Сайлов-2019 544 16.10.2019 15:17:57

Сиёсий майдон: ким аслида ким?

Сиёсий майдон: ким аслида ким?

2019 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга старт берилгач, сиёсий партиялар ўртасида кечаётган ўзаро тортишув ва баҳс-муозаралар таҳлили сиёсий партияларнинг иссиқ ўринларидан чўчиб уйғонганларини, ҳали ҳам уларнинг кўпчилиги уйғониш палласида эканини кўрсатиб қўйди. Буни англаш учун бир сидра ижтимоий тармоққа назар ташлашнинг ўзи кифоя.

Ўтган йили Россия медиамаконида замонавий тенденциялар муҳокама қилинганида таниқли телебошловчи Андрей Малаховнинг “Пусть говорят” кўрсатуви кир ювиш машинасига қиёсланган эди. Агар бизда ҳам ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган бир ҳафталик “сиёсий кураш” чуқурроқ таҳлил этилса, партияларнинг чиндан ҳам уйқусраш ҳолатида эканини, айрим партиялар эса “кир ювиш” билан оввора бўлаётганларини кўриш мумкин бўлади.

Тўғри, kun.uz сайтида “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодиров биринчи марта жиддий чиқиш қилиб, партия ва унинг тарафдорлари томонидан илгари сурилаётган ғоянинг асл моҳиятини очиб берди ва партия учун миллий манфаатлар энг устувор масала эканини таъкидлади. Бундай қараш айниқса, Евроосиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг кириши билан боғлиқ масалада яққол кўзга ташланди.

Тан олиб айтиш керакки, Алишер Қодировнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишдан олдин етмиш марта ўйлаш керак қабилидаги кескин фикрларига кўпчилик таҳлилчилар, йирик ОАВ вакиллари ва хатто партияга ўгай муносабатда бўлиб келаётган блогерлар ҳам ўзига хос муносабат билдирдилар.

Аҳоли, айниқса, сиёсий партиялар бундай фундаментал чиқишга қандай муносабат билдириш ҳақида бош қотираётган бир пайтда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг Халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Азамат Сеитовнинг анчайин пухта жавоб мақоласи ҳам эълон қилинди.

Тўғри, айни пайтда ушбу мавзунинг сайлов якунига қадар давом этиши, айни шундай мавзулар мамлакат сиёсий майдонидаги икки асосий курашчи партия ўртасида қизғин мунозараларга сабаб бўлиши бежиз таъкидланмаяпти.

Аммо кўп ҳолларда “сиёсий баҳс”ларнинг даҳанаки жангга айланиб бораётгани гарчи ижтимоий тармоқларда кўпроқ муҳокама қилинаётган бўлсада, асл сайловчилар эътирозини келтириб чиқараётганидан кўз юммаслик керак.

Мана бир мисол. Айрим блогерларнинг “Миллий тикланиш” байроғини кўтариб, суратга тушган қизларни чуқур ўйламасдан муҳокама қилаётганларини тушуниш қийин. Маълумотларга қараганда, ушбу суратлар “Адолат” буюртмаси асосида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Биламизки, “Адолат” жуда катта тажриба ва “меҳнат стажи”га эга партия. Наҳотки, ушбу партия бугунга келиб ғоявий жиҳатдан шу даражада қашшоқлашиб қолди?

“Адолат”чилар аёллар, опа-сингилларимизга қандай юбка кийишни ўргатгандан кўра, минг-минглаб юртдошларимизни, айниқса, қишлоқлардаги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган соҳа – соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш йўлларини изласа, тизим мутасаддиларига жўяли таклифлар берса мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Чунки, айнан “Адолат” узоқ йиллардан бери ушбу тизим учун ислоҳотларни ўз зиммасига олган партия сифатида фаолият олиб бораяпти.

Очиғи, ушбу партия вакилларининг айрим чиқишлари ота-она меҳрига зор бўлиб ўсган, инжиқ ва ўта эътиборталаб фарзанднинг хатти-ҳаракатларини эслатиб юборяпти.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда партия ёшлар қаноти фаолларидан бири “Миллий тикланиш” етакчиси Алишер Қодировнинг ўзига ишончи бўлмагани ҳолда митингларда сўзга чиқаётганини танқид қилибди. Энг қизиғи ёш “адолатчи” ўз фикрларини товуқлар ёки хўрозлар ҳақидаги мужмал мулоҳазалар билан якунлабди.

Молиявий жиҳатдан анчайин қийналиб қолган ушбу партия етакчилари бундан олти ойча муқаддам Тошкент шаҳри таркибидаги туман партия кенгашлари раҳбарларини йиғиб, ҳар ойда 1 млн. сўмдан аъзолик бадаллари туширган кенгашларгагина ойлик берилишини маълум қилганларини эшитгандим.

Чўкаётган одам хасга ҳам, ҳашакка ҳам ёпишади, дейишади.

Агар партия ўзининг сиёсий майдондаги мавқеи, обрў-эътибори мустаҳкам эканини ҳис этганида, шубҳасиз, бошқа бир партия раҳбарининг ўзига ишончи бор, йўқлиги ҳақида эмас, сиёсий рақибининг сайловолди дастурлари, парламентдаги, хеч бўлмаганда ҳудудлардаги фаолиятини таҳлил этиб, сўнгра юқоридагидек чиқишлар қилган ва сайловчиларга қиёслаш имконини яратган бўларди.

Тўғри, айрим экспертлар бошқа партиялар қатори “Адолат” ҳам ўтган беш йилда ўз “томорқасига” нима эккан бўлса, шуни ўряпти, устига-устак “Адолат”нинг “карам” экилган аксарият эгатларида қизил шалғом униб чиққани партиянинг “оғир меҳнати” натижаси, дея хулоса чиқаришяпти.

Албатта, бундай хулосалар ҳали якуний эмас. Асосий кураш ҳали олдинда. Лекин нима бўлганда ҳам сиёсий партиялар сайловнинг энг қизғин палласи яқинлашаётганини, ЎзЛиДеП учун “Гўшт” масаласи, “Миллий тикланиш” учун эса “Қулоқсиз депутат масаласи” аввал йўл қўйилган хатоларнинг бир қирраси эканини тушуниб олишлари керак. Чунки ҳақиқий кураш ҳали теледебатларда, партия фаоллари, хусусан, етакчиларнинг юзма-юз баҳс ва мунозараларида кўринади.

Тан олиш керак, “Миллий тикланиш” ўзининг анчайин оғир ва мулоҳазали чиқишлари , вазмин мақолалари билан сайлов тақдирини ҳал этиши мумкин бўлган ҳақиқий сайловчилар эътиборини қозонишга ҳаракат қиляпти. Партия баннерларидаги “КУТИНГ!” сўзи ҳам 300 мингдан зиёд аъзоси бўлган партияга нисбатан аҳоли эътиборини кучайтирди. Айниқса, “Миллий тикланиш”нинг парламентни халқ уйига айлантирамиз, деган даъватлари эртасини ўйлаган ҳар бир сайловчи учун ўзига хос чақириқ сифатида янгради.

Куни кеча матбуотда ЎзЛиДеП томонидан “Миллий тикланиш”га яна бир ғалати айб қўйилгани маълум бўлди. Унда ёзилишича, гўёки “Артел” “Миллий тикланиш”ни гўёки сиёсий “крыша”га айлантирган эмиш.

Ўтган ўн беш йил давомида ЎзЛиДеП ҳукумат партияси сифатида юзлаб корхона ва ташкилотларни “оптом” аъзоликка қабул қилганида ҳеч ким ҳеч нарса демаган эди, деб ёзади “Миллий тикланиш”чилар. Чунки бу жараён “қонуний” асосларда ташкил этилгани маълум қилинганди. Бугунга келиб, “Артел”чиларнинг “Миллий тикланиш”ни танлаганлари тадбиркорлар партиясини чиндан ҳам саросимага солган кўринади.

Энг қизиғи, ушбу даъво оддий одамлар кўнглидан жой олган машҳур депутат Расул Кушербаев номидан илгари сурилди.

“Миллий тикланиш”чилар эса бундай “салб юришини” ЎзЛиДеПча сиёсий жазава, деб атадилар. Бу ҳам мамлакат сиёсий майдонида қайси партия қандай ғоя ва мақсадларни илгари сураётганини, бу жараёнда ким аслида ким эканини, қайси партия қандай усул ва услублар, пиар технологиялардан фойдаланиб, овоз олишга уринаётганини кўрсатяпти. Юқоридагидек ҳолатлар чиройли шиорлар, баландпарвоз чиқишлар, партия байроқлари билан безантирилган митинглар партияларнинг асл қиёфаларини очиб беришини англамайди, дегани ҳамдир.

Бундан ташқари, кутилмаганда “Миллий тикланиш”нинг Россияга бориб, энг чекка ҳудудларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан очиқ мулоқотлар ташкил этгани, партия етакчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан Москва шаҳридан 400 км узоқликда жойлашган Сафонова шаҳарчасидаги қамоқхонага кириб, ноҳақ қамалган 23 ёшли ўзбек йигити билан учрашганлари бундан бир ойча олдин ЎзЛиДеПнинг Россиянинг энг катта “оға” партияси таклифини қабул қилиб, Москвага боргани ва “Единая Россия” партияси котиби билан имзолаган шартномасини чилпарчин қилди, дейиш мумкин.

Ҳа, чиндан ҳам сайловларда асосий кураш икки партия ўртасида кечади, деган фикрлар бежиз эмасга ўхшаяпти.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, сайловчилар сайланувчиларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб, улар фаолиятига баҳо бермоқдалар.

Демак, “Миллий тикланиш”нинг реклама баннерларида айтилганидек, биз ҳам якуний хулосалар эълон қилингунича “кутинг” деб қоламиз.

Фарзона Ҳамидуллаева,
тадқиқотчи

 


Мавзуга оид