Ўзбекистон 185 12.11.2019 13:01:01

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун 2 млн АҚШ доллари ажратилади

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун 2 млн АҚШ доллари ажратилади

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатдаги доимий вакили Хелена Фрейзер ижтимоий ҳимоя бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги шартномани имзолади. Мазкур ҳужжат аҳолининг ижтимоий заиф бўлган қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги устувор йўналишларни белгилаб беради. Бу ҳақида БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллиги хабар қилди. 

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 6-9 фоизини ижтимоий ҳимоя хизматларига йўналтириб келмоқда. Шунга қарамасдан тизимда унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи тўсиқлар мавжуд. Масалан, ижтимоий ҳимоя вазифалари ҳозирги кунда бир нечта вазирликлар ва идоралар зиммасида бўлиб, тарқоқ ҳолдадир. Бу эса, ҳимояга муҳтож инсонлар ва оилаларни танг вазиятлардан чиқариш учун зарур бўладиган умумий қарашлар ва комплекс ёндошувлар йўқлигига олиб келади.
photo_2019-11-11_18-14-05.jpg Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, мамлакатда давом этаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар баъзи ижтимоий жиҳатдан заиф аҳоли қатламлари учун қисқа муддатли кучли таъсирни юзага келтириши мумкин. Шу боис бундай инсонларга кучли ижтимоий ҳимоя тизими орқали ёрдам кўрсатиш зарур.

Бу борада, БМТ ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш дастурини биргаликда амалга оширишга келишдилар. Дастурнинг мақсади юқори сифатли ижтимоий ҳимоя хизматлари барча инсонлар учун бутун умрлари давомида кўрсатилишини таъминлашдан иборат. Дастур ассоий эътиборни қуйидаги учта устувор йўналишларга қаратади:

1) ижтимоий ҳимоя бўйича ягона давлат органини ташкил этиш орқали ижтимоий ҳимоя вазифалари турли вазирликлар ва идоралар ўртасида тарқоқ ҳолда эканлиги муаммосини ҳал қилиш;

2) халқаро стандартларга мос равишда кенг қамровли миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқиш. Мазкур жараён ижтимоий ҳимоя тушунчасини хайрияга асосланган ёндошувдан инсон ҳуқуқларига асосланган ёндошув сифатида англашга ўтказишга урғу бериши кўзда тутилган;

3) ногиронлиги бўлган инсонларга ижтимоий ҳимояни тақдим этишда “нафақалар + хизматлар” интеграллашган ёндошувини синов тариқасида амалга ошириш. Қўшма дастур Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқлари тзғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳамда Фаолиятнинг халқаро классификациясини жорий этиш орқали ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлаш ва уларнинг ҳаётларини сезиларли даражада яхшилашга эътибор қаратади.
photo_2019-11-11_18-14-08.jpg Умумий қиймати икки миллион АҚШ долларига тенг бўлган қўшма дастур БМТ томонидан молиялаштирилувчи 24 та муваффаққиятли лойиҳалардан бири бўлиб, уларни танлаш жараёнида жаъми 114 та таклиф ўрганиб чиқилди. Қўшма дастур кейинги икки йил давомида амалга оширилади.

Қўшма дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош Прократура, турли вазирликлар ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилиши кўзда тутилган. БМТнинг учта агентлиги – Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ўз тажрибалари ва салоҳиятлари доирасида ушбу лойиҳанинг амалга оширилишида кўмак беради.


Мавзуга оид