Сайлов-2019 147 17.10.2019 16:48:06

“Адолат” СДП: “Миллий тикланиш” уставидаги қоидалардан бехабарми?

“Адолат” СДП: “Миллий тикланиш” уставидаги қоидалардан бехабарми?

Хабарингиз бор яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партиясининг сайтида “Адолат” СДП томонидан уюштирилган митинг борасида уларга қарата "Бемаҳал қичқирган хўроз" номли мақола эълон қилган эди. Энди эса "Адолат" СДП ҳам "Миллий тикланиш" ДП га қарата ўзининг уставидан хабардор эмаслигини иддао қилмоқда. "Адолат" СДП мазкур мақолада шу кунларда ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ туман Кенгаши депутатлигига сайланган Кобул Дусов билаб бўлиб ўтган ҳолатга тўхталиб ўтган.

"Хоҳлаймизми, йўқми айни кунларда сиёсий партиялар ва депутатлар бугунги куннинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзусига айланмоқда. Айни жараёнларга Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг ғоялари ҳамда фикрлари билан ахборот майдонига кириб бормоқда ва улар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Афсуски беш қўл баробар эмас...

Жумладан, “Миллий тикланиш” ДП дастлаб халқимизга ҳали ислоҳотларни қўлга олишга тайёр эмасликларини тан олиб, “Кутинг” дея хитоб қилган бўлса, шунча куттирдик энди нима билан хайрон қолдирамиз, деб шартта муддатидан олдин штабининг очилиш маросимини “миллий тикланган” қизлар иштирокида ўтказиб юборди.

Куни кеча эса “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Бўстонлиқ туман Кенгаши депутатлигига сайланган Кобул Дусов ўзининг миллий қадриятларга унчалик хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Миллий тикланишчилар жим туриб кузатишни маъқул кўрган ушбу ҳолатга Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Акмал Бурхонов ўз муносабатини билдирди.  

“Бугун мамлакатимиз муҳим сиёсий жараёнлар олдида турибди. Жамият учун янгича фикрлайдиган, самарали ва прогрессив парламентни шакллантириш вазифаси долзарб ҳисобланади. Ўз навбатида, барча депутатларнинг асосий вазифаси аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашишдир.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кузатиб айтиш мумкинки, бугунги кунда айрим депутатлар томонидан популистик постлар, жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлаётган мавзуларда спекуляцияларга йўл қўйилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг халқ вакилларига бўлган ҳурмати ва ишончи янада пасайишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, касб этикаси қоидаларига риоя қилмай, мулоқот маданиятини четлаб ўтилиши оқибатида депутатлик мақомига салбий таъсир қилувчи ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Жумладан, халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати Қобул Дусовнинг аввалроқ умуминсоний қадриятларга қарши билдирган фикрлари ижтимоий резонанс уйғотган бўлса, куни кеча Яшнобод тумани аҳолиси билан қўпол муомалада бўлиб, жанжаллашаётгани акс этган видеопост ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, унинг бу ҳаракатлари депутат номига умуман мос эмаслиги, ҳаттоки, у аъзо бўлган “Миллий тикланиш” демократик партиясининг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларига ҳам зид экани сиёсий партия обрўсига путур етказади.

Қонунчиликда сиёсий партияларга партия аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш шартлари ва тартибини белгилаш ваколати берилган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг уставига мувофиқ, уставга риоя этмаганлик учун, хусусан, партия обрўсига путур етказувчи ёки унинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар учун партия аъзолигидан чиқарилиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, партия гуруҳлари томонидан партия манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширганлиги ёки уларни била туриб инкор этганлиги учун ҳудудий партия ташкилоти депутатларни чақириб олиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан аввал тўхтатиш масаласини кўтариши мумкин эканлиги партия уставида кўрсатиб ўтилган.

Эътиборлиси, бундай ҳатти-ҳаракатлар туман депутатлик гуруҳлари томонидан қандай баҳоланмоқда? Бу масалада бугунги муҳим сиёсий жараёнлар арафасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қандай позицияни тутиши барча сайловчилар учун муҳим ҳисобланади.”

Биз ҳам МТДПдан қуруқ гаплар, ўзини оқлашга, ёки бизни қоралашга бўлган беҳуда уринишлар ўрнига, чин маънода сиёсий ирода кўрсатишларини кутиб қоламиз. Ишқилиб, “миллий тикланишчи”лар “кутинг” деб хитоб қилишганида юқоридаги каби ножўя хатти-ҳаракатларни ҳам назарда тутишмаган бўлсин, деймиз", дейилади мақолада.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

 


Мавзуга оид