Сайлов-2019 634 18.10.2019 13:39:21

Хатоларни тан олиш пайти келди!

Хатоларни тан олиш пайти келди!

Уинстон Черчилл “Сиёсатчи эрта ва индин қандай воқеалар юз беришини башорат қила олиши, ундан кейин эса айни шу воқеа нима учун содир бўлмаганини тушунтириб бера олиши лозим”, деган экан... 

Куни кеча Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими, узоқ йиллар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият олиб борган таниқли ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов ўзининг “facebook”даги саҳифасида  “Тадбиркорлик соҳаси нега биз кутганимиздек ривожлана олмади...” сарлавҳали мақоласини эълон қилди.

«–Бунинг сабаблари кўп, лекин, асосий сабаблардан бир қуйидагича, - деб ёзади муаллиф. – Масалан, руйхатдан  ўтган тадбиркорга нечта иш ўрни яратасан деймиз. Аслида белгиланган солиқни тўла ва тадбиркорлигингни ривожлантир дейишимиз керакмасми?
 
Тадбирга тадбиркор қанча ҳомийлик қилди ҳамма маблағ давлат бюджетидан кетмасин, деймиз. Ваҳоланки, бу тадбир бюджет харажатларида ёки бошқа сметада назарда тутилмаган экан нима қиласан, тадбир қилиб, деган саволни бермаймиз. Баъзан маблағи бўлмаса-да, ҳокимлик ёки бошқа давлат ташкилоти турли тадбирлар ва ҳокозоларда автомобиль ёки қимматбаҳо совғалар улашади, ҳокимнинг топшириғи эмас, тадбиркорнинг ҳомийлиги деб расмий ёки норасмий маълумот берилмайди. Гапирса гап кўп…

Албатта, ҳали ҳамон жамиятимизда тадбиркорга қараш, масъулларнинг тадбиркорга нисбатан дунёқараши ўзгарман (ўзгармаган демоқчи муаллиф). Давлат ва жамият ривожи охир-оқибат тадбиркорликнинг қай даражада тараққий этганига ҳам бевосита боғлиқлигини тан ола билмаяпмиз, ҳали бери бу қараш ўзгармайди ҳам, негаки, бу соҳада эски тизим қолипидан чиқа олмаяпмиз. Марказлашган, кучли вертикал, йиғилишлар, мажлислар, топшириқлар, турли дастурлар асосида бошқариладиган тизим ичидамиз. Масъуларнинг сўзи қонун деган тизим ҳамон амалда. 

Маҳалла  ← туман ← вилоят ← республикадан бериладиган кўрсатмалар асосида бошқариладиган механизмда тадбиркорнинг ўрни қандай? Кўп ҳолларда мажбурий ихтиёрий ҳомийлик, йиғилишларни тўлдириб турадиган, марказдан келган масъул шахсларнинг хизмат сафарлари жараёнида овқатланиш минимумини кўтарадиган субъект ҳамда секторлар раҳбарларининг беминнат ёрдамчилари...  

Масъул ва мансабдор шахсларнинг топшириғи ҳали қонун дегани эмаслигини қачон англаб етамиз...?

Топшириқ бу – қонун доирасида бериладиган кўрсатма, қонун эса тошпшириққа асос бўлувчи ҳуқуқ нормасидир.

Ҳуқуқ эса давлат томонидан белгиланган ёки тасдиқланган умумий мажбурий ижтимоий нормалар тизими.

Тадбиркорлик соҳасини бевосита ҳуқуқ бошқарадиган ақлли тизим, тадбиркор ва давлатнинг муносабати фақат ва фақат солиқлар асосида ҳамда хусусий шерикчиликга асосланмас экан биз кутган натижа бўлмайди. 

Нуриддин Муродов


Сезган бўлсангиз, мақолани ҳеч қандай ўзгартиш ва қисқартиришларсиз эътиборингизга ҳавола қилдик.

Бундай фикр бошқа экспертлар хулосаларида ҳам ўрин олганини инобатга олсак, Н. Муродовнинг ушбу масалани чуқур ўрганиб, сўнгра хулоса чиқарганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. 

Муаллиф ўз мақоласида “Марказлашган, кучли вертикал, йиғилишлар, мажлислар, топшириқлар, турли Дастурлар асосида бошқариладиган тизим” ҳамда “масъулларнинг сўзи қонун деган тизим”нинг ҳамон амалда экани тадбиркорлар учун энг катта муаммо бўлиб қолаётганига, тадбиркор “марказдан келган масъул шахсларнинг хизмат сафарлари жараёнида вқатланиш минимумини кўтарадиган субъект”га айланиб қолганига эътибор қаратганини таъкидлаш жоиз. ЎзЛиДеПнинг масъул ходими чиндан ҳам тадбиркорларнинг бугунги ҳолатини реал мулоҳазалар асосида очиб беришга ҳаракат қилган.

Гарчи ушбу мақола чуқур таҳлиллар асосида тайёрланган бўлса-да, аммо зукко ўқувчида ҳақли бир савол туғилиши мумкин. Биринчидан, муаллиф таъкидлаганидек, тадбиркорлар олдидаги ушбу муаммолар минг-минглаб ишбилармон юртдошларимиз фаолиятига тўсиқ бўлаётган экан, шу кунгача уни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилди? Ушбу чоралар қайси мутасадди идора томонидан кўрилиши керак эди? Савдо-саноат палатасими, Адлия вазирлиги ёки сиёсий партиялар томониданми? Партиялар томонидан бўлса, ушбу муаммо қайси партия томонидан кун тартибига қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди?

Иккинчидан, тадбиркорлар муаммосини ҳал этишга масъул бўлган идора ёки сиёсий партия айнан ушбу масалалар юзасидан қандай чоралар кўрди?  

Яна бир муҳим масала. Масъулларнинг сўзи қонун деган ёзилмаган “қоида”лар мавжуд эканини оғриқли муаммо сифатида ким кўтариб чиқиши, яъни бу ҳақда бонг уриш керак эди? Оммавий ахборот воситаларими, сиёсий партияларми ёки депутатларми?

Нуриддин Муродов қайд этганидек тадбиркорлик масаласида “Гапирса гап кўп”. Аммо саволлар ҳам оз эмас... Кўтарилган мавзу чиндан ҳам долзарб. Шунинг учун ҳам мақола юзасидан кўплаб изоҳлар қолдирилган. Хусусан, Норқобил Жалилов исмли фуқаро “Яшанг, Нуриддин ака, зўр қалампир бўпти ўзиям, керакли жойга босиш керак фақат, кейин кўради” дея изоҳ қолдирибди. Аммо ушбу изоҳ (пост)ни шарҳлашга уринмадик. Чунки уни Нуриддин Муродов мақоласи билан боғловчи бирон нуқта кўрмаганимиз боис, балки изоҳ эгаси бирон хажвий чиқишга муносабат билдирмоқчи бўлгану, билмай Нуриддин Муродовнинг тугмасини босиб юборган, деган фикр келди хаёлимизга. Бошқа бир юртдошимиз эса ушбу масалани партиянинг сайловолди Дастурига киритиш таклифини билдирибди. Аммо ЎзЛиДеП фаоллари, партияга хайрихоҳ бўлган тадбиркорлар, партиянинг туман, шаҳар ва вилоят кенгашлари депутатлари, БПТ етакчилари ва аъзолари, мафкура фронти аскарлари, парламентдаги фракция аъзолари, борингки, ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилаётган ва партия номи билан иш олиб бораётган сенаторларгача ушбу масала партия таъсис этилган дастлабки кунларданоқ сайловолди дастурларига киритилган, деган фикрни инкор этмасалар керак. Чунки, партия мана 16 йилдирки тадбиркор ва ишбилармонларнинг айнан шундай оғриқли масалаларини ҳал этиш ҳақидаги чақириқлари билан сайловчилар эътиборини тортиб келаяпти.

Н.Муродовнинг нафақат сайловчилар, балки иқтисодчилару, тадбиркорларда ҳам бирдек қизиқиш уйғотган мақоласи айни сайловолди мунозаралари қизиётган пайтда эълон қилинганида ҳам рамзий маъно бор, деб ўйлаймиз. Чунки, муаллиф бугунги сайловчи анойи эмаслигини, у партиялар вакилларидан рост гапиришни,  аччиқ бўлсада ҳақиқатни айтишларини талаб этаётганини яхши билади. Масалан, ЎзХДП вакиллари ўз электорати йиғилаётган митингларда сайловдан-сайловгача бўлган даврда ижтимоий муҳофаза масаласида ваъдаларимизни бажара олмадик, десалар, осмон узилиб, ерга тушмаса керак.

Ёки “Адолат” эътиборсизлигимиз, айрим депутатларимиз муаммоли масалаларни кўтаришга журъат топмагани учун ҳам соғлиқни сақлаш тизими издан чиқди, фақат ҳукумат ташаббуси билан муаммолар ҳал этила бошланди, дея ҳақиқатни тан олса...

“Миллий тикланиш” вакиллари эса ўтган беш йил давомида “Тил тўғрисида”ги қонун ижросини чиндан ҳам талаб даражасида назорат қила олмадик, дея ўз сайловчиларига реал вазиятни тушунтирса...

Шу  маънода Нуриддин Муродовнинг тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилаётган партиянинг фаол аъзоси сифатида эълон қилган мақоласи бошқа партияларга ҳам хатоларни тан олиш пайти келганини англатмоқда, дейиш мумкин.  
    
Тез кунларда барча партияларимиз сайловчилар олдида ҳисоб берадилар. Олдинги сайлов даврида берилган ваъдалар таҳлил қилиниб, ғалвир сувдан кўтарилади.

Ишончимиз комилки, аксарият сайловчилар ҳукумат партияси вакилларининг чиқишларини кўпроқ кутмоқдалар. Гарчи матбуотимизда, партиялар томонидан ўтказилаётган ранго-ранг митингларда иқтисодиётимизнинг устуни булган тадбиркор ва фермерлар қўллаб-қувватланмоқда, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилган, банклар томонидан бизнес вакилларига имтиёзли шартларда кредитлар ажратиляпти, қабилидаги баландпарвоз гаплар айтилаётган бўлса-да, Нуриддин Муродовдек ЎзЛиДеП аъзолари чин ҳақиқатни айтиб, “жамиятда тадбиркорга қараш, масъулларнинг тадбиркорга дунёқараши ўзгармаган”ини очиқ-ойдин эътироф этмоқда. Энг ачинарлиси, партия фаоли “ҳали бери бу қараш ўзгармайди ҳам, негаки, бу соҳада эски тизим қолипидан чиқа олмаяпмиз” дея хулоса чиқаради. Бундай аччиқ, аммо очиқ фикрлар ҳукумат партияси – ЎзЛиДеП масъул ходимининг кўпчилик томонидан эътироф этилган мақоласида қайд этилди.

P.S. Ушбу муносабат тайёрланаётган пайтда Нуриддин Муродов ўзининг навбатдаги мақоласини эълон қилди. Унда янада оғриқли масалалар, хусусан, аграр соҳадаги муаммолар чуқур таҳлил этилибди...

Аслиддин Аннаев,
мустақил тадқиқотчи


Мавзуга оид