Суриштирув 389 06.09.2019 18:36:18

Раддия: “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга оид мақола бўйича

Раддия: “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга оид мақола бўйича

Жорий йил 11 июл куни HUMAN.UZ ахборот портали орқали “Бош вазир тадбиркорлар учун қабулхона очиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи. Унинг ўринбосари О.Раматовчи?..” номли мақола эълон қилинган эди.

Ушбу мақола тошкентлик тадбиркор, “MEGAPOLIS BIZNES SERVIS” МЧЖ раҳбари Р.Сафаровнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ билан ер участкасига оид муаммолари ҳақида таҳририятга йўллаган мурожаатига асосан  эълон қилинган эди.

“Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ ва HUMAN.UZ ахборот портали ўртасида олиб борилган музокараларда мақолада қайд этилган низо предмети юзасидан у эълон қилинган вақтда (шу жумладан айни вақтда) суд жараёнлари давом этаётганлиги аниқланган. Шунингдек, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлардан маълум бўлдики, мақолани тайёрлашда айрим ҳолатларга бир томонлама ва нохолис ёндошилиб, барвақт хулосага келинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, HUMAN.UZ ахборот портали “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖнинг юқоридаги қайд этилган мақолада ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ташкилотнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар мавжудлиги муносабати билан раддия бериш ҳақидаги талабини асосли деб ҳисоблайди ва мақолани сайт саҳифаларидан ўчиради. Мақолани тайёрлашда сусткашликка йўл қўйган таҳририят мухбирига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилди.

Шу муносабат билан HUMAN.UZ ахборот порталида 2019 йил 11 июл куни эълон қилинган “Бош вазир тадбиркорлар учун қабулхона очиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи. Унинг ўринбосари О.Раматовчи?..” номли мақолага раддия эълон қилинади, таҳририят “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбой Жуманиёзович Раматовдан узр сўрайди.  

HUMAN.UZ ахборот портали таҳририяти



Мавзуга оид