Суриштирув 418 03.08.2019 10:07:19

"Юксалаётган Марғилон"га Human.uz жавоби

"Юксалаётган Марғилон"га Human.uz жавоби

Бундан бир неча кун илгари сайтимизга Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, Аҳмад Яссавий кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Олимжон Абдураззоқов қўнғироқ қилиб, уй-жойи ноқонуний равишда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан бузиб ташлангани хусусида хабар берди. Мазкур масалада амалий ёрдам беришимизни сўраб мурожаат қилди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида айтилган манзилга бордик. Хонадон эгаси билан суҳбатлашдик. Ҳодисани ўз кўзимиз билан кўриб, видеоинтервю тайёрладик ва сайтда “Қилғиликни қилган ҳокиму балога қолган халқ ёхуд Фарғона вилояти мутасаддиларининг аҳоли билан иши йўқми?” номли мақола эълон қилдик.

Орадан бироз вақт ўтгач, таҳририятимизга Марғилон шаҳар ҳокимлигидан мазкур масала юзасидан видеолавҳа келди.

“Юксалаётган Марғилон” сарлавҳали видеолавҳада айтилишича, гўёки Марғилон шаҳар, Аҳмад Яссавий кўчасидаги уй-жойларнинг бузилишига аҳоли зинҳор қаршилик кўрсатмаган. Аксинча, улар маҳалласи, уй-жойи ҳозирги замон талаблари асосида қайтадан бунёд этилаётганидан фахрланишини билдирган.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан бузилган уй-жойларнинг пуллари тўлаб берилган. Давлат мулкига ўтган аҳолининг ер учаскалари ўрнига бошқа ҳудуддан ер ажратилган. Хуллас, барча ҳаракатлар қонуний тартибда амалга оширилган. Маҳалла раисининг иддао қилишича, хорижий нашрлар бир-иккита одамларнинг гапига кириб, воқеани батафсил ўрганмасдан, унга нохолис ёндашган. Ходисани бир томонлама бўрттириб кўрсатган, яъни шунчаки пашшадан фил ясаган. Аммо... аслида ҳам шундаймиди?

Келинг, яхшиси, муддаога ўтамиз.

Аввало таҳририятимиз орқали эълон қилинган видеоинтервьюга ўзларининг қимматли вақтини ажратиб, раддия видеоинтервью тайёрлаган Марғилон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига алоҳида миннатдорлик изҳор қиламиз-да, уларнинг бизга қарата йўллаган лавҳасига ўз эътирозларимизни баён этамиз.

Биринчидан, биз хорижий нашр ёки сайт эмасмиз. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, қолаверса, шахсан давлат раҳбарининг тегишли қарорларига биноан, қонуний тартибда рўйхатдан ўтган ва айнан Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган мустақил сайтмиз. Афсуски, Марғилон ҳокимлиги мутасаддилари бизга жавоб йўллашга шунчалик шошган чоғи, ҳатто, бизнинг қайси сайт ёки қаерда фаолият юритишимизни суриштириб кўрмаган ва оқибатда қовун тушириб қўйган.
Amerika.00_00_13_05.Still002.jpg Иккинчидан, хеч бир ўзини ҳурмат қилган сайт, таҳририят ёки журналист бировнинг уйига бостириб бориб, йўқ жойдан муаммо ясамайди. Унга бунинг зиғирча ҳам кераги йўқ. Шундоқ ҳам унинг бошқа қиладиган ишлари кўп. Шўринг қурғур журналист бечоранинг битта-ю битта айби шуки, бир мурожаатчининг мурожаатига лаббай деган ва унинг муаммосига шунчаки кўз юмолмаган, холос.

Учинчидан, сайтимиз орқали эълон қилинган лавҳада фақат Ойбек Абдураззоқов билан боғлиқ муаммолардан ташқари, яна бир фуқаро Солижон Мамажоновнинг ҳам айнан снос туфайли бошига тушган — бузилган уй-жойи учун 108 миллион сўм товон пули тўланиши керак бўлган аммо, 78 миллион сўмгина тўлаб берилгани, бузилган уйлар ўрнига икки қаватли уй қуриш кераклиги ҳақида ҳокимлик томонидан буюруқ берилгани хусусида ҳам сўз борган эди. Таассуфки, марғилонлик мутасаддилар лавҳамизнинг шу жойини эътибордан четда қолдирган ёки шунчаки унутишган. Борди-ю улар ҳақ биз ноҳақ бўлсак, нима учун мутасаддилар масаланинг бу томонларини эътиборга олишмади? Нега айнан шу фуқароларнинг ўзларидан мазкур масала юзасидан одилона фикр сўрашмаган? Нима учун ҳурматли мутасадди жаноблар айнан улар томонидан жабр кўрган аҳолига микрафон тутиш ўрнига битта-иккита фуқарони ушлаб, муаммони ҳаспўшлаган. Бундан уларга нима наф? Ахир,бундай кўзбўямачилик қилгани билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди-ку! Аслида, улар раддия эълон қилгунча, уйи бузилганидан норози бўлиб, бизга мурожаат йўллаганларнинг розилигини олса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?

Тўртинчидан, Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан тайёрланган лавҳа сўнггида давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтириб, гўёки ўзларини тўғри йўлда эканликларини, Марғилонда “буза-буз”лар эмас балки, бунёдкорлик ишлари авжида эканини, барча ислоҳотлар халқнинг эртанги келажаги йўлида қилинаётганини айтибди. Аммо, лекин, бироқ, ҳурматли марғилонлик мутасаддилар мана шу жойда бироз муболағага берилиб, гўёки ўз қилмишларини давлат раҳбарининг гаплари билан оқлаган.

Шу ўринда шу мутасаддиларга бир саволимиз бор: Ҳурматли мутасаддилар! Ким бўлишингиздан қатъи назар, қачонгача Президент гапларини иқтибос қилиб, ўз айбингизни ҳаспўшлашда давом этмоқчисиз? Давлат раҳбари қаердаки, нимаки деётган бўлса, барча саъй-ҳаракатларининг тагзамирида аввало инсон тақдири, уларнинг давлатдан, бугунги ислоҳотлардан рози қилиш кераклигини айтмаяптими?!. Жойлардаги ҳар бир учрашувларида халқ узоқ келажакда эмас, балки бугун бахтли яшаши керак, деган гапларни бот-бот қайтармаяптими?!

Шундай экан, қилғиликни қилиб қўйиб, давлат раҳбарини ортига яширинишни бас қилинг-да, ўзингиз пиширган ошни ўзингиз ичинг. Халқнинг уйини бузиб, йўл, бино, кўприк қурмоқчимисиз, марҳамат, амалдаги қонунларга кўра иш тутинг! Халқнинг розилигини олинг! Зеро, бир нарсани ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг: халқ бор бўлгани учун ҳокимсиз! Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, халқ хизматкорисиз! 


Мавзуга оид