Сайлов-2019 247 04.11.2019 14:53:41

Адолатли сайлов ким учун керак: сайловчиларгами ёки халқаро кузатувчиларга?

Адолатли сайлов ким учун керак: сайловчиларгами ёки халқаро кузатувчиларга?

Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари шу жараённинг қандай ўтиши билан қизиқувчи ҳар қандай шахс ёки ташкилот учун муҳим. Айниқса, бу  хорижликлар, мустақил институтлар учун ҳам қизиқ жараён. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов "Америка Овози" журналисти Навбаҳор Имамовага берган интервьюсида бир неча хорижий ташкилотларга ва 25 та хорижий давлатнинг сайлов органларига жараённи кузатиш миссияларини юбориш бўйича таклифномалар жўнатилгани ҳақида маълум қилганди.

Буни  МСКнинг жорий йилдаги сайловларни шаффоф ва адолатли ўтказишга бўлган кучли интилиш сифатида баҳолаш мумкин. Чунки халқаро ташкилотлр ва экспертлар хулосалари тузилажак қайсидир рейтингларда акс этади. Бу тушунарли. Бироқ пировард мақсад, барибир, мутлақо бошқалигича қолаверади. Яъни сайловчилар учун бу жараёнинг "тоза", шаффоф, адолатли ўтгани, ўзи хоҳишларининг ростдан ҳам натижаларда акс этиши бирламчи ва муҳим. Аслида жамият учун айнан шу жиҳати устивор.

Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов ўз фейсбук саҳифасида сайловнинг шу томонлари ҳақида қизиқ мулоҳазаларни баён қилган: 
    
"Маълумки, ривожланаётган давлатларда сайловлар жараёни умум эътироф этилган демократик, очиқ ва шаффоф ўтиши учун "барча имкониятлар" ишга солинади, "елиб югурилади". Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Нафақат бизда, бошқа ривожланаётган давлатларда ҳам бунинг ўзига яраша сабаблари бор...

(Тараққий этган давлатлар эса, ўз сайловларини "мустақил" ўтказишади, тизим мавжуд бу тизим хусусида халқаро кузатувчилар билан ҳисоблашишмайди ҳам, балки унинг ўрнига ўз сайловчилари билан ҳисоблашишади, сайловчилар олдида ҳисобдорликни ҳис этишади.Кузатувчилар олдида эмас)

Бизда сайловларда эътибор халқаро жамоатчилик фикри, хусусан, халқаро кузатувчилар, кузатувчи ташкилотлар қандай фикр билдиради, уларнинг фикри ва эътирозлари билан ҳисоблашиш лозим, деган устивор вазифа юқори туради. Чунки, бу ҳолат, ўзининг тор доирадаги манфаатлари учун ҳаракат қилаётган айрим сиёсат фаолларига муҳим бўлган манфаатлар эшигини ҳам очади. Бунда уларнинг суяги қотган.

Ана шу жараёнда, беш-ўнта ўзларини катта сиёсатчи, миллий манфаат фидоийлари деб ҳисоблайдиган "маслаҳатгўй"лар ўзларини намоён этиш имкониятидан фойдаланишга уринади ва бунинг уддасидан ҳам чиқишади. Лекин, уларнинг манфаатлари жуда тор ва майда. Фақатгина ўз манфаатидан бошқа нарса эмас..

Аслида, сайлов тизими ва жараёнини такомиллаштириш юзасидан билдирилган маҳаллий жамоатчилик, маҳаллий эксперт ва мутахассисларимиз, оддий сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳозалари устида ишлаш ҳамда ўз вақтида эътиборга олиш, тегишли чора-тадбирлар белгилаш каби масалаларга атайин жиддий эътибор берилмаслигига ҳаракат қилинади.

Натижада маълум халқаро кузатувчи ташкилотнинг тавсиялари ҳисобга олинди, эътирозларига қулоқ тутилди, қабилида ҳисоботлар тайёрланади.

Лекин, бу эътирозлар ва мулоҳазалар шундай ҳам бизга бегона эмас, уларни яхши биламиз. Ўз сайлов қонунчилигимизни ўзимиздан бошқа ким яхши билади, ўзимиз бу борадаги норматив ҳуқуқий баъзани такомиллаштиришимиз кераклиги, энг аввало бизга аён-ку. Нега ташаббусни ўз қўлимизга, ўз вақтида олмаймиз? Ёки бошқа мақбул сайлов қонунчиликларидан хабаримиз йўқми? Бизнинг сайлов тизимимиз ҳам тараққий этган давлатлар сайлов тизимидан кам эмас, аслида. Нега...?

Айтинг-чи сайловлар:
- кимнингдир эътирозига учрамаслик ва ижобий тавсиялари учун ўтказилиши керакми..;
- ёки давлат ва жамият манфаатларини устивор билиб, сайловларнинг барча босқичи, қонун талаблари асосида, демократик, очиқ ва шаффоф ўтиши муҳимми?
Қайси бири муҳим?"


Мавзуга оид