Суриштирув 814 19.08.2019 08:45:17

Тадбиркор ҳақми ёки “Ўзбекбалиқсаноат”?

Тадбиркор ҳақми ёки “Ўзбекбалиқсаноат”?

Human.uz таҳририятида бундан бир неча кун илгари Навоий вилоятида жойлашган умумий майдони 21 минг 673 гектар бўлган “Тўдакўл” сув омборини ижарага олиб, балиқчилик билан шуғулланиб келган “Aqua-Tudakul” МЧЖ шаклидаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонаси раҳбарининг айни пайтда бошига тушган савдолар хусусида бир нечта мақола ҳамда видеоинтервьюлар эълон қилган эдик. Мақсад тадбиркорнинг таъбири билан айтганда, ўзи йўлиққан адолатсизликлардан тегишли мутасаддиларни огоҳлантириш ва ушбу масалага уларнинг эътиборини қаратиш, бир сўз билан айтганда, адолатни тиклаш эди. Аммо...

"Ит ҳурар, карвон ўтар"ми?

Шунча мақола, шунча видеоинтервьюлар шунчаки ҳавога кетди. Мазкур масалага ҳеч бир мутасадди аҳамият қаратмади. Шунчаки ит ҳурар, карвон ўтар қабилида иш кўрилди, холос. Шу боис мазкур масалага яна бир бор тўхталишни лозим топдик. Ҳеч бўлмаса, шу сафар умидимиз амалга ошиб, кимдир бир тадбиркорнинг оҳу-зорига қулоқ солиб қолар, ахир.

“Aqua-Tudakul” МЧЖ қўшма корхонасининг устав фонди 1 230 000 АҚШ доллари бўлиб, шундан 60 фоизини, яъни 740 000 АҚШ доллари миқдоридаги мулк тадбиркорга, 40 фоизи яъни 490 000 АҚШ доллари Урта осиё кичик ва ўрта корхоналарини қўллаб-қувватлаш “CASEF” жамғармаси томонидан ижрочи директори АКШ фуқароси Дональд Николсон IIга, ушбу жамғарма таъсисчилари,

1) АКШнинг USAID компанияси;

2)    Швейцария ҳукумати;

3) Жаҳон банки ҳисобланади

Тадбиркорнинг айтишича, хорижлик ҳамкор билан биргаликда амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар ўзининг самарасини бериб, муқаддам ҳар йили Тўдакўл сув омборига ўртача 1-2 тонна балиқ чавоқлари ташланиб, 150-170 тоннагача балиқ овланган бўлса, кейинчалик “Aqua-Tudakul” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил килинганидан сунг, корхона томонидан сув омборига ҳар йили 100-230 тоннагача балиқ чавоқлари ташланиб, уларни илмий-амалий боқилганлиги натижасида йилига ўртача 1300 тоннагача балиқ ҳосилдорлиги оширилиб, балиқ овланишига эришилган. Шулар билан бир қаторда, “Aqua-Tudakul” МЧЖ қўшма корхонаси маъмурияти томонидан корхона ташкил қилинганидан бошлаб, 2018 йилга қадар жами 40 нафар ҳодимдан иборат, Тудакул сув хавзасини қўриклаш мақсадида ҳодим қўриклаш инспекцияси ташкил қилинган бўлиб, шулардан доимий 13 нафари Навоий вилояти ИИБ Кўриқлаш бошқармаси ҳодимлари иштирокида амалга оширилган. Бундан кўриниб турибдики, Тўдакул сув ҳавзасини ноқонуний балиқ ови билан шуғулланувчи браконьерлардан муҳофаза қилиш борасида, “Aqua-Tudakul” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан ҳар йили кўриқлаш ускуналари, ёқилғи, ойлик иш ҳаклари ва бошқалар билан 2,0 млрд.дан ортиқ ҳаражат, фақатгина кўлни кўриклаш учун сарф этилган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги мавжуд кўллар ичида бирорта табиий ёки сунъий сув ҳавзаларида бундай тартибда қўриклаш ишлари умуман ташкил килинмаганлигини эркин равишда айта оламиз.photo_2019-08-19_10-40-49.jpgЎзбекистон Республикаси Президентининг 01.05.2017 йилдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2939-сонли қарори “Aqua-Tudakul” МЧЖ фаолияти таназзулга юз тутишининг ибтидоси бўлган. Мазкур қарор қабул қилинганидан сўнг “Тўдакўл” сув омборидан фойдаланиш бўйича ижара шартномаси “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан тузилган.

Аммо, орадан кўп ўтмай, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси амалдаги қонунларни оёқ ости қилган ҳолда 2018 йил 17 апрель куни фуқаролик ва ижара тўғрисидаги қонунларга ўта зид равишда уюшма билан “Aqua-Tudakul” МЧЖ ўртасида узоқ муддатга, яъни 10 йил муддатга тузилган 6/1-2018-сонли шартномани 82 кундан сўнг бекор қилган. Натижада кўлда мавжуд бўлган, “Aqua-Tudakul” МЧЖ ҚК бухгалтерия балансида акс эттирилган баҳоси 3,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тайёр балиқ маҳсулотларини, бундан ташқари 1,5 млн. АҚШ доллари миқдорида овлангандан сўнг тушадиган соф даромад бой берилиб, жами тадбиркорнинг 5,0 АҚШ долларига миқдорида тенг бўлган тайёр маҳсулот шаклидаги маблағи, кўлни ижарага олган янги юридик шахсга ўтиб кетган. 

Хорижий инвесторнинг қайд этишича, эса шартномани бу тарзда бекор қилиш, Ўзбекистондаги амалдаги қонун-қоидаларига, қолаверса, икки томон ўртасида имзоланган шартномага мутлақо зид. Чунки, амалдаги қонунчиликка кўра ҳамда, икки томонлама тузилган шартномага биноан тадбиркор билан тузилган шартнома талаблари тадбиркор томонидан бузилса, аввало мутасадди ташкилот судга мурожаат қилиши, суд эса тадбиркордан асосий қарз ва пеня ундириб беришга қарор чиқариши керак эди. Икки томонлама шартноманинг тегишли бандида шу тартиб алоҳида қайд қилинган. Афсуски, “Ўзбекбалиқсаноат” бундай қилмаган. Шартномани шунчаки ички буйруқ асосида бекор қилган-қўйган.

Хуллас, воқеанинг қисқача мазмуни шу. Юқорида таъкидлаганимиздек ушбу масалага бирор бир мутасаддидан ҳеч қандай изоҳ бўлавермагач, муаммони батафсил ўрганишга киришдик. Ҳар ҳолда бир тадбиркорнинг бу тарзда таназзулга юз тутишига жимгина томошабин бўлиб, қараб туришга виждонимиз йўл қўймади.

Очиқ суд, аммо, журналистлар учун ёпиқ!

“Aqua-Tudakul” МЧЖ шаклидаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонаси раҳбари бошига шу кунлар тушгач, адолатни суддан излашга мажбур бўлди. Бироқ суд унга қарши ҳукм чиқарди. Албатта, тадбиркор шу билан чекланиб қолмади. Тошкент вилояти Маъмурий ишлар бўйича судидан умидвор бўлди.photo_2019-08-19_10-40-51.jpgШу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоиз. Тошкент вилояти Маъмурий ишлар бўйича судида биз ҳам бевосита иштирок этдик. Афсуски, ушбу суд жараёнида охирги вақтлдарда суд тизимида кўплаб ислоҳотлар бўлишига қарамай, баъзи бир судьялар ҳали-ҳануз эски ҳаммом эски тос усулидан воз кечмаганига гувоҳ бўлдик. Сўзимизни асослашга ҳаракат қиламиз.

Шу ерда айтиб ўтиш лозимки, Тошкент вилояти Қибрай тумани Маъмурий ишлар бўйича судига ижара шартномасида кўрсатиб ўтилган “Садок” яъни, 1500 дона “Қафас” ўрнатиш лойиҳаси бўйича “Aqua-Tudakul” МЧЖ шаклидаги ЎЗБЕК-АМЕРИКА қўшма корхонаси ижрочи директори Ш.Ш. Жамолов томонидан ушбу “Садок” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан лойиҳа мақсадга мувофик эмаслиги ҳакида илмий ва кўп йиллик тажрибага асосланган маълумотлар келтириб ўтилганлигига қарамасдан, бу борада Тошкент вилояти Қибрай тумани Маъмурий ишлар бўйича судининг ҳал қилув карорида тадбиркор томонидан келтирилган маълумотлари умуман акс эттирилмаган. Хар иккала инстанцияда булиб утган суд мажлислари ҳакида куйидаги фикларни билдирсак бўлади:

Биринчидан, ўзи очиқ суд, лекин бизга суд жараёнини аудио ёки видеога ёзиб олишга рухсат бермади. Ваҳоланки, бундай қилишга судьяларда бирор бир асос йўқ эди. Ҳар ҳолда ҳозир гап очиқлик сиёсати ҳақида гап кетаяпти.

Иккинчидан, ушбу судда асосан “Ўзбекбалиқсаноат”га кўпроқ ён босилгани кундай равшан бўлди. Уларнинг барча талаби судьлар томонидан қондирилди-ю, аммо “Aqua-Tudakul” МЧЖнинг деярли бирорта ҳам талаби бажарилмади.

Учинчидан, мазкур иш шунчаки палапартишликда, юзаки, тадбиркорнинг эътирозларини инобатга олмасдан, унинг адвокати томонидан келтирилган ҳужжатларни синчиклаб ўрганмасдан бирёқлама кўриб чиқилди. Ҳар ҳолда бизга шундай туюлди. Тағин ким билсин?

Кўряпсизми, давлат раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишларида тадбикорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига қаршилик қилиш, давлат сиёсатига қарши чиқиш билан баробар эканлигини, битта бўлса-да хорижий инвестор жалб қилган тадбиркорни бошига кўтаришни айтиб турган айни бир пайтда, Тошкент вилояти Маъмурий ишлар бўйича судининг баъзи бир судьялари тадбиркорлар билан боғлиқ ишлар қандай муносабатда бўляпти?

Суд жараёни тугагач, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасидан мазкур масала юзасидан икки оғиз изоҳ сўрадик. Лекин улар юқоридаги раҳбарларнинг рухсатисиз бизга ҳеч нарса айта олмаслигини айтишдан нарига ўтмади. 

“Ҳокимликнинг бу ишларга сира алоқаси йўқ”

Орадан кўп ўтмай, “Aqua-Tudakul” МЧЖнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий вилоятига бордик. Ҳақиқатан ҳам тадбиркор куюнганича бор экан. “Тўдакўл” сув омборида анча ишлар қилинган. Умуман олганда, бир тадбиркор бўлса, шунчалик бўлар. Йўл-йўлакай Навоий вилояти ҳокимлигига ҳам бордик. Навоий вилояти ҳокими Қишлоқ хужалиги бўйича ўринбосари С.Т. Истамовнинг айтишича, тадбиркорнинг фаолияти бу тарзда якун топишига ҳокимликнинг мутлақо алоқаси йўқ эмиш. Ҳамма ишни “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси амалга оширган.

Шу ўринда ҳокимликка ҳам баъзи бир эътирозларимиз бор. Наҳотки ҳокимлик ўз ҳудудида 2004 йилдан буён фаолият юритиб келаётган тадбиркорни ҳимоя қила олмайди. Дўппи тор келганда “Бизнинг бу ишларга мутлақо алоқамиз йўқ”, деб ўзини четга олишга ҳаққи бормиди? Ахир, шу тадбиркор озми кўпми мамлакатимизда балиқчилик саноати ривожланишга ҳисса қўшган-ку! 

“Илтимос, секинроқ гапиринг, ёзиб олай”

Сезиб турганинигиздек мазкур масалада калаванинг бир учи “Ўзбекбалиқсаноат”га тегиб турибди. Шу боис “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасидан мазкур масалага ойдинлик киритиш учун интервью беришни сўрадик. Узоқ оворагарчиликдан сўнг ниҳоят, улар розилик берди. Бироқ...

Денгизни кўрмай, этик ечибмиз. Эрта қувонибмиз. Оғзимиз ошга етганда, тарвузимиз қўлтиғимиздан тушди. Улар биз билан шунчаки оғзаки суҳбатлашишни маъқул кўришди. Ҳа, майли йўқдан кўра, шунисига ҳам шукр, дея қуйидаги саволлар билан уларга мурожаат қилдик.

1. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг вазифа ва мақсадлари ҳақида гапириб берсангиз?

2. Тўдакўл сув хавзасини “Aqua-Тўдакўл” МЧЖга ижарага бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилишга нима сабаб бўлди?

3. “Aqua-Тўдакўл” МЧЖнинг Таъсисчилари таркибида АҚШ инвестицияси мавжудлигидан Уюшма хабардор бўлганми?

4. Республиканинг инвестицион имиджига салбий таъсир этиши мумкинлигига уюшма қандай қарайди?

5. “Aqua-Тўдакўл” билан шартномани бекор бўлишининг иқтисодий оқибатлари Уюшма томонидан таҳлил қилинганми?

6. Маълум бўлишича, шартнома бекор бўлгунга қадар кўлда “Aqua-Тўдакўл” МЧЖнинг умумий қиймати 5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мулки, яъни кўлдаги тайёр балиқ маҳсулотлари кўл ҳудудида бўлган. Уюшма шуларнинг тақдири билан қизиққанми?

7. “Aqua-Тўдакўл” МЧЖ томонидан бажарилмаган ва шартномани бекор бўлишига олиб келган шартлар нималардан иборат эди?

8. Амалиётда шу шартларни (шартлар нима эканлигини Уюшма айтгандан кейин ўша шартни ўзи айтилади) бажариш учун қанча вақт ва маблағ талаб этилиши ҳақида маълумотларга эгамисиз?

9. Шартномани бекор қилмасдан туриб, “Aqua-Тўдакўл” МЧЖга имконият берилса, шартнома шартларини бажариши мумкинмиди?

10. Бугунги кунда кўлдан фойдаланиб келаётган тадбиркор “Aqua-Тўдакўл” МЧЖ бажара олмаган шартларни қай даражада бажаряпти, деб айта оласиз?

Аммо биз томондан берилган ушбу саволларга умумий изоҳ берилди, холос. Тадбиркор шартномани қўпол равишда бузган, деган жавобдан бошқа жўяли гап эшитмадик. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Руҳилла Қурбоновнинг айтишига қараганда, тадбиркор бир неча маротаба икки томонлама тузилган шартноманинг бир нечта бандларини қўпол равишда бузиб келган. Уюшма томонидан бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамай, ўз мажбуриятларини бажармаган. Шундан сўнг тадбиркор ва уюшма ўртасида тузилган шартнома уюшма томонидан бир томонлама бекор қилинган ва “Тўдакўл” сув омбори бошқа тадбиркорга берилган. 

“Сиз билан Олий судда гаплашамиз”

Кўриб турганингиздек, ҳар икки томон ҳам ўзини ҳақ деб айтяпти. Лекин, шу ўринда бизнинг “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига бир-иккита эътирозларимиз бор. Борди-ю улар ҳақиқатан ҳам мазкур масалада ҳеч қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмаган бўлса, нима учун бизга расмий равишда интервью ёки видеоинтервью қилишимизга розилик бермади? Улар нимадан бу қадар хавотирланишяпти? Ёки бу ерда биз билмайдиган бирор бир сир борми? Ахир, ўзбек халқида ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, деган нақл бор.

Шу кунларда “Aqua-Tudakul” МЧЖ раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат йўллаган. Мазкур ишни Олий суд одилона кўриб чиқишига, ҳақиқат қарор топишига ишонгимиз келади.


Мавзуга оид