Ўзбекистон 406 26.04.2019 15:38:26

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Хитойдаги янги элчихонаси биносини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Хитойдаги янги элчихонаси биносини бориб кўрди

Хитойда амалий ташриф билан бўлиб турган Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси янги биносини кўздан кечирди, деб хабар берди ЎзА. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, энергетика, маданий-гуманитар йўналишларда фаол ривожланиб бормоқда. Дипломатик ваколатхонамизнинг уч қаватли янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида, АҚШ, Япония, Малайзия, Сингапур каби давлатлар элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган. Биринчи қаватда музокаралар, ишбилармонлик ва маданият тадбирларини ўтказишга мўлжалланган “Самарқанд”, “Бухоро”, “Хива”, “Қўқон” заллари жойлашган. Дарвозадан кираверишдаги айвон халқимиз анъаналари ва бой маданиятини акс эттирган. Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишар экан, мазкур даргоҳ миллий услубда безатилганига мамнуният билдирди ҳамда у Хитой томонининг мамлакатимиз билан ҳамкорликка юксак эътибори намунаси эканини таъкидлади. Ушбу элчихона халқларимизни янада яқинлаштирадиган, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирадиган, маданиятлар бир-бирини ўзаро бойитадиган марказ бўлади. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.


Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси

Мавзуга оид