Ўзбекистон 6215 12.05.2019 19:40:36

ДХХ қўлга олган журналистнинг аввалроқ ёзиб олинган видеоси эълон қилинди

ДХХ қўлга олган журналистнинг аввалроқ ёзиб олинган видеоси эълон қилинди

Жорий йилнинг 10 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарликда гумонланиб ДХХ томонидан қўлга олинган эълон қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Фонд директори ўзини ёлғондан Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олгани фактлари аниқланган, дея маълум қилган.

Бугун ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди. Маълум бўлишича, "Президентимга мактуб" деб номланган ушбу видеоматериал Саид-Абдулазиз Юсуповдан 2018 йилнинг 25 сентябрида ёзиб олган.

Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов номли профил эгаси “Бу видеони акам Саид-Абдулазиз Юсуповдан 25.09.2018 да ёзиб олганмиз. Ўша вақтда ҳам қанақадир туҳматлар, таъзийқлар ичида эдилар ва менга бундай ҳолат яна такрорланиши мумкин дегандилар. Ўшанда жуда тошиб кетдилар. Кейин ҳар эҳтимолга қарши шу видеони ёзиб олдик. Мен акамнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қилган бу мурожаати жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритишига ва акамнинг тез кунларда оиламиз бағрига қайтишига ишонаман”, дея изоҳ қолдирган.
a85f3a4db396ab1a5b5c1cdc3aed5c14.jpg С.Юсупов мазкур видеомурожаатда “Агар сиз “Оқ-қора” кўрсатувини интернет орқали кўраётган бўлсангиз, жаҳон информация маконида шу сони пайдо бўлган бўлса, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Афсуски, бу яхши сабаблар эмас...”, дейди.

Президентга мурожаат қилар экан “ Агар бу кўрсатув эфирга қўйилган бўлса, интернет тармоғида кетаётган бўлса, сиз кўраётган онларда мен ё хибсда, ё ватандан ташқарида ёки (Худо кўрсатмасин) бахтсиз ходиса туфайли вафот этган бўламан”, дейди.

Шунингдек, С.Юсуповнинг айтишича, унга нисбатан жиноий иш сохта аудио ёзув ва қоғозга чиқариб олинган сохта смслар орқали очилган ва бу журналистик фаолияти билан боғлиқ.

Саид-Абдулазиз Юсупов оиласига нисбатан бўлган айрим ҳатти-ҳаракатлар сабабли ўзига қўйилган сохта айбловларни тан олишга мажбур бўлганини айтади ва ҳеч қачон Президент обрўйига путур етказадиган бирор бир чиқиш қилмаганини таъкидлайди.

Қолаверса, журналист ўз мурожаатида мамлакатда юзага келган дин борасидаги вазиятга ҳам тўхталади. "Бир ожизанинг бошидаги рўмол, бир эркакнинг қўйган соқоли ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Магарамки давлат кучли бўлса, соғлом вужуд ҳеч қачон пашша чақишидан қўрқмайди ҳеч қачон. Демак, биз носоғлом эканмиз, давлатимиз мустаҳкам эмас эканки, тўртта фуқаросини тўғри йўлга бошлай олмасдан уларга қарши жанг очса. Ҳақ гапни, Аллоҳни йўлида айтган имомни сазойи қилиб, Аллоҳдан қўрқмасдан “Юбка кийиш мумкин", “Масжидга боланинг кириши мумкин эмас” деган имомлар сизнинг душманларингиз. Инсон инсонлар билан, жамият билан ўйнашиши мумкин. Лекин Худонинг ҳукми билан ўйнашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Демократия исломга зид эмас. Демократия исломнинг инъикосидир”, дейди у.

Сўз якунида “Ҳақ ва ботил урушида ҳамиша ҳақда турамиз. Ва ҳеч бир замон Ватанимизга хиёнат қилмаймиз, подшоҳимизга хиёнат қилмаймиз”, дейди ва “Мен Ўзбекистонда либерал-демократик давлат қурилиши тарафдориман. Айни замонда ҳам мусулмонларнинг, ҳам барча дин вакилларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши тарафдориман. Мен мазлумнинг ёнидаман, золимнинг қаршисидаман!”, дея таъкидлайди.

Видеомурожаатни тўлиқ томоша қилинг


Мавзуга оид