Суриштирув 6384 12.11.2019 15:14:59

“Ўн кундирки, 3 яшар ўғлим билан кўча-куйда тунаб юрибман” — Human.uz суриштируви

“Ўн кундирки, 3 яшар ўғлим билан кўча-куйда тунаб юрибман” — Human.uz суриштируви

Шу кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетгани учун кўча кўйда одамларни қишки кийимларга бурканиб олган ҳолда кўришга кўникиб қолдик. Ростан ҳам, огоҳлантирилганидек, мамлакатимизга совуқ иқлим ҳукмронлик қилмоқда. Кимлардир “Бу йили аёз эрта келди” деса, бошқалар “Қиш ўта қаттиқ бўлармиш” дейди. Яна ким билсин?

Бироқ бизни ўйлантирган масала бошқа тарафда. Куни кеча таҳририятимизга 10 кундан бери 3 ёшли фарзанди билан кўчада қолган бир аёл сим қоқди. Дарҳол Human.uz ахборот портали ходимлари томонидан журналистик суриштирув олиб борилди.

photo_2019-11-12_17-16-18.jpg

Опани топиб олиш қийин кечмади. Негаки, йўл ёқасида ёмғирда униққан кўрпа-ёстиқлари ва бир неча оғир сумкалари билан камига ёш боласи билан қунишиб ўтирган чамаси 40 ёшлардаги аёлни эътибордан четда қолдиришнинг имкони йўқ. Феруза опа Нишонова Янгийўл тумани Чортоқ маҳалласи “Гулзор” кўчасида туриб бизга телефон қилган экан. Етиб борганимизда Феруза опа кўчада абгор аҳволда ўтирарди. Маҳалла аҳлининг сўзларига кўра уларнинг бу ерга келганига ўн кун бўлибди. Шундан бери кўчада тунаб келаётган экан.

“1978 йилда Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилганман. 2011 йилда турмуш ўртоғим билан Тошкентга келганмиз. Беш йил давомида ижарада яшадик. Кейинроқ хўжайним Россияга ишлагани кетди. Аввалига бизга етарлича пул жўнатиб турди. Охирги пайтлар эса улар билан алоқамиз узилди. На хат, на хабар келди. Кейин билсак, беш ой олдин ўша ерда вафот этган экан. Уларни олиб келиб ўз она тупроғига қўйиш учун ҳам қурбимиз етмади, ҳатто. Қариндош уруғлари бордир, дерсиз. Йўқ, турмуш ўртоғим меҳрибонлик уйида тарбиялангани учун ҳеч қандай яқин қариндошлари бўлмаган. Ҳозир эса ижарада яшашга пул йўқ. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Қанд касалига чалинганман. Уч йилдан бери синглим ҳам биз билан бирга яшайди. Фарзандимни бирга катта қилдик. Ҳозир ўғлим уч ёшда.

photo_2019-11-12_17-16-30.jpg

Бироз жамғарган маблағимиз бор эди. Арзонроқ жойда ижарага туриш учун ярар, дегандим. Шуни ҳам Лайло исмли уй даллолига бериб, алданиб қолдик. Шундан бери на борадиган жойимиз, на пулимиз бор. Беш ойдирки, подъездлар, бекатларда — хуллас дуч келган жойда кун кечириришга мажбур бўляпмиз.

Сергели тумани ҳокимиятига ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Улар доимий рўйхатда турмаганимиз учун Самарқанд вилоятига қайтиб кетишимизни маълум қилишган. Бу масала бўйича бир неча бор Нуробод туманига ҳам, вилоятимизга ҳам мурожаат қилганимизда: “уй учун 6 сотих жой ажратиб берамиз”, деб уч йилдан бери қуруқ ваъда бериб келди. Самарқандда ҳеч ким бизга ёрдам бермайди. Қариндош-уруғлар ҳам хабар олишмайди. Ота-онамиз вафот этганидан сўнг оқибатимиз ҳам йўқолиб кетган. Қаерга бормайлик, ҳайдаб чиқаришяпти.

“Чортоқ” маҳалласидаги саховатгўй инсонлар шукр, ташлаб қўйишмади. Иссиқ овқат бериб туришибди. Бир отахоннинг ошхонасида кунлик тўлов қилиб яшаб тургандик. Ўғиллари келиб, бу ердан ҳам чиқариб юборди. Совуқ тушгани сайин ўғлимнинг саломатлигидан ҳавотир оляпман. Бор умидим мана шу ўғлимдан. Унинг ҳам бошқалар каби иссиқ уйда яшашга, тенгдошлари каби боғчага боришга, озода кийинишга ҳаққи бор, деб ўйлайман. Болам беш ойдирки, биз каби совуқда кўчада тонг оттиряпти. Умиджоннинг келажакда бахтли бўлишини хоҳлайман. Бир хона бўлса, ҳам тураржойимиз бўлса эди. Бир кунимизни кўриб кетардик.”

Суриштирув жараёнида “Чортоқ” МФЙнинг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахасиси Гулнора Айталиева маҳалла фаоллари бу оилага ёрдам бериб келаётганини, маҳалла раиси ҳам уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳаракат қилаётганини айтди. Бироқ “Чортоқ” МФЙ раиси Лола Шоназарова билан боғланганимизда, бу оиланинг доимий рўйхатда турмаслигини, бу ердан Самарқандга зудлик билан чиқариб юборилишини айтди. Бироқ шу кунга қадар, маҳалла раиси бундан ҳеч бир масъул ташкилотни хабардор қилмаган. Суратга олиш жараёнидан сўнггина, туман хотин-қизлар бўлимига мазкур ҳолатни билдирди.

Бундан ташқари, биз Самарқанд вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар опа Алимова билан боғландик. Улар ҳам бу оилага моддий ва маънавий томондан кўмак берилишини билдирди.

Қишнинг аёзли кунлари яқинлашяпти. Юзлари совуқдан қизариб кетган Феруза опа ва уч ёшли фарзанди билан ҳамон кўчада қоладими? Ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар бунга бефарқ бўлмайди. Тез кунларда Феруза опа билан бўлган суҳбатнинг видеолавҳасини томоша қилишингиз мумкин.

Маълумот учун: Айни вақтда Феруза опа ўғли билан Янгийўл тумани “Чортоқ” МФЙ Гулзор кўчаси 23-хонадонга жойлаштирилган. Саховатпешаларнинг моддий ёрдамига муҳтож.

Феруза Нишонова тел.:+99891.311-50-79

Human.uz aхборот портали жамоаси


Мавзуга оид