Ўзбекистон 238 19.10.2019 13:11:24

«Ўзагросуғурта» va «Aon» суғурта компаниялари ўртасида Меморандум имзоланди

«Ўзагросуғурта» va «Aon» суғурта компаниялари ўртасида Меморандум имзоланди

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти нафақат ички балки, халқаро фаолиятга ҳам эътиборни кучайтирмоқда. Шу кунларда, Жамият Бошқаруви раиси С.Отамуратов дунёдаги ҳамда чех суғурта компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва тажриба алмашиш мақсадида Прага шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф доирасида хатарларни суғурталаш бўйича Марказий ва Шарқий Европа «Aon» компанияси раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди, дея хабар бермоқда «Ўзагросуғурта» АЖ Ахборот хизмати. Музокаралар натижасида қайта суғурталаш соҳасида икки томонлама келишув битими имзоланди, дейилади хабарда.

Мазкур Меморандумга кўра, келгусида суғурта йўналишида инновацион фаолиятни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хатарларни суғурталаш, илм-фан, инвестициявий лойиҳалар, технологиялар, илмий-тадқиқот ва ўзаро тажриба алмашиш ишлари олиб борилади.

«Aon» суғурта компанияси 1982 йилда Раян Суғурта гуруҳи Американинг қўшма суғурта компанияси билан бирлашганда ташкил этилган. 1987 йилдан компания «Aon» деб номланди. Бу шотландча «битта» деган маънони англатади.photo_2019-10-19_14-44-54.jpgДарвоқе, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари «Aon» компаниясини Англиянинг Манчестер Юнайтед жамоаси орқали яхши танишади. Унинг логотипи бир неча йил «қизил иблислар» либосида акс этганди. Бу лойиҳа компания томонидан эришилган энг самарали ютуқлар сирасига кирса, унинг йирик йўқотишлари ҳам дунё ҳамжамиятига маълум.

АҚШнинг «қора сешанба» мотам куни «Aon»га ҳам тааллуқлидир. 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари компанияга ҳам жиддий зарар етказди. Боиси Жаҳон Савдо Марказининг 92-98 ва 55-қаватларида Нью-Йорк офислари жойлашганди. Теракт натижасида компания 176 ходимидан айрилди ва ушбу санани ўз тарихидаги энг мудҳиш кун сифатида хотирлайди.

Бугунги кунда «Aon» — профессионал хизмат кўрсатувчи дунёдаги етакчи суғурта компанияси бўлиб, унинг 120 мамлакатда тахминан 50 000 ишчилари мавжуд. Бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган.

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг жаҳондаги нуфузли компания билан ҳамкорлиги Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, турли соҳадаги хатарларни қоплашда молиявий барқарорлик ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.



Мавзуга оид