Ўзбекистон 95 12.11.2019 13:59:21

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.

2019 йилнинг 9 ноябрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Тўра Боболовга мукофотни топширган.

Сурхондарё вилояти ҳокимига ушбу мукофот халқ таълими соҳасини қўллаб-қувватлаш ва минтақадаги мактаб инфратузилмасини яхшилашга кўрсатган ёрдами учун берилган.

Шунингдек, ҳокимият ҳар бир вилоятнинг туман халқ таълими бўлимларига автомобиль ажратди. Автомобиллар туман бошқармалари ходимларига мактаблар фаолиятини ўрганишга ва муаммоларни вақтида ўрганиб чиқишга кўмак бермоқда.

Жорий йилда вилоятда инвестиция дастури доирасида битта мактаб қурилди, 9 та мактаб капитал таъмирланди ҳамда 55 та мактаб реконструкция қилинди. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига кўра, вилоятдаги маҳаллий бюджет ҳисобидан 29 та мактаб капитал таъмирланди.

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 30 апрелдан 1 майгача Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғига биноан, вилоятдаги 15 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларига қўшимча маблағ ажратилди. Ҳозир ушбу мактабларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланган эди” — дейилади хабарда.

 


Мавзуга оид