Суриштирув 93 07.10.2019 20:09:22

Миробод туманидаги тадбиркорнинг мулки суд қарори билан тортиб олинди. 5 млн. долларлик инвестиция лойиҳаси амалга ошмай қолмоқда

Миробод туманидаги тадбиркорнинг мулки суд қарори билан тортиб олинди. 5 млн. долларлик инвестиция лойиҳаси амалга ошмай қолмоқда

Human.uz сайти орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари турли йўллар билан поймол этилаётганига оид мурожаатлар, суриштирувлар ва бошқа маълумотлар эълон қилиб борилмоқда.

Таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат муаллифи Тошкент шаҳрининг Миробод туманида фаолият олиб борувчи “Кўмирқурилишмолларсавдо” МЧЖ таъсисчиларидан бири Ш.Зиямовдир.
  
Унинг таъкидлашича, Давлат рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг 1993 йил 29 декабрдаги 679-сонли фармойиши билан “Тошкентсавдо” ИЧК “Тошгорлесстройтопторг” давлат тасарруфидан чиқарилиб, “Тошкўмирқурилишмолларсавдо” жамоа корхонаси ташкил этилган. Мазкур фармойиш билан янги ташкил этилган жамоа корхонаси мол-мулклари 231.181,5 минг рубль қиймат қилиб белгиланган. Кейинчалик, яъни 1994 йил 3 февралда томонларнинг ўзаро мажбуриятлари тўғрисида келишув шартномаси имзоланган ва 1994 йил 15 февралда Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Эски Отчопар кўчаси, 58-ўй манзилда жойлашган умумий ер майдони 4363 кв.м ва бино иншоатлари 1034 кв.м бўлган кўмир омборхонасига 43-сонли мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери берилган. Мазкур ер участкаси ва бино-иншоотлар бугунги кунда “Кўмирқурилишмолларсавдо” МЧЖга қарашли ҳисобланади.

2018 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Хусусийлаширилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қумитасининг Тошкент шаҳар худудий бошқармасига нисбатан 1994 йил 3 февралда томонларнинг ўзаро мажбуриятлари тўғрисида келишув шартномаси ва 1994 йил 15 февралдаги 43-сонли мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
  
Ишни Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси И.Ражабов кўриб чиқиб, 2018 йил 8 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг даъвосини тўлиқ қаноатлантирган.

Бунинг оқибатида “Кўмирқурилишмолларсавдо” МЧЖга қарашли Миробод тумани, Эски Отчопар кўчаси, 58-ўй манзилда жойлашган умумий ер майдони 4363 кв.м ва бино иншоатлари 1034 кв.м бўлган кўмир омборхонаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Бинолардан фойдаланиш департаменти” ДУК балансига ўтказилган.

Тадбиркор Ш.Зиямов Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг бу ҳаракатлари ва суднинг қабул қилган қароридан норози бўлмоқда.

Унинг фикрича Давлат қўмитаси ва суд Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 24-моддаси ва Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 17 январда имзолаган “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 4933-сонли Фармон талабларига риоя қилмаган.

Қонунга кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.
Президентининг юқорида таъкидланган фармонида эса давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқлаб қўйилган.
Суд қарорига эътироз билдирар экан Ш.Зиямов суд низоли мулк хусусийлаштирилган эмас, аксинча давлат тасарруфидан чиқарилганлиги ҳолати бўйича қарор қабул қилиб, хатога йўл қўйганини таъкидламоқда.

Бунга асос қилиб эса у низоли мулкка нисбатан ўша пайтда амалда бўлган “Давлат мулкини ва акцияларини сотиб олиш тартиби тўғрисида”ги ҳужжатга асосан 10% бадал пули ва 1% давлат божи тўланиб мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат муваққат ордери олинган. Кейинчалик 1996 йил 26 апрелда ушбу ордерга “Кўмирқурилишмолларсавдо жамоа корхонасининг мулки жамоа мулки деб ҳисоблансин” деган ёзув киритилганлигини келтирмоқда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, унинг мулкини олиб қўйиш бўйича бундан аввал ҳам урунишлар бўлган экан. Дастлаб 2017 йилда туман ДСЭНМ ва Экология инспекциялари бир неча марта инструментал текширишлар ўтказган, бироқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланмаган. Аксинча омборхонанинг табиат ва инсон саломатлиги учун зарари нормадагидан икки баробар паст чиққан.

“ - 2018 йилда ҳукумат ва маҳаллий ташкилотлар раҳбарларидан иборат гуруҳ келиб корхона ҳудудида текшириш ўтказди, ишчи гуруҳи талаби билан прокуратура томонидан ҳам корхона фаолияти тафтиш қилди. Прокуратура ўз текширувларини ўтказиш вақтида корхонанинг давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши билан боғлиқ барча ҳужжатларни ҳам қўшиб олиб қўйилиши тегишли ҳужжатларни судга тақдим этиш имконини бермади” дейди Ш.Зиямов.
Тадбиркор Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Иқтисодий суд хато қилганлигига ва бу хато Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан адолатли кўриб чиқилиб, ҳуқуқлари тикланишига ишонмоқда.

“Айни пайтда Ҳукуматнинг инвестиция лойиҳасини бўйича топшириғига кўра амалга оширилиши режалаштирилган 4 800 000 (тўрт миллион саккиз юз минг) АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини тўхтаб қолган. Инвестиция бўйича лойиҳамиз ҳокимият томонидан тасдиқлаб берилмади. Мол-мулклар давлат ихтиёрига ўтиб кетганлигидан хабар топган инвесторлар ҳам кетиб қолишди”- дейди Ш.Зиямов.

Адолат қарор топишидан умидвор тадбиркор бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаева ҳамда бошқа ваколатли давлат органларига мурожаатлар йўллаб, ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида ёрдам сўрамоқда.

Ушбу масала Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланган Давлат активларини бошқариш агентилиги томонидан қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорнинг важларига қўлоқ тутилса балки вазият ўзгарар.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.


Мавзуга оид