Сайлов-2019 293 14.10.2019 14:09:03

“Миллий тикланиш” партияси фаоли “Адолат” СДП вакилини "бемаҳал қичқирган хўроз" деб атади

“Миллий тикланиш” партияси фаоли “Адолат” СДП вакилини "бемаҳал қичқирган хўроз" деб атади

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партиясининг сайтида “Адолат” СДП томонидан уюштирилган митинг борасида уларга қарата "Бемаҳал қичқирган хўроз" номли мақола эълон қилди. Мақолада ЎзМТДП "Ёшлар қаноти" фаоли Икром Худайбергенов “Адолат” СДП томонидан 2019 йилнинг 29 сентябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” ўйингоҳида ўтказилган “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остидаги митингда Саидолим Абдураҳмонов журналистга интервьюсида сайловчиларни партия номзодларига овоз беришга чақирганини қаттиқ танқид остига олган.

“Ўтган ҳафта “Ўзбекистон 24” телеканалида “Адолат” СДП томонидан 2019 йилнинг 29 сентябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” ўйингоҳида ўтказилган “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиори остидаги митинг ҳақидаги ахборот намойиш этилди. Унда “Адолат” СДП вакили Саидолим Абдураҳмонов журналистга интервью берар экан, сайловчиларни партия номзодларига овоз беришга чақирди.

Маълумки, бу йилги сайловлар Марказий сайлов комиссияси томонидан “Янги сайлов, янги Ўзбекистон!” шиори остида ўтиши эълон қилинди. Бунинг маъноси жорий йил илк маротаба сайловлар янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилаётганидир. Аммо “Адолат” СДП вакилининг бемаврид қичқирган хўроздек сайловчиларни овоз беришга даъват қилгани “Адолат”чи йигитнинг Сайлов Кодексидан бехабар эканлигини кўрсатади. Чунки бу пайтда ҳали партия Марказий сайлов комиссиясининг сайловда иштирок этишга рухсатини оладими, йўқми бу номаълум. Бундан ташқари, жамоатчилик сиёсий партияларга эргашишини наҳотки, бугун партия номидан гапираётган одам билмаса?

Бу интервьюни кўриб, Сайлов Кодексининг 44-моддасидаги Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланишини эсладим.
Боз устига ҳали депутатликка номзодлар эълон қилингани йўқ. “Адолат” СДП вакили одамларни чалғитиб, қонунга хилоф равишда йўқ номзодларига даъват этиши эса бемаҳалда қичқирган хўроз қилиғидан бошқа нарса эмас.

Дарвоқе, 20 сентябрь куни “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўтказилган Тошкент шаҳридаги “Анҳор-Локомотив” боғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мухаррам Дадаходжаева ҳам омма олдига чиқиб, барчани партия номзодларига овоз беришга чақирди.

Агарки, Олий Мажлисда қонунлар “кашф” этаётган депутатларнинг ўзи қонун талабларини бузиб турса, бошқалардан нимани кутиш мумкин?”, дейилади мақолада.


Мавзуга оид