Суриштирув 550 14.08.2019 17:27:34

Жиззах вилояти Электр таъминоти корхонаси найранглари фош бўлмоқда

Жиззах вилояти Электр таъминоти корхонаси найранглари фош бўлмоқда

Ота- боболаримиздан қолган бир нақл бор “Кўмирни ўғирлаган темирчи, балога қолган кўмирчи... ”. Бугун жамиятимизда содир бўлаётган айрим воқеаларни кузата туриб, баъзи мутасаддиларнинг айбдорлиги сабаб тўқмоқ оддий халқнинг бошида синаётганига гувоҳ бўласан киши. Бир қанча вилоятларнинг Электр таъминоти корхоналари томонидан аҳолига қўйилаётган нореал қарздорликлар ҳақида хабар бериб турибмиз.

 Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушаётган мурожаатларда ҳам ҳар ой тўловларни ўз вақтида қилиб, яна қарздор деган номга қолаётган юртдошларимизнинг дардлари, оғриқлари, ечим топмаётган муаммолари кўзга ташланади. 

Охирги вақтларда Жиззах вилояти Электр таъминоти корхонаси томонидан қўйилаётган ёлғон қарздорликлардан норозилар сони ортиб бормоқда. Келинг, сиз ҳам улар билан танишинг.   

Икки юз қирқ уч миллион сўм ёлғон қарздорлик аниқланди!

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб тушган баъзи мурожаатларни кузатиб, шундай бўлиши ҳам мумкинми, деган савол туғилади. Сабаби баъзи бир асоссиз қарздорликлар ишониб бўлмас даражада қўйиладики, инсон беҳос ҳайратдан ёқа ушлайди. Жиззах вилоятида бўлган воқеани кўзата туриб, вилоят электр таъминоти корхонаси раҳбарлари юртбошимиз таъбири билан айтганда, “ердан оёғи узилган раҳбарларданми?!” дея, ўйлаб қоласан киши. Акс ҳолда, Жиззах шаҳар “Зилол” маҳалласида яшовчи Севара Абдуллаева хонадонига ўз-ўзидан асоссиз равишда 243 847 148 сўм қарздоликни илиб қўйишадими?

Федерацияга мурожаат қилган Севара Абдуллаева унинг номига ёзилган бу қарздорлик умуман ёлғон эканлигини, холатга аниқлик киритишни сўраган. Мутасаддилар барча ҳужжатларни ўрганиб, қайта ҳисоб-китоб қилар экан, ушбу қарздорлик нореал деб топилди. Энг қизиғи С. Абдуллаева электр энергияси учун олдиндан 214 947 сўм ортиғи билан тўлов қилган экан. Бу воқеани ҳазм қилиб улгурмасимидан аввал Жиззахдан яна шундай холатлар кузатилди.

Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи Х.Саидмуродов ҳар ой нафақа пулидан электр энергияси учун тўловларни амалга ошириб келган. Шундай бўлса-да, МИБ туман бўлими орқали келган хабарномада электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан унга 2 миллион сўм қарздорлик ҳисобланган. Ноиложликда қолган Х.Саидмуродов федерациясига мурожаат қилади. Федерация ходимлари иштирокида Х. Саидмуродовнинг нафақа пулидан ойма- ой тўлаб борган тўлов қоғозлари текширилиб, қайта ҳисоб-китоб қилинди. Нафақадаги бу истеъмолчининг ҳеч қандай қарзи йўқлиги аниқланди.

Ишониб бўлмас қарздорлик...

Ҳайратларимизга сабаб бўлган яна бир воқеа Жиззах шаҳрида кузатилди. Федерацияга мурожаат қилган Х. Санақулов яшаш хонадонига Жиззах шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан электр энергияси учун 269 000 000 сўм қарздолик борлиги тўғрисида маълумот келганлиги, бироқ бу қарздорлик ассосиз эканлигини билдирган. Федерация ходимлари ҳужжатларни ўрганиб, қайта ҳисоб-китоб қилганда бу қарздорлик тўғрисидаги маълумот умуман ёлғон эканлиги маълум бўлди. Аксинча, фуқаро электр энергияси учун 74 000 сўм ортиғи билан тўлов қилгани аниқланди. 

Ҳар қандай инсон бундай кўзбўямачиликлар қўрбонига айланиши мумкин. Шу ўринда мушоҳада қилсак, юқорида хонадонларга қўйилаётган миллионлаб нореал қарздорликлар қаердан келмоқда? Вилоятнинг туманларга тарқатадиган электр энергияси миқдори аниқ бўлса, электр ҳисоблагичлар ҳар бир хонадонни қанча электр токи ишлатаётганини ҳисоблаб берса... саволлар кўп. 

Жавоблар эса доимгидек аниқликдан йироқ. Ўзбекнинг ўзи содда деганларидек, айрим юртдошларимиз ёлғондан уларнинг гарданига юкланган қарзни тўлаб ҳам юборишади. Бундай соддаликлардан фойдаланадиган ва фойдаланаётган Жиззах Электр таъминоти вакиллари бошқаларга миллионлаб қарздорликларни кўз юммай юклашмоқа. 

Энг қизиғи бу хонадонларда яшаётган инсонлар истиқомат қилаётган уйларини сотишса ҳам тўлаб бўлмайдиган ёлғон қарздорликка қандай жим туришади. “Ноинсофга эрк берсанг, элни талар” дейишганидек, элни талон- тарож қилиб, йиллик қарзларни ёпишга ҳаракат қилаётган Жиззах вилояти Электр таъминоти корхонаси йиллар давомида эскирган симёғоч-у, электр токи ўтган тизимларни янгилашса, чиндан электр энергиясини умараётган ўғриларни аниқлашса, биз юқорида келтирган ишониб бўлмас даражадаги қарздорликларга чек қўйилар балки?! Барча муаммоларга кўз юмаверсак, ислоҳотларга қарши бўлиб, ривожланишдан, яхши яшашга бўлган интилишдан ортда қолаверамиз.

P/S: Бизни кузатишда давом этинг, навбатдаги мақолаларимизда Жиззах вилояти Электр таъминоти томонидан фуқароларга қўйилган миллиардлаб нореал қарздорликлар ҳақида ёзамиз.

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси матбуот хизмати


Мавзуга оид