўша давлатнинг ватандошлигини олган ўзбекларга берилиши лозим.

Ўзбеклар азалдан ўз туғилган ерига боғланган, уни ҳеч нарсага алишмайдиган халқ. Шунга аминманки, хорижда нафақага чиққан ҳар бир ўзбек, Ўзбекистонга қайтиб кетади!
“Ўлсам, ўз ватанимга олиб бориб кўминглар” дейишади улар.

Икки ватандошликка рухсат берилса, миллатимизнинг, ўзбекларимизнинг бирлиги сақланар, уларнинг тарқоқлигига барҳам берилган бўлар эди. Бир биримиз билан яқинлашсак, англасак, бағримизни бир биримизга оча олсак, келажакда ўзлигимизни сақлаб қолган бўлар эдик.

Айтганларимиз бу албатта бир таклиф, ўйлаб кўришга арзийдиган бир ғоя ҳолос. Биз албатта тушунамизки, ҳалқаро хуқуқ меъёрларига кўра, давлат кўп ватандошликни таъқиқлаши ёки бунга йўл қўймайдиган сиёсат йўлини танлаши, ёки, икки ватандошликни тан олиши мумкин. Бундай танлов ўша мамлакатнинг жўғрофий (географик) жойлашуви, тариҳий ва маданий аҳамияти, хамда ахолининг демографик тузилиши билан боғлиқ бўлади.

Мен “Буюк келажак” экспертлар гурухи аъзоси сифатида икки ватандошлик хақидаги ушбу таклифни ўртага ташлар эканман, ўйлайманки барчамиз бирлашган холда таклифимни ҳар томонлама ўрганиб, уни янги ғоялар билан тўлдирамиз.

Нур Парпиев
"Буюк Келажак" эксперти





Мавзуга оид