Минбар 840 16.05.2019 08:16:51

Табиатнинг интиқоми шиддатли бўлур

Табиатнинг интиқоми шиддатли бўлур

Хитой. 1958 йил. Юқоридагиларга ёқишнинг дардига мубтало бўлган фавқулодда "қобилиятли" айрим тоифалар мамлакатдаги аҳолининг асосий озуқаси ҳисобланган донли эканларни қираётган, касаллик тарқалишига сабабчи бўлаётган тўрт "зараркунанда": чивин, пашша, каламуш ва чумчуқларни қириб ташлашни ўша вақтдаги Хитой компартияси котиби Мао Цзэдунга тавсия қилишади. Уларнинг ҳисобича бир йил давомида чумчуқлар нест-нобуд қилаётган дон билан 30 млн аҳолини бир йил боқиш мумкин бўлар экан. Ушбу таклиф раҳнамога ҳам ёқиб тушади ва дарҳол партия йиғилиши чақирилиб ушбу тўрт жониворга қарши аёвсиз кураш эълон қилинади. Пашша ва чивинларнинг одамлар уларга қарши кураш чораларини қўллашига қарамасдан жуда тез кўпайиши, каламушларга қўйилган тузоқ, маргимуш ва бошқа чоралар иш бермаслиги боис энг катта талофат чумчуқларнинг чекига тушади.

Ўша вақтдаги ҳукумат чумчуқларни қиришнинг мисли кўрилмаган усулини қўллайди. Чумчуқсимонлар майда қушлар бўлиб, улар ҳавода 15 дақиқадан ортиқ уча олмайди, шунча муддат учгандан сўнг дам олишга эҳтиёж сезади, агар улар қўнмаса юраги ёрилади ва қуш ҳалок бўлади. Ўша вақтда Хитой ҳукумати мамлакатнинг барча аҳолисига турли идиш-товоқларни тақирлатиб шовқин солишга, овози борича бақир-чақир қилишга, узун калтакларга латталар боғлаб қумчуқларни умуман қўнгани имкон бермасликка буюради. Ушбу кампанияда эркагу-аёллар, болалар, мактаб ўқувчилари, қариялар бирдек иштирок этади, улар қўлларига илинган тоғора, ноғора, идиш-товоқ, қўнғироқ олиб бор кучи билан шовқин солишар, мактаб ўқувчилари кўчаларни тўлдириб қўлларидаги узун калтакка боғланган латталарни ҳавода ҳилпиратар, дарахт бор жойда одамлар унинг устига чиқиб олиб шохларини силкитар, томлар устига чиқиб олиб бақиришар эди. 1958 йилнинг март-апрель ойларида бошланган ушбу қирғинбаротда Хитойдаги жамики тирик жон қатнашди дейилса муболаға бўлмайди. Дастлабки уч кун ичида Пекин ва Шанхайда 900 минг дона чумчуқ ўлдирилганлиги айтилади. Ноябрь ойига бориб эса ўлдирилган чумчуқлар сони 2 млрд ни ташкил этади. Энг ёмони чумчуқлар билан бирга бошқа майда қушлар ҳам қирилиб кетади. Чумчуқларнинг ўлигидан баланд-баланд тепаликлар бунёд бўлди, океанга тонналаб чумчуқ ўлиги оқизилди...

Уюшқоқлик билан амалга оширилган қушлар геноциди 1959 йилда Хитойга ҳақиқатдан ҳам сезиларли даражада улкан ҳосил туҳфа этди. Лойиҳа ташаббускорлари олқишланди. Хитойнинг ушбу тажрибасига унча-мунча одам тан берди. Афсус, хурсандчилик узоққа чўзилмади, чўзилмас ҳам эди-да, чунки табиат унга нисбатан қилинган ёвузликнинг жавобини узоқ кутдирмайди. 1960 йилга келиб Хитойда экинни қирадиган қуртлар кўпая бошлади, ана энди ҳукумат аҳолини экинзорлардаги қуртларни териб олишга сафарбар қилди, ушбу қуртларнинг жуда тез кўпайиши оқибатида уларни йўқотишга учун кўрилган чоралар бир пул бўлди. Ўлганнинг устига тепган қилиб чигирткалар кўпая бошлади. Мана шу йили Хитой ҳосилдан қуруқ қолди, ўтган йили худди шу вақтда кулган кўзлардан бу йил ёшлар оқди. 1960 йилда Хитойда даҳшатли даражадаги очлик бошланди, бу тарихга "Буюк очарчилик" номи билан кирди. Расмий маълумотларга кўра ўша йили Хитойда 15 млн аҳоли очликдан ҳалок бўлган, норасмий манбалар эса ҳалок бўлганлар сонини 36-45 млн киши атрофида ҳисоблайди.

Ҳукумат ушбу очарчилик сабабини жуда яхши тушунди, афсус энди кеч бўлган эди. Ўша донларни еяётган чумчуқлар ва бошқа майда қушлар ҳаммахўр (полифаг) қуш бўлиб дон билан биргаликда экинларга зарар келтирадиган турли қурт-қумурсқаларни, чигирткаларни қириб уларнинг сонини чеклаб турар эди, таассуфки буни ўша вақтда мамлакатдаги биолог ва экологлар кўра олмади. Ўз хатосини тўғрилаш мақсадида Хитой қўшниси СССР га ва Канадага чумчуқ сотиб олиш таклифи билан чиқади. Аввалига бу таклиф икки давлатни ҳам ҳайратга солади, лекин мўмай даромаддан ким ҳам бўйин товлар эди. Ҳар икки давлат Хитойга вагон-вагон тирик чумчуқ экспорт қилади. Бутун Хитой сарҳадлари бўйича чумчуқларни кўпайтиришга старт берилади. Икки йил аввал чумуқларни қирган халқ ана энди уларни кўпайтириш билан шуғулланар эди. Кеч бўлса-да Хитой ўз хатосини тузатди. Ҳозирга қадар Хитой халқи чумчуқларга ҳурмат билан қарайди.

Табиат она каби меҳрибон, лекин у ожиз эмас, унга отилган биргина тошни эртага харсанг қилиб қайтаради. Унинг интиқоми ана шундай шиддатли бўлади.

Бахтиёр Шералиев,
генетик


Табиат Хитой чумчуқлар

Мавзуга оид