Суриштирув 1626 07.05.2019 09:00:35

"Давр банк" собиқ ходими бир неча фуқарони чув туширди

"Давр банк" собиқ ходими бир неча фуқарони чув туширди

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда фуқароларнинг банкларга ишончи ҳавас қиларли эмас. Шу боис, кўпчилик йиққан беш-ўн сўм ақчасини ҳам рўмолчасига тугиб, ҳамёнида ёки “сандиғи”да сақлайди. Бу барчага аён ҳақиқат. Бироқ кейинги йилларда давлат ва нодавлат банклари ана шундай ишончсиз кайфиятни одамлардан аритиш мақсадида турли тадбирлар, инновацион хизматларни кўпайтиргани ҳам бор гап. Бу энди, аслида, аввалдан қилиниши керак бўлган тадбирлар холос.
  
Таҳририятимизга бир гуруҳ фуқаролар арз-дод билан келишди. Айтишларича, “Давр банк” хусусий акциядорлик тижорат банкининг Учтепа филиалининг ўзини Кредит бўлими масъул ходими(cобиқ) Жаҳонгир деб таништирган шахс бир неча фуқародан автокредит расмийлаштириш ваъдаси билан пул олган.
photo_2019-05-03_11-06-14.jpg “Давр банк” хусусий акциядорлик тижорат банкининг Учтепа филиалига автокредит масаласида мурожаат қилдим, – дейди мурожаатчи Отабек Агзамов. Тартибларини тушинтиришди. Мен “Спарк” автомобили учун тўловнинг 50 фоизини, яъни 37 миллион 140 минг сўм пулни банк кассасига топширдим. Қўлимга тўлов қоғозини беришди. Сўнги 10 кун ичида сизни чақирамиз, ҳужжатларни расмийлаштирамиз, автосалондан шартнома олиб келинг, дейишди. Шартномани олиб бордим ва Республика “Давр банк” олдида Жаҳонгир билан кўришиб, қўлига топширдим. У 29 апрель куни машинангизни оласиз, деб ваъда берди. Лекин ваъда бажарилмади. Банкка борсам, Жаҳонгирнинг ишдан бўшагани, қўлимдаги тўловни амалга оширганим ҳақидаги қоғоз сохта эканини ва менинг пулим банк ҳисобига тушмаганини айтишди. Шундан сўнг мен ва мен каби чув тушган бир неча фуқаро банк раҳбариятидан изоҳ сўрадик. Самариддин исмли юрист бизга “Жаҳонгир исмли ходимни ишдан бўшатдик, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Агар Жаҳонгир айбдор деб топилса, Жаҳонгирнинг ўзи, банк айбдор бўлса, банк пулларни қайтариб беради”, деди. Кейин яна ўша Самариддин “Кимга пул бергансан? Кассиргами? Кассирни кўчага обчиқиб, сўраб ол”, деди. Шундан саросимага тушиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилдик”, дейди у.

Шунингдек, таҳририятга мурожаат қилган фуқаро Тўрахонова Саодат автокредит учун 53 миллион сўм, Баҳодир Ибрагимов 50 миллион сўм, Тўлаганов Отабек 29 миллион 100 сўм ва фуқаро Зоир Нурматов омонат учун 110 миллион сўм пулни “Давр банк” хусусий акциядорлик тижорат банкининг Учтепа филиали кассасига топширган. Уларнинг барчаси билан банк ходими Жаҳонгир мулоқот қилган.
  photo_2019-05-03_11-05-05.jpg Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Давр банк” хусусий акциядорлик тижорат банки билан боғландик. Банк юристи чиндан ҳам шундай воқеа содир бўлгани, ходимлар ҳаракатларида жиноят аломатлари кузатилгани боис, ҳолатни айни кез ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ўрганаётганини баён қилди.

Ҳурматли фуқаролар! Агар сизга кимдир кам фоизларда автокредит таклиф этса, алданиб қолманг. Жарённинг қонуний жиҳатларини мутахассислар билан маслаҳатлашиб, кейин қарор қабул қилинг! Фирибгарлар қўлига тушиб қолманг!

ВИДЕОСУҲБАТНИ ТЎЛИҚ ТОМОША ҚИЛИНГ:


Мавзуга оид