Сайлов-2019 111 15.11.2019 15:06:08

Алишер Қодиров тадбиркорлар учун солиқ амнистияси эълон қилишни таклиф қилди

Алишер Қодиров тадбиркорлар учун солиқ амнистияси эълон қилишни таклиф қилди

Куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама этди. Мазкур йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер ҚОДИРОВ тадбиркорларга ёрдам бериш масаласида гапирди.

"Партиямиз фракцияси парламент тарихида илк бор қарор топаётган ушбу янги амалиёт мамлакатимиз ривожида катта ўрин тутади, деб ҳисоблайди ва 2020 йилнинг Бюджетини Қонун шаклида қабул қилиниши ҳамда янги бюджет тақвимининг жорий қилинишини маъқуллаймиз. Бу барча бюджетга асосланган лойиҳа ва дастурларни режалаштириш имконини бериш билан бир қаторда, инвесторлар ҳамда солиқ тўловчилар учун қатор қулайликлар яратади.

Олий Мажлиснинг бюджет жараёнидаги аҳамиятини ошириш мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларнинг сўзссиз ижобий натижаси, самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи омилдир.

Ислоҳотлар натижасида солиқ тўловчиларнинг сони йил бошига нисбатан кескин ўзгаргани ислоҳотларнинг тўғри йўлдан кетаётганини кўрсатади. Масалан, қўшимча қиймат солиғи тўловчилар 75,3 мингтага, фойда солиғи тўловчилар 41,3 мингтага, мол-мулк солиғи тўловчилар 55,7 мингтага, ер солиғи тўловчилар 61,8 мингтага ортган. Биргина жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 2017 йилдаги 4,9 трлн. сўмдан 2019 йилда 12,7 трлн. сўмга ошмоқда. Шундан салкам 1 трлн. сўм ишчиларни легаллаштирилиши натижасида шаклланган. Буларни эътироф этиш керак.

Шу билан бирга, баъзи таклифларимиз ҳам бор. Жумладан, солиқ тўловчилар ислоҳотларга ишоняпти. Юқоридаги кўрсаткичлар бунинг яққол далилидир. Лекин айрим тадбиркорлардан 2016-2017 йилларда йўл қўйилган хатолар учун жазо чоралари белгиланаётганини эшитяпмиз. Президентимиз томонидан бир неча маротаба айтиб ўтилди, авваллари шаффоф ишлашга тўсқинлик қиладиган кўплаб омиллар бўлган. Шу туфайли тадбиркорлар, эҳтимол, ўша пайтда хато қилишга мажбур бўлгандир. Биз ҳозирги ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида 2019 йилнинг бошидан ҳисоблаб, шахслар ва тадбиркорлар учун солиқ амнистияси эълон қилиниши мақсадга мувофиқдир, деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, инфляция даражаси кутилганидан юқори бўлмоқда. Бунда нархларни либераллаштириш ва энергия ресурслари таннархларини мақбуллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг таъсири бор, албатта. Нархларни кескин кўтаришга тайёр эмасмиз, лекин тармоқни таъмирламасак бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, муайян бир давр учун бўлса ҳам энергия ресурслари учун табақалаштирилган қийматни жорий қилишни ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблаймиз.

Умуман, фракциямиз қонун лойиҳаси ва Бюджетномани қўллаб-қувватлайди", деган ўз чиқишида партия лидери.


Мавзуга оид