Ўзбекистон 516 19.10.2019 09:49:25

Каратечилар нега жанжаллашди?

Каратечилар нега жанжаллашди?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган карате бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасидаги низоли ҳолат сабаблари баён қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, 2019-йил 16-октябрь куни соат тахминан 17:00 ларда Тошкент шаҳридаги “Универсал” спорт саройида бўлиб ўтаётган карате бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасида низоли ҳолат келиб чиққан. Вазирлик томонидан юз берган ушбу ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Унда мусобақа ҳаками Бўриев Азизбек Эшбоевич, Тошкент вилояти “Чемпион” карате спорт клуби тренери Юсупов Дилшод Маърупович ҳамда Сурхондарё вилояти карате миллий федерацияси тренери Исматуллаев Абдулазиз Иноятуллаевичлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан. Мазкур келишмовчилик оқибатида бирон бир шахс тан жароҳати олмаган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.

Текширув якуни юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси ҳаками Бўриев А.Э.ни икки йилга ҳакамлик иш фаолиятидан четлаштириш, Сурхондарё вилоят карате миллий федерацияси тренери Исматуллаев А.И.ни уч йилга ва Тошкент вилояти “Чемпион” карате спорт клуби тренери Юсупов Д.М.ни икки йилга тренерлик фаолиятидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Мусобақа бош ҳаками Қорабоев Қосимжон Ҳошимовичга эса ҳайфсан эълон қилинди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолат иштирокчиси, карате бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси катта тренери ҳамда олий тоифали тренер (2018-йил 19-ноябрдаги 985-сонли буйруқ, гувоҳнома рақами №0158) Бўриев А.Э. Вазирлар Маҳкамасининг 2012-йил 14-июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга кўра маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларни бузилганлиги сабабли миллий терма жамоа таркибидан чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.


Мавзуга оид