Ўзбекистон 166 16.11.2019 11:55:21

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этди

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этди

Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий ахборотида маълумот берилди.

Вазирлик таркибидаги Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази жорий йилнинг сентябрь ойида республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўровни ўтказган. Унда 485 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26 008 нафар фуқаро қамраб олинган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 8,9 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг январь-июнь ойлари билан солиштирганда, 0,2 фоизга (9,1%) пастроқ. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан эса ишсизлик даражаси 0,1 фоизга пасайган. Ишсизликнинг энг юқори даражаси Сурхондарё вилоятида кузатилган (9,3%), Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 9,2 фоизни ташкил этди. Энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида(7,5%) кузатилди. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 337,5 минг кишини ташкил этган. 16-29 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси 14,9 фоизни, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси 12,5 фоизни кўрсатган.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 18 855,5 минг кишини ташкил этган. Таққослаш учун: мазкур кўрсаткич 2019 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 100,1 фоизга кўп. 

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 608,4 минг кишига етди. Бу 2019 йилнинг январь-июнь ойлари билан солиштирганда, 101,5 фоизга кўпдир.

2019 йилда истиқлолга эришганимиздан бери илк бор расмий секторда банд аҳоли сони ортди. Унинг кўрсаткичи 9 ой давомида 307,9 минг (101,7%)ни ташкил этиб, 5 691,2 мингга кишига етди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 2 611,2 минг кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 100,7%га тенг.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида туман(шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 595 707 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган. (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 213 707 нафарни ташкил этган). Мурожаатчиларнинг 267 470 нафари иш билан таъминланди, 216 778 киши жамоат ишларига жалб қилинди. 30 645 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган бўлса, 47 960 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.

Ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашадиган янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлаётгани сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларга моддий ёрдам шаклида Давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грантлар тақдим этишни йўлга қўйди. Хусусан 10 666 нафар ишсизга 8,9 млрд. сўм миқдорда субсидиялар, шунингдек ишсизларни касб-ҳунарга ўқитаётгани учун иш берувчиларга ҳам шу турдаги моддий рағбат кўрсатилган.

Яна 8,5 мингдан ортиқ ўзини-ўзи иш билан таъминлаган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди. Бу уларга иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия олишга имкон беради. 


Мавзуга оид