Ўзбекистон 581 08.11.2019 09:09:03

Ростдан ҳам Абдуллоҳ қаерда?

Ростдан ҳам Абдуллоҳ қаерда?

Айни кунларда кўплаб ахборот сайтлари, ижтимоий тармоқларда «Абдуллоҳ қаерда?» хештеги остида кўплаб постлар қолдирилмоқда. Ўзбек блогосферасининг бир неча вакиллари ўз платформаларида махсус чиқишлар қилишмоқда.

Маълум бўлишича, бу савол Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани, «Юқори чигитр» маҳалласида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳиров ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафта ўтса ҳамки, уйга қайтмаганини эълон қилгани ортидан янграй бошлади.

Kun.uz сайтининг ёзишича, жорий йилнинг 26 октябрь куни эрталаб соат чамаси 7:00ларда Абдуллоҳ Тоҳиров Қўрғонтепа ҳудудида Андижон-Қўрғонтепа йўналишидаги катта кўчада йўл-транспорт ҳодисаси содир этади. «Lacetti» русумли автомобилини бошқарган Абдуллоҳ Ички ишлар ходимларига тегишли «Nexia-2» автомашинаси билан тўқнашган. Ушбу автомобиль Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев бошқарувида бўлган.

Қайд этилишича, Абдуллоҳни 27 октябрь куни Фаррух Юсупов исмли ИИБ ходими Тошкентга олиб кетган. Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев Абдуллоҳнинг отасига «Бунинг автоҳалокатга алоқаси йўқ. Тошкентдан буйруқ бўлган ва Тошкентга олиб кетилди. Ўғлингиз Россиядалигида «нозик одамлар»ни сўкиб ёзган интернетда. Унга кўпи билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилади. Ваҳима қилманглар, бугун чиқарворишса керак», деган.

“Келишилганидек, 29 октябрь куни Андижон шаҳридаги кафелардан бирининг олдидаги кўчада учрашдик.

«Абдуллоҳ 15 кунга қамалди, қарор чиқарилган, Тошкентдагилар билан гаплашиб турибман. Сизларга яна хабар берилади», деди. Қамалишининг сабабини сўраганимизда, Исломбекнинг қулоғига паст овозда «юқори лавозимли амалдорлардан бирини сўкибди», дея жавоб қайтарди. Бу гапни бизни қўрқитиш мақсадида айтган, деган фикрдаман”, деб айтган журналистга ота.

Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашев эса Kun.uz нашри мухбирига «Ҳеч қанақа ҳолатлар (йўл транспорт ҳодисаси - таҳр.) бўлмаган. Машинам ўзимда, ҳайдаб юрибман. Қандайдир тушунмовчиликлар бўляпти, телефонлар масаласи бўйича арзимаган бир-иккита нарса бор. Яқинда ойдинлик киритамиз.

Дадасининг ўзи (Дилмурод Тоҳиров назарда тутиляпти – таҳр.) раддия беряпти, нотўғри ёзиб қўйганидан афсусда. Барчасини отаси тушунтиради», – дея жавоб берган.

Қизиқ, ушбу воқеа ҳақида ёзмаган нашр қолмади. Ижтимоий тармоқларда ҳам “Абдуллоҳ қаерда” деган савол кенг тарқалмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса хануз бу ҳақида бирон муносабат билдирмади?! Нега?

Биз ҳам савол берувчилар қаторига қўшилган ҳолда ўша саволга қайтамиз: Ростдан ҳам "Абдуллоҳ қаерда?" 


Мавзуга оид