Суриштирув 557 12.05.2019 11:48:59

Қаршилик саксон ёшли онахон нега сарсон-саргардон?

Қаршилик саксон ёшли онахон нега сарсон-саргардон?

Бир ишни бошини тутиш, уни ривожлантириш, машаққатларига сабр қилиш, ҳалолан ёндашиш жуда қийиндир. Бунинг учун кишида улкан матонат, битмас бардош ва энг муҳими, ишига бўлган муҳаббат талаб этилади. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, умрининг саксонинчи баҳорини қаршилаган Бибиой Бобомуродова ана шундай инсонлардан бири. Неча йиллардан буён китоб савдоси билан шуғулланиб келаётган мўътабар онахонни нафақат маҳалла-куй, балки бутун шаҳар аҳли эъзозлайди. Аммо сўнгги йилларда онахоннинг бошига турли ғалвалар тушди-ки, мана, орадан уч йил ўтибди ҳам-ки, муаммолар ўз ечимини топай демайди.

Барчаси рисоладагидек эди...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2010-сонли қарори ҳамда ҳукумат топшириқлари ва Қарши шаҳрининг бош режасига асосан “Ўзбекистон” (ҳозирги Ислом Каримов) кўчасини реконнструкция қилиниши муносабати биланйўл ёқасидаги турар ва нотурар бинолар ўрнатилган тартибда бузиб олинган. Ўрнида эса замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши амалга оширилган.

Ана шу кўчада жойлашган, 1983 йилдан буён фаолият юритиб келаётган, Бибиой Бобомуродовага қарашли “Бобомурод Вали” номли китоблар дўкони ҳам бузилишга тушади. Ушбу ишлар мулкдор ва Бахтиёр Жўраев раҳбарлигидаги буюртмачи-пудратчи ташкилот “Asinza-BZ” МЧЖ ўртасида 2016 йил 30 январь куни тузилган келишув баённомасига асосан амалга оширилади. “Бобомурод Вали” тасарруфидаги 10- ва 8-уй ўрнида 64 квартирадан иборат тўрт қаватли бино барпо этишга киришилади. Товон пули сифатида “Asinza-BZ” МЧЖ томонидан 2016 йилнинг 25 июнь куни 176 млн 272 мингдан зиёд маблағ тўлаб берилади.

1.jpg

Осмондан тушган нарх

Муаммо шунда-ки, бино ўрнига бино билан таъминлаш масаласи очиқлигича қолмоқда. Гап шунда-ки, “Asinza-BZ” МЧЖ томонидан Бибиой Бобомуродовага бинонинг ўрнидан эмас, балки кўп қаватли бинонинг чекка жойидан, майдони 89,94 кв.метр бўлган дўкон ва 88,56 кв.метр бўлган ертўласи билан 449.250.000 сўмга сотиб олиш таклиф қилинган ва 2016 йилнинг 6 сентябрь куни улар ўртасида шартнома тузилган. Бўнак пули сифатида умумий қийматнинг 40 фоизи – 176,3 млн сўм этиб белгиланган. Бу пуллар Бибиой Бобомуродова томонидан бўлиб-бўлиб тўланган. Ҳамма муаммо мана шундан кейин бошланган.

- Эски дўконим гавжўм жойда эди, - дейди Б. Бобомуродова. – Ҳар ҳафта Тошкентга бориб, янги китоблар олиб келинарди, савдо ҳам яхши бўларди. Одамлар бу ерга ўрганиб қолишган эди. Шу сабаб янги бинонинг айнан шу ерига тўғри келадиган еридан дўкон олмоқчи эдим. Чунки ҳозир берилгани жуда чекка ҳудудда жойлашган. Биз озиқ-овқат маҳсулотлари ёки кийим-кечак сотсак ҳам майли эди. Китоб савдосида бир жойга ўрганган одам ўша ерга келаверади. Хуллас, Бахтиёр мен сўраган жой сотилгани, иккита дўкон қолганини айтиб, бизни шошилтирди. Кейин билсак, мен сўраган жой сотилмаган экан. Кейинчалик сотишга ҳозирланганини эшитиб қолдим. Ундан бу ишларга изоҳ беришни сўрадим, аммо уни ҳеч қаерда учратиб бўлмас эди.

Бундан ташқари, 2016 йилнинг 6 сентябрдаги шартномада у менга бериладиган хонанинг ҳар квадрат метрини 2 миллион 517 сўмга нархлаган эди. 2017 йил 1 августда ўзга киши билан тузган шартномасида майдони ва муддати деярли бир хил худди шунақа хонанинг бир квадрат метрини 2,7 баравар арзонга баҳолагани маълум бўлди? Буни қандай тушуниш, изоҳлаш мумкин?

3.jpg

Ташкилотлардан нега нажот бўлмаяпти?

Бибиой Бобомуродова мурожаат қилиб бормаган, бошини ўрмаган ташкилот қолмади ҳисоб. Қарши шаҳри ҳокимлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (ҳоким ва унинг ўринбосарларига), вилоят прокуратурасига қилинган мурожаатлар бесамар кетган. Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатасига қилинган мурожаатлар ўрганиш мақсадида вилоят ва шаҳарга юборилган. У ерда эса мавҳум ва бир хил “шаблон” жавоблар билан онахон қаттиқ сарсон қилинган. Ва айтиш мумкинки, бу “югур-югур”лар ҳамон давом этмоқда.

- Менинг барча ариза ва шикоятларимни мазмунан текшириш деярли ҳар доим Қашқадарё вилояти ҳокимияти мутасаддиларига юборилмоқда. Улар эса, ўз навбатида биринчи берилган жавоб хатига боғланган ҳолда, фақат жавоб хати бериш билан чегараланишмоқда, - дейди Б. Бобомуродова.

Ғалати жавоб хати

Онахон унга берилаётган янги дўконни эскисининг ўрнидан беришларини сўраб, Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасига мурожаат қилади. Фуқарога бошқармадан жавоб хати келади. Жавоб хати жуда ғалати тузилган эди... Буёғини онахоннинг ўзларидан эшитамиз.

- Қарши шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармасининг жавоб хатига қараганда, аризамни бошқарманинг уч нафар ходими – Э.Мустафаев, С.Алиқулов, Э.Муртазаев ва яна қандайдир фуқаро Ш.Мурадовлар текширган эмиш. Менга етказилган зарарни қоплаш тартибини тушинтиришганмиш.

Бу бўҳтон. Чунки менга ҳеч ким ҳеч нарсани тушунтирган эмас. Агар тушунтирган бўлишса, нега менинг имзоим йўқ? Менинг ўрнимга қандайдир нотаниш фуқаро Ш.Муродовнинг фамилияси кўрсатилган, лекин имзо қўйилмаган. Бунга қандай ҳуқуқий баҳо бериш мумкин?

Мен Қашқадарё вилояти ҳокимлиги юборган жавоб хатларидан умуман норозиман. Раҳбариятдан олам-олам нарса талаб қилаётганим йўқ. Содда қилиб тушунтираман: Биринчидан, аввалги китоб дўконим қаерда жойлашган бўлса, янги бинонинг ўша еридан хона ажратишларини, иккинчидан, бинодаги нархлар тафовути бўйича тузилган шартномага ҳуқуқий изоҳ беришларини сўраяпман. Бу шунчалик қийинми? Шаҳар бедарвозами бизда? – дейди минг ҳасратда онахон.

Судга берилган эди, бироқ...

Қарши шаҳар ҳокимлиги Фуқаро Б. Бобомуродованинг манфаатларини кўзлаб, жорий йилнинг 7 январь куни Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризасини киритади. Суддан “Asinza-BZ” МЧЖга Қарши шаҳар, “Мустақиллик” МФЙ, собиқ Ўзбекистон, ҳозирги Ислом Каримов эски 10-уй ўрнида қурилган кўп қаватли бинони 3 “А” блокининг 1-қаватида жойлашган савдо дўконини Б. Бобомуродовага ажратиб бериш сўралади.

Суд жараёни бошланади ва кўп ўтмай у номаълум сабабларга кўра, номаълум муддатга қолдирилади. Бу ҳақда суд томонидан даъвогарларга ҳеч қандай изоҳ берилмайди.

Хулоса

Аслида, хулоса қилишга бизнинг ҳақимиз йўқ. Биз бўлиб ўтган ва ҳамон давом этаётган чигал вазиятни холис ўрганиб чиққан ҳолда ўртага ташладик. Бугун республика бўйлаб кенг кўламли ишлар кетмоқда, шиддат билан олиб борилмоқда. Йиғилиб қолган қанчадан қанча муаммолар юзага чиқмоқда ва улар имкон доирасида ҳал этилмоқда. Аммо саксон ёшни қоралаган ҳожи онанинг йиллар давомида муаммоси ҳал этилмаётгани таажжубланарли. Бу муаммонинг “отанга бор-онангга бор”, қабилида сарсон кезаётгани яна минг чандон таажжубли. Ҳужжатлардаги номутаносибликлар эса, баттар бошни айлантиради. Мутасаддиларнинг бефарқлигими ёки эътиборсизлигими кўнгилни ғаш этади.

Ўйлаймизки, йиллар давомида ҳал этилмаётган ушбу муаммо яқин кунлар ичида ечимини топади. Одамларга зиё улашай деб куйиб-пишаётган онахоннинг ниятлари амалга ошади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз...

Сарвар Анвар ўғли, 

Human.uz журналисти


Қарши мурожаатлар