Лойиҳалар 188 08.11.2019 08:26:32

“Ижарама-ижара сарсон бўлишни ким хоҳлайди?” — косиб ота билан суҳбат

“Ижарама-ижара сарсон бўлишни ким хоҳлайди?” — косиб ота билан суҳбат

Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг дарду ташвишлари, заҳматлари фақат ўзларига аён. “Ёнимиздаги одамлар” лойиҳаси орқали меҳнату, машаққатда тобланган, бироқ одамлар эътиборидан четда қолаётган юртдошларимизнинг кечинмалари билан таништириб борамиз. Асли фарғоналик, Абдураҳмон ота Тўхтабоевнинг ҳаётий кечинмаларини тинглаб, очиғи, бу инсоннинг мустаҳкам иродасига ҳавасимиз келди. Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳри Сергели туманида поябзал таъмирлаш билан шуғулланади. Бу кишини билганлар ўз касбининг устаси, қўли гул “косиб” эканини маъмнунлик билан тилга олади.

“Бир фирибгарни деб, пойтахтга келишга мажбур бўлдик”

Бир неча йил олдин ўғлим тадбиркорлик билан шуғулланаман, деб 41 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни шеригига берган. У эса ўғлимни алдаб кетди. пулни қайтариб ололмадик. Ўғлим эса маблағни катта фоиз эвазига қарзга олган экан.

Қарзни узиш учун Қўқондаги уй-жой, машина, сигир-бузоқларни сотдик. Ҳозирда ўғлимнинг оиласи, турмушдан қайтиб келган қизим ва аёли билан 2015 йилдан бери Тошкентда яшаб келяпмиз.Шукрки, қўлимда ҳунарим бор. 45 йилдан бери поябзал таъмирлаш билан шуғулланиб келаман. Фарзандим ва набираларим ҳам шу ҳунарни эгаллаган.

photo_2019-11-07_11-52-45.jpg

Пойтахтга келганимиздан бери тиним билмай ишлаб, қарздан қутулишнинг ҳаракатини қиляпмиз. Кўпи кетиб, ози қолди. Ўтган йили уй-жой олиш учун Сергели тумани ҳокимиятига бир неча бор мурожаат қилдик. Улар намунали уйлардан тавсия қилишди. Бироқ доимий рўйхатда турмаганимиз учун аризамизни қабул қилишмади. Жорий йилда бошланғич бадалсиз имтиёзли равишда уй-жой олишнинг имкони бор. Бироқ уй-жойга муҳтожлар кўплигидан бизга навбат келмаяпти.

Ҳозир олтмиш беш ёшдаман. Турмуш ўртоғим: “эртага ўтиб қолсак, Қўқонда ҳам бу ерда ҳам уй-жойимиз йўқ, тобутимиз қаердан чиқарилади?”, деб ўйлайвериб, бир неча бор юраги ҳуруж қилди. Дардман бўлгани учун доим парвариш зарур.

Жигарларнинг борлига яхши экан, укам уй-жойидан 5 сотих ажратиб берди. ерга пойдевор солиб, уйни қуряпмиз. Амаллаб, томини ёпиб олсак, биз ҳам “ватан”ли бўлиб қолардик. Ўз уйингда миннатсиз яшашга нима етсин?

“Баъзида бир нуқтага тикалавериб кўзларим ҳам толиқиб қолади...”

Сергели туманига келганимизда дастлаб, деҳқон бозорининг ичидан жой ажратиб беришди. Ҳар ойда 100 минг сўм миқдорда ижара тўлардик, бозор ҳудуди кенгайтирилганидан сўнг ижара пулини 200 АҚШ доллари қилиб белгилашди. Уни тўлай олмадик. Кейин бозор атрофидан бир дўконда вақтинча ишлаб туришимизга рухсат берилди. Бироз муддат ўтганидан кейин у ерни ҳам бўшатишга мажбур бўлдик.

Ишлаш учун жой сўраб, Сергели туман ҳокимиятига мурожаат қилдим. Улар ҳозирда ижарада турадиган уйимиз атрофидан жой ажратиб беришди. Шундан сўнг икки ярим миллион сўм сарфлаб, кичкина бўлса ҳам шахсий “косибхона” очдик. Ҳозирда шу ерда фаолият юритяпмиз.

Шукр, кунимиз ўтиб турибди. Касбимни орқасидан ҳар ойда бир миллион сўм атрофида пул топаман.

Фарзандларимга ортиқча юк бўлмай, меҳнатим билан рўзғорга ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман. Баъзида бир нуқтага тикалавериб кўзларим ҳам толиқиб қолади. Бироз “тин” оламанда, ишимни давом эттираман.

Абдураҳмон ота гарчи олтмиш беш ёшни қаршилаган бўлсалар-да, ғайрат билан меҳнат қилмоқда. Бу шижоатнинг сабабини сўраганимизда, отахон ҳар куни барвақт туриб, велосипед ҳайдашини, пиёда юриб, бир кунда ўн километрдан ортиқ йўлни босиб ўтишларини айтдилар. Зах, совуқ хонада тонгдан тунгача ўтириб ишлаётган отахон билан суҳбатимиз давомида инсон ҳаётда ҳамиша шукр қилиб яшаши, қийинчиликларни сабр-қаноат билан енгиши, доимо олдинга интилиши кераклигини ўргандик.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА 
суҳбатлашди


Мавзуга оид