Лойиҳалар 209 20.10.2019 13:50:21

“Қалбда туғилган ғояларни оёқларим билан акс эттираман”

“Қалбда туғилган ғояларни оёқларим билан акс эттираман”

Лойиҳамизнинг бу галги қаҳрамони урганчлик ёш рассом Худойшукур Ражабов. Унинг асарларини кузатар эканмиз, унинг 1-гуруҳ ногирони(туғма ампутант)эканига ишонгимиз келмади. Суҳбатимиз давомида оёқлари ёрдамида моҳирона санъат асарлари ярата оладиган йигитнинг мақсадлари юксак, иродаси бутунлигига гувоҳ бўлдик.

“Ижод оламига кириб келишим болалигимдан бошланган. 3,4 ёшлигимидан рангли қаламлар, турли бўёқлар мени ўзига жалб қилиб келган. Қўлларим бўлмагани учун оёқларим орқали аста-секин расм чизишга ҳаракат қилганман. Дастлабки таълимни Урганч шаҳрида олганман. Имкониятим чекланганлиги боис, уйда ўқирдим.
74682756_1439524876216610_2887174237250912256_n.jpg Асарларимда кўпинча мусаффо осмон, сўлим табиат, гўзал манзараларни тасвирлашга ҳаракат қилардим. Мактабда кўплаб кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келдим. Қизиқишларим ортидан 2011 йилдан Тошкент шаҳридаги 100-сонли имконияти чекланганлар мактаб интернатида таълим ола бошладим. Ўша пайтдан бошлаб, тасвирий санъат мен учун фақат қизиқиш эмас, балки тақдирим эканлигига амин бўла бошладим. Бу соҳани мукаммал эгаллаш учун 2014-йилда Республика рассомчилик коллежига ижодий имтиҳон орқали қабул қилиндим. Ушбу давр мен учун ҳаётимда янги саҳифани очиб берди, десам адашмаган бўламан. Бу ерда Зуҳриддин ака Исломшеков раҳбарлигида таҳсил олдим. Уч йил давомида тасвирий санъатнинг ўзига хос сир-асрорларини ўргандим. Бу давр мобайнида коллеж ҳамда Ўзбекистон бадиий академияси томонидан ўтказилган турли танловларда ғолиб бўлдим. Бунда, албатта, тендошларимнинг қўллаб-қувватлаши, устозларимнинг ёрдами менга қанот бўлди. Орзуларимнинг рўёби учун доимо олға интилишим кераклигини ич-ичимдан ҳис қилардим. 2017-йилдан Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтига имтиёзли равишда таълим ола бошладим. Ҳозирда олийгоҳнинг фахрли талабаларидан бириман. Оллоҳимга шукрки, доим устозларим ва дўстларимнинг беминнат ғамхўрлигидан бахраманд бўлиб, мириқиб ижод қиляпман. Келажакда шахсий устахона очиб, ўзимга ўхшаган имконияти чекланганлар учун сабоқ беришни ва албатта асарларимни дунё бўйлаб, тараннум этишни мақсад қилганман”, дейди у.

“Шинамгина уйим бўлса эди...”
“Фаолиятим давомида онам ва синглим доим мен билан бирга бўлишган. Уларнинг ғамхўрлиги, парвариши остида гўзал асарлар яратишга интиламан. Отамни олти ёшимдан бери кўрмайман. Оилавий тушунмовчиликлар сабаб, ота-онам ажрашиб кетишган.

Онам, мен ва синглимга ҳам она, ҳам ота ўрнида. Ёшлигимиздан онамнинг бир ўзи бизни боқиб, тарбиялаб келмоқда. Келажакда бизга берган меҳр муҳаббати, оқ сутини оқлашга ҳаракат қиламан. Олий мақсадларимдан бири ҳам онамни рози қилиш, ҳаж сафарларига олиб боришдир. Бу зотдан ҳамиша миннатдорман. Учаламиз бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Бироқ шинамгина шахсий уйимиз бўлса эди, ётоқхонама-ётоқхона сарсон бўлмасдик.”
26_main.jpeg “Ўғлим олийгоҳни тамомлагач, кўчада қоламиз.”
“Ҳар бир неъмат оллоҳнинг ҳадясидир. Кимдир бойлик, кимдир соғлик яна кимдир тахт дардида яшайди. Бу инсонга берилган синовдир. Ундан ўтиш эса ўзимизга боғлиқ. Худойшукур дунёга келганида бир зум бўлсада, норози бўлмаганман. Омон туғилганига шукр қилганман. Исмини ҳам бежиз Худойшукур, деб атамаганмиз. Бу оллоҳнинг менга берган инъомидир. 2011 йилдан бери Тошкент шаҳрида истиқомат қиламиз. Ўғлим қаерда яшаса, мен ва қизим биргамиз.

Ёлғиз онаман. Фарзандларимни бир “кўз” билан катта қилдим. Дастлаб, Республика рассомчилик коллежининг талабалар тураржойида яшаган бўлсак, ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтига қарашли ётоқхонада истиқомад қиляпмиз. Ижарада туришга қурбимиз етмайди. Сомса сотиб, рўзғор қиламан. Ўғлим олийгоҳни тамомлагач, кўчада қоламиз.
Без названия.jpg 24e2b26fa840e5e8367047b4acd1a83e.jpg 524577_220.jpg Уй-жой сўраб, кўп жойларга мурожаат қилдим. Бироқ Тошкент шаҳрида доимий рўйҳатда турмаганимиз учун рад жавобини олдим. Хоразмнинг шўр суви, тупроғи Худойшукурнинг саломатлигига тўғри келмайди. Кўзи ачийди, ичи оғрийди. Пойтахтнинг табиати эса фарзандимга ижобий таъсир кўрсатади. Бир хонали бўлса ҳам уй берилганда, ташвишлардан қутилардик.”

Суҳбат давомида шунга амин бўлдимки, оёқ ва қўл бир восита холос. Истеъдодни Яратган берса, одам уни исталган восита билан юзага чиқариши мумкин!

Зарнигор Абдувоҳидова суҳбатлашди


Мавзуга оид