Ўзбекистон 382 17.11.2019 00:00:57

Ҳикмат Убайдуллаев: "Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади"

Ҳикмат Убайдуллаев: "Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади"

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози деб айтилаётган аудихабар юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев расмий каналида муносабат билдирди.    

"Охирги соатларда кўплаб юртдошларимиз, журналист ва блогерларимиз интернетда тарқалган, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув юзасидан изоҳ беришимизни сўраб мурожаат қилишмоқда.

Шуни маълум қиламанки, биз вазиятдан хабардормиз ва бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда. Тўпланган барча маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага мурожаат хати юборилади ва уларнинг хулосалари асосида муаяйн тўхтамга келинади.

Ишонамизки, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган мазкур давлат органлари томонидан ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо берилади.

Журналист ва блогерларимиздан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўраймиз.

Таъкидлашни истар эдимки, ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмас. Бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зиддир.

Биз ўз позициямизда қатъиймиз — юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимоясида. Уларнинг ҳуқуқлари бузилгани ўз тасдиғини топган тақдирда, албатта тегишли чоралар кўрилади."


Мавзуга оид