Суриштирув 342 11.09.2019 09:56:39

Андижонда тадбиркорни ким ҳимоя қилади?

Андижонда тадбиркорни ким ҳимоя қилади?

Таҳририятимизга наманганлик тадбиркор Шавкат Юсупов мурожаат этиб, ўзига нисбатан бўлаётган адолатсизликлар ва зўравонликлар ҳақида маълум қилди.

Тадбиркорнинг айтишича, жорий йилнинг 3 июнь куни ўтказилган электрон аукционда Андижон вилояти, Олтинкул тумани, Узун кўчасида жойлашган объектни, яъни сут етиштиришга ихтисослашган фермани 326 000 000 сўмга сотиб олади.
1745845.jpg Шундан сўнг, 6 июн куни объектни топшириш-қабул килиш далолатномасни олиш учун Олтинкўл МИБга мурожаат қилади. Бироқ турли важ-карсонлар билан жараён чўзилган ва аслида савдо ўтказилган куни берилиши лозим бўлган ҳужжат 28 июнь куни расмийлаштириб, 30 июнь куни тақдим этилган.

Маълум бўлишича, ўтган вақт мобайнида сотиб олинган объект аввалги эгалари томонидан талон-тарож қилинган, мол-мулклар ташиб кетилган, ҳатто тадбиркорга таҳдидлар бўлган, калтакланган, мол мулкига шикаст етказилган.

“27 июндан 28 июнга ўтар кечаси фермага бир гуруҳ шахслар бостириб кириб, мендан 10 минг АҚШ доллари талаб қилишди. Айтишларича, уларни мулкнинг аввалги эгаси Аҳмадулло деган одам жўнатган. У Ҳисоб палатасига раҳбарлик қилган экан. Андижондаги бир нечта объектни катта миқдордаги кредит эвазига сотиб олган. Лавозимдан кетгач, кредитларни тўлаш муаммога айланиб, бакнротга учраган. Қарздорлик муддати ўтгани учун 2018 йилнинг 7 декабрь куни унинг 53 миллиард сўмлик мол-мулклари хатланиб, савдога қўйилган. Шулардан бирини мен сотиб олгандим.
photo_2019-09-10_18-30-10.jpg Биласизми, сотиб олган кунимнинг ўзидаёқ 5-6 нафар одам Наманганга мени қидириб келди. “Сен Аҳмадулло аканинг мулки савдосига нотўғри кириб қўйдинг. Аканинг ёнидан ўтишинг керак эди. Ака сен билан кўришмоқчи, дейишди. Сўнг Олтинкўл туманидаги офисда Аҳмадулло ака билан кўришдим. У “Андижонда бирортаси менинг юзимга оёқ қўя олмайди. Сен мендан рухсатсиз савдога кирдинг. Энди жазоси учун мулкдан воз кечасан”, деди. Мен “Нега қонун йўли билан давлатдан сотиб олинган мулкдан воз кечишим керак? Бўлмаса, пулимни қайтариб беринг”, дедим. Унга ҳам кўнмадим. Кейин менга у ўлдириб юбориш ва мол-мулкимни ёқиб юбориш билан таҳдид қилди. Мен тегишли органларга мурожаат қиламан, деганимда. Уларнинг барчаси ўзи билан таниш эканини айтиб, ҳеч нарса қўлимдан келмаслигини билдирди. Шундан сўнг турли таҳдидлар бўлди, 22 июнь куни уйим сирли равишда ёниб кетди, фермадаги мол-мулкларим талон-тарож қилинди...”, дейди тадбикор.

Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати борки, мазкур тадбиркор керакли органларга мурожаат қилиши баробарида Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов қабулида ҳам бўлган. Ҳоким унинг муаммосини тинглаб, ҳал қилиш бўйича тегишли топшириқлар берган ва бу “Маҳалла” телеканали орқали намойиш этилган. Бироқ муаммо умуман ҳал қилинмаган.

Ҳа, афтидан тадбиркор ўзи билмаган ҳолатда қандайдир сирли “ўйин” иштирокчисига айланиб қолган. Чунки қонунуий йўл билан сотиб олинган объектнинг ортидан тадбиркорнинг шунча ташвишу балолаларга дучор бўлиши кишини ажаблантиради. Наҳотки вилоятда қонундан устун шахслар бор? Наҳотки улар “об-ҳаво”ни белгилаб бермоқда? Саволлар кўп.

Ўйлаймизки, тегишли органлар бу масалани жиддий ўрганади ва қонун устиворлигини таъминлайди. Ахир ҳар қандай ҳуқуқий мамлакатда зўравон шахслар истаги эмас, балки қонун-қоидалар жамиятни тартибга солади. Шундай эмасми?!

СУҲБАТНИ ҚУЙИДА БАТАФСИЛ ТОМОША ҚИЛИНГ!


Мавзуга оид