Лойиҳалар 664 21.08.2019 09:52:11

Иш тополмаган ғузорлик йигит ҳикояси

Иш тополмаган ғузорлик йигит ҳикояси

Бир йигит вояга етиб, ўқишни битиргач, ўз соҳаси бўйича ишлаб кетиши — бу мўтадил жараён. Бироқ тўрт мучаси соғ бўлмаса-чи? Бундай инсон ҳаётда ўз ўрнини қандай топади?

Ҳасан Файзиев Ғузор тумани Тенгдош қишлоғида истиқомат қилади. Тумандошларнинг бари уни яхши билади — камсуқум, камтар йигит.

Ҳаёт ҳар кимни турли синовлари билан имтиҳон қилади. Ҳасан болаликда соғлом туғилган. Аммо нотўғри муолажа оқибатида оёқлари ишламай қолган. Ўшандан буён иккинчи гуруҳ ногирони, қўлтиқтаёқ билан юради.

photo_2019-08-21_11-55-32.jpg

2011 йилда Республика имконияти чекланган шахслар учун касб-ҳунар коллежига ўқишга топширади. «Компьютер тизимларига техник хизмат кўрсатиш ва офис қурилмаларини ўрнатиш» йўналиши бўйича таълим олган Ҳасан коллежни не-не умидлар билан битиргач, иш топа олмаган.

Гарчи, коллеж ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ишга жойлаштириш тўғрисидаги уч томонлама шартнома бор бўлсада, Ҳасанжон хужжат асосида мавжуд ишига жойлаша олмаган. Аниқроғи, ишга олишмаган. Унинг мутахассислиги бўйича талаб юқори бўлса-да, бошқа идоралардан ҳам унга рад жавобини олган. Унинг жисмонан имконияти чекланганлиги жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ишга жойлашишига ҳалақит қилди, деган фикрдан йироқман, лекин бу тахмин ҳам йўқ эмас. Ҳасан умидини узмади.

Бундан 2 йилча олдин, 2017 йилнинг 14 сентябр куни Ҳасан учун унитилмас кунга айланди. Қайта-қайта рад этишлардан кўнгли чўккан йигит Қашқадарё вилоятида Адлия вазирининг сайёр қабули бўлаётганидан хабар топади. Сайёр қабул айни ўзининг туманида бўлишини эшитиб, у ҳам қабулга келди. У муаммоси ҳал бўлишига ишонмас, аммо тирмашган тоғдан ошар, дея қабулга киришни ният қилди.

Сайёр қабул вақтида у бошидан кечирганларини, қандай муаммоларга дуч келганини алам билан эмас, аксинча, янги умид илинжида сўзлаб берди. Ҳасан имконияти чекланган бўлишига қарамай жамиятга фойдаси тегишини, одамлар билан ёнма-ён бўлиб яшаш истаги борлигини вазирга рўй-рост баён қилди. Бу кўпчиликнинг муаммоси дерсиз, балки сиз ҳақдирсиз. Бироқ Ҳасан учун бу икки карра муаммо эди.

Адлия вазири Русланбек Давлетов унинг сўзларини тинглагач, муаммосини амалий ҳал этди.

Унга Давлат хизматлари Марказида (ўша пайт «Ягона дарча» марказида) иш таклиф этилди. Қабулдан сўнг, Ҳасан уйига шошилди, яқинларига хушхабарни тезроқ етказишни истарди. Икки кундан сўнг, эса унинг ишга қабул қилинганлик ҳақидаги қарорни олди.

Ҳозир Ҳасан Ғузор тумани давлат хизматлари маркази ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Яқинда унинг ҳаётида яна бир ёрқин воқеа содир бўлди. У оила қурди, чиройли тўй қилди. Бугун Ҳасан Файзиев тўлақонли ҳаёт кечириб, ўз кўзлаган мақсадлари сари илдам қадам босиб келмоқда. Келгусида у олий таълимда ўқишни эттиришни ният қилган.

Моҳидил РАВШАНОВА,

Давлат хизматлари Агентлиги
Қашқадарё вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати ходими

 


Мавзуга оид