Сайлов-2019 187 04.11.2019 12:06:32

Бугун Ўзбекистон Экологик партиясининг II съезди бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Экологик партиясининг II съезди бўлиб ўтди

Съездда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури лойиҳасини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, Экоҳаракатга берилган квотадан воз кечилиши, Экопартия учун янги имкониятлар эшигини очиб берганлиги иштирокчилар томонидан қайд этилди. Яъни,

-квоталаш институти бизнинг имкониятларимизни маълум бир даражада чегаралаб қўйган эди;

-маҳаллий кенгашларда депутатларимиз йўқ эди, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этаолмасдик бу эса ўз навбатида вертикал тизимда ишлашга, маҳаллий экологик муаммоларни ўз вакилларимиз орқали жойларда ҳал этиш имконини бермас эди;

- Экоҳаракатда бошқа сиёсий партиялар сингари барқарор молиялаштириш манбаи йўқ эди, рўйхатга олинган ўз электоратига эга эмас эди.

“Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда унинг барча куч-салоҳиятни бирлаштириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мафкурасидир.

Бундан ташқари, съездда Ўзбекистон Экологик партияси ҳукуматга амалдаги полителин пакетлар ўрнига биологик парчаланадиган пакетлардан фойдаланиш бўйича таклиф билан чиқди. Ўзбекистон Экологик партияси қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2018 йилдаги 3730-сонли “Маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси худудида қалинлиги 40 микрондан кам полимер плёнкали пакетлар (экспорт учун ишлаб чиқарилган, тутқичсиз ишлаб чиқарилган ва ички фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган товарларнинг ажралмас қисми бўлган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик парчаланадиган полимер материаллар бундан мустасно)ни ишлаб чиқариш тақиқланган. Бироқ, бугунги кунда бундай пакетларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш ҳамон давом этмоқда. Ушбу пластик пакетларнинг парчаланиши учун 200 йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. Боз устига чиқинди полигонларида тўпланиб қолган пакетлар атроф-муҳитга зарар етказмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси "ECO PACK" МЧЖ мутахассисларини жалб қилган ҳолда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган биологик парчаланадиган муқобил пакетларнинг намуналарини ишлаб чиқди.

Ушбу пакетларнинг намуналари текшириш учун лабораторияга (Буюк Британия, Wells Plastics Limited,) юборилди. Лаборатория натижалари мазкур пакетлар 360 соат давомида парчаланиб кетишини кўрсатди. Бу борада Wells Plastics Limited лабораториясининг 03.03.2013 йилдаги 1067-сонли сертификати тақдим этилди. Бу оддий шароитда пакетнинг биологик парчаланиш даври тахминан 8 ойга тенглигини англатади. Бундан ташқари, парчаланиш жараёни ҳаво, қуёш нури ва табиий муҳит таъсирида бошланади. Парчаланишнинг якуний натижаси — бу ўсимлик учун ўғитга айланадиган биомассадир.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Экологик партияси анъанавий пластик пакетларни сифат жиҳатидан кам бўлмаган, ҳар қандай ўлчам ва қалинликда тайёрланиши мумкин бўлган, биологик парчаланадиган пакетларга алмаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Таклиф қилинадиган биологик парчаланадиган пакетларнинг нархи (оммавий ишлаб чиқариш шароитида) 230-240 сўмдан ошмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси бугунги кундаги кенг жамоатчиликни қийнаб келаётган, ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлаётган дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ муаммоларга ечим сифатида ҳукуматга дарахтларнинг кесилишига қарши мораторий эълон қилиш таклифи билан чиқди.

Сайловолди дастурида 2025 йилга қадар йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига ташланаётган газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сув тежайдиган, лойиҳаларни амалиётган тадбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сувни тежовчи самарали технологияларни жорий этиш, Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори қисмидан йилига камида 5-6 куб. км. ҳажмда сув юборилишини таъминлаш ҳамда Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларни амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик соғломлаштириш ҳамда 1,5 млн. гектар майдонини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, оқава сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сувни тежовчи (томчилаб суғориш) самарали технологияларни жорий этиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш, экология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро норма ва қоидаларга оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда мажмуавий ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини қабул қилиш, экологик тоза транспорт воситалари миқдорини ошириш, аҳолини велосипедлардан фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, эскирган автотранспорт воситаларини утилизация қилиш масаласини ҳал этиш, бунёд этилаётган уйларнинг барчасини энергияни, ресурсларни тежайдиган яшил қурилиш талаблари бўйича қуришга эришиш каби аниқ масалалар қамраб олинганлиги иштирокчилар томонидан алоҳида қайд этилди ва делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Делегатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхати тасдиқлаб олинди.

Съездда сайловларга тайёргарликни кучайтириш, номзодларни ўқитиш ва партия фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.


Мавзуга оид