Суриштирув 284 12.11.2019 07:54:42

Хатирчидаги «Лангар» қўрғонида «сариқ касал»га чалинганлар кўпаймоқда(ми?)

Хатирчидаги «Лангар» қўрғонида «сариқ касал»га чалинганлар кўпаймоқда(ми?)

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти, Хатирчи тумани «Лангар» қўрғонида истиқомат қилувчи аҳоли орасида «Гепатит А» касаллиги кўпаётганлиги, кўплаб мактаб ўқувчилар ҳам касалликка чалинаётганлиги, ота-оналар фарзандларини мактабга юборишга ҳам хавотирланаётганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш ва муаммо юзасидан журналистик суриштирув ўтказиш учун «Лангар» қўрғонида бўлдик.
фото 1.jpg «Лангар» қўрғонида иккита – 37 ва 58-умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд. Дастлаб 37-умумий ўрта таълим мактаби директори Ҳусниддин Жиянов билан суҳбатлашдик.
фото 2.jpg «Мактамизда 146 нафар ўқувчи бор. Ҳозирда ўқувчиларининг олти нафари гепатитга чалингани қайд этилди. Ёзги таътил вақтида эса тўрт нафар ўқувчимиз шу касалликка чалинганди. Синфларнинг ҳар бирида шу касалликка чалинган ва шубҳа қилинган бир-икки нафардан ўқувчи бор. Тумандан санитария ходимлари келиб зарур тадбирларни амалга оширди. Қишлоқ врачлик пунктидан бир нафар ҳамшира бириктирилган», – дейди Ҳ.Жиянов.

Шундан сўнг 58-умумий ўрта таълим мактабида бу борадаги ҳолатни аниқлаш мақсадида мактабга бориб, мутасаддилардан изоҳ сўрадик.
фото 3.jpg Мактабдаги давоматга маъсул бўлган Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Жонибек Ҳосиловнинг таъкидлашича, айни вақтда олти нафар ўқувчи айнан шу касаллик бўйича дарсларда иштирок этмаяпти. Шунингдек, етакчи ушбу касалликка чалинганликда шубҳа қилинаётган айрим ўқувчилар текширувлардан ўтаётганлиги боис дарсларга келмаётганлигини маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан «Лангар» қўрғонида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан ҳам суҳбатлашдик.

«Шу касал билан чалинганлар бир-икки ой аввал кўпайган эди. Ҳозир бироз камайган. Фарзандларимиз касалликка чалинмаслиги учун ўзимиз ҳам ҳаракат қилаяпмиз. Касалликнинг олдини оладиган тоғда ўсадиган гиёҳлардан ичираяпмиз. Қишлоқ врачлик пункти ходимлари ҳам керакли кўрсатмаларини бераяпти», – дейди биз билан суҳбатда фуқаролардан бири.

Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам аҳоли орасида «сариқ касал» тарқалаётгани ва унга чалинганлар кўпаётганлиги ҳақида хавотирлар мавжуд.

Ушбу хавотирлар ва хабарларга янада ойдинлик киритиш мақсадида «Лангар» қишлоқ врачлик пункти мудири Ғулом Бозоровдан изоҳ сўрадик.
фото 4.jpg «Қишлоқ врачлик пунктимиз уч мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади. Ҳолат юзасидан маълумот берадиган бўлсам, ҳозирда Гепатит А касаллига чалинганлар ўн нафардан ошди. Шунингдек, касалликка чалинган деб гумон қилинаётганлар бор. Асосан бир-бирига юқаётганлиги натижасида касаллик кўпаймоқда. Туман «сэс» ходимлари келиб, зарур чораларини кўришди. Ичимлик сувидан таҳлиллар олиб кетишди. Аммо ҳанузгача хулосаларини бизга маълум қилишгани йўқ. Патронаж ҳамшираларимиз ҳам аҳоли орасида тегишли чораларини кўрмоқда. Аммо барибир касаллик қайд қилиниши давом этмоқда. Назорат қиляпмиз, пунктимизда лобаратория бўлгани билан текширишнинг имкони йўқ. Реактивлар бор, аммо мутахассислар йўқ. Ўқишга юбораяпмиз ходимларни. Туманга бориб текширтиришга мажбурмиз. Бир-икки ой олдин бу касаллик бўйича мурожаатлар кўп эди, ҳозирда камайган. Мурожаат қилганларни ўзимиз «Тез ёрдам» машинасида туман тиббиёт бирлашмасининг «юқумли касалликлар» бўлимига олиб бораяпмиз. Саккиз нафар бемор даволаниб чиқди ва айни вақтда яна икки нафар бемор шифохонада даволанаяпти», – дейди Ғ.Бозоров.

Ўрганишимиз давомида «Лангар» қўрғонидаги ушбу вазиятни Хатирчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ўринбосари Ориф Тошонов, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Ҳамза Халилов ва туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Фазлиддин Нуриддиновлар билан муҳокама қилдик.

Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Фазлиддин Нуриддиновнинг маълумот беришича, «Лангар» қўрғонида жорий йилнинг 9 ойи давомида 16 нафар киши вирусли гепатит касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Барча юқумли касалликлар ўчоқларида эпидемиологик текширишлар, дезинфекция ишлари ўтказилган. Мулоқотда бўлганлар вирусли гепатит касаллигига текширилган, 35 кунлик тиббий кузатув остига олинган. Ўчоқларда профилактика ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилиши давом этмоқда. Юқумли касалликлар бўлимида клиник эпидемиологик кўрсаткичларга ва лобаратория текширишлари натижаларига асосланган ҳолда вирусли гепатит касаллигига гумон қилинган 16 беморнинг 2 тасига «вирусли гепатит А», 8 тасига ЎРВИ, 5 тасига «этологияси ноаниқ вирусли гепатит» ва 1 тасига «иерсиноз» ташхиси қўйилган.

Шунингдек, Ф.Нуриддинов ҳозирги вақтда «Лангар» қўрғонида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолини сифати кафолатланган ичимлик суви билан таъминлаш учун янги ичимлик тармоғи тортиб борилган ва аҳоли орасида санитария тарғиботи ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Лангар» қўрғони аҳолисининг ҳадикларида асос бор. Улар вирусли гепатит кенг тарқалишидан хавотирда. Бу масалага тегишли соҳалар мутасаддилари янада жиддий эътибор қаратиб, зарур чора-тадбирларни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Бардошбек Самад ўғли


Мавзуга оид